Жамият | 20:40 / 19.12.2019
38361
12 дақиқада ўқилади

Номида «давлат» сўзи бор нодавлат ташкилот. Унга Ургутдаги маҳалла аҳлидан пул йиғишга ким изн берди?

Kun.uz сайтида аввалроқ «Турли текширувчилар учун одамлар «соғин сигир»ми? Ургутдаги уч воқеа» сарлавҳаси остидаги мақолада ўз хизматларини ихтиёрий тарзда тақдим этиши лозим бўлган турли корхона ва ташкилотларнинг Ургут туманидаги аҳолига ўз хизматини мажбуран тиқиштираётгани ва пул йиғаётганини ёритилган эди.

Ўша воқеалар юзасидан Ургут туманида суриштирув ўтказиб юрганимизда яна бир ўхшаш воқеага дуч келдикки, буниси энди халқ таъбири билан айтганда «куракда ҳам турмайди». Шу сабабли воқеага алоҳида тўхталишга қарор қилдик.

Ургут туманидаги «Қўйигузар» МФЙда «Электр тармоқлари ва монтаж» МЧЖ ходимларининг мажбурий пул ундириб юргани ҳақида суриштириб юрганимизда шу маҳалла масъули «айтганча, бундан уч-тўрт кун олдин мана булар ҳам келган эди», деб бир қоғозни кўрсатди.

Қоғозни кўриб ҳайрон қолдик. Унинг тепасига «Давлат ёнғин хавфсизлиги» МЧЖ деб ёзиб қўйилган эди. «Давлат ёнғин хавфсизлиги» ёки «Ёнғин хавфсизлиги» дейилганда одамларнинг хаёлига энг биринчи, аввал ИИВ таркибида, ҳозир эса ФВВ таркибига ўтказилган Давлат Ёнғин хавфсизлиги хизматининг ҳудудлардаги бўлим ёки бошқармалари келади.

Дарров буни қандай рўйхатдан ўтказишган, деган ўй келди. Қоғозга қаралса, бу МЧЖ Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани ДХМ томонидан 2018 йил 21 декабрда рўйхатга олинган.

«Балки Ургут туман Ёнғин хавфсизлиги бўлими»нинг бу корхона фаолиятидан хабари бордир», деган ўй билан шу ташкилотга бордик.

Унинг раҳбари бизга Ёнғин хавфсизлиги бўлимининг бундай хусусий корхоналар фаолиятига аралашишга мутлақо ҳаққи йўқлигини билдирди.

«Мана, кеча шу корхона хизмат кўрсатган маҳаллалардан бирида яшовчи бир отахон «оғилим ёниб кетди, пулини қачон тўлайсизлар?» деб ўзига берилган шартнома қоғозларини олиб келди. Унга бу шартномани бизнинг идора ходимлари бермаганини тушунтирдик», деди у.

Шартномада манзили кўрсатилган «Ғиждувон» МФЙда яшовчи фуқаронинг хонадонига ҳам бордик. Бир неча қўшни ҳам ўша ерда экан. Улардан ушбу МЧЖ ходимлари нима деб келгани ҳақида суриштирдик. Маҳалла аҳлининг айтишича, бу корхона ходимларнинг биттаси Ички ишлар органлари ходимлари киядиган дала формасига ўхшаш камуфляж формада, қолганлари ҳам махсус кийимларда бўлган. Улар хонадонларга кириб табиий офатлар ва ёнғиндан суғурта қилиб юришгани, умумий тўлов 48 минг сўм бўлишини айтишган.

«Агар ҳозир тўламасанглар, мен «бош тортди», деб ҳужжатлаштираман, кейин бир неча миллион жарима тўлайсизлар», деб ҳам дағдаға қилишган.

Суриштирувдан маълум бўлдики, ўша корхона вакиллари бутун маҳаллада қарийб ҳамманикига кириб, тўлов ундирган.

«Биз улар хусусий корхона ходимлари эканини билганимиз ҳам йўқ. Улар келиб қўлимизга шартнома қоғозларини бериб кетганидан икки кун ўтиб оғилим ёниб кетди. Ёнғин хавфсизлиги ходимлари вақтида келиб ўчиришди, уларга раҳмат, ёнғин уй-жойимга ўтмади. Шундан сўнг мен ўша шартнома қоғозларини кўтариб Ургут туман Ёнғин хавфсизлиги бўлимига бориб, бошлиғининг олдига кирдим ва шартнома қоғозни кўрсатиб «зарар бўйича менга қачон тўлов қиласизлар дедим». Бошлиқ ҳайрон! Маълум бўлдики, маҳалламизга келиб биздан мажбурий тарзда шартнома қилиб пул йиғиб кетганлар туман Ёнғин хавфсизлиги ходимлари эмас, балки хусусий корхона ходимлари экан», — дейди Шарофиддин бобо Амиров.

Номи давлат органи номига жуда ўхшаш бўлган бу корхонани ким, нега рўйхатдан ўтказгани албатта қизиқ эди, бу ҳақида ҳам кичик суриштирув ўтказдик.

Корхона маҳалла раисларига тақдим этаётган қоғозда у Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани ДХМ томонидан рўйхатга олингани ёзилган.

Тадбиркорлар ўз корхонасига танлаётган номнинг бошқалар танлаган номга ёки давлат органлари номига ҳамоҳанг бўлмаслигини статистика бошқармаси тасдиқлаши ҳақида эшитган эдик. Шунинг учун дастлаб Статистика қўмитасининг матбуот хизмати билан боғландик.

Қўмита ахборот хизмати бошлиғи У.Абдурасуловнинг маълум қилишича, 2017 йил 1 апрелгача бу иш билан Статистика қўмитаси шуғулланган, сўнг бу ваколат Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарорига мувофиқ Давлат хизматлари марказига ўтказилган.

Ушбу МЧЖни рўйхатдан ўтказган Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани ДХМга мурожаат қилдик.

ДХМ бўлим бошлиғи Б.Собиржонов берган маълумотга кўра, «Давлат ёнғин хавфсизлиги» МЧЖ корхонаси 2018 йил 21 декабрда ДХМ биносида №658127 реестр рақами билан рўйхатга олинган. Орадан бир ҳафта ўтиб, 2018 йил 27 декабрь санасида улар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармасидан Фарғона вилоятида жойлашган барча давлат хизматлари марказларига жўнатилган «2006 йил 18 сентябрда эълон қилинган «Фирма номлари тўғрисидаги» қонунга қатъий амал қилиш ҳақидаги талабномани олишган. 28 декабрь куни Ўзбекистон туман ДХМ ушбу МЧЖ раҳбариятига МЧЖ номи «давлат органи номи билан бир хил бўлиб қолгани туфайли уни ўзгартириш»ни сўраб хат билан чиққан, аммо МЧЖ раҳбарияти ушбу хатни эътиборсиз қолдирган.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон тумани ДХМ ушбу МЧЖ раҳбариятига бир неча бор оғзаки огоҳлантириш берган, аммо МЧЖ раҳбарияти ўша огоҳлантиришларни ҳам эътиборсиз қолдириб, ҳануз номини ўзгартирмай келяпти.

Ушбу корхона Ургут туманида фаолият олиб бориши нечоғлик қонунийлигини аниқлаш юзасидан Ургут тумани ҳокими ўринбосари У.Ўроқов ҳузурида бўлдик. У 2018 йил декабрь ойида Ургут шаҳрида кетма-кет иккита ёнғин содир бўлгани, бу ҳодисаларда жами 7 киши фожиали тарзда ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни келтирди. Ўша пайтда бир нечта хусусий корхонага туман хонадонларидаги электр жиҳозлар, газ плиткалари ва печка мўриларини кўрикдан ўтказиш учун рухсат берилган. Аммо рухсат берилаётган пайтда уларнинг ҳар бирига хизмат кўрсатиш пайтида ўз хизматини аҳолига ихтиёрий тарзда кўрсатиш талаби қўйилган ва тушунтирилган.

Унинг қўшимча қилишича, аксарият корхоналар бугунги кунда ўтган йил бошида берилган рухсат билан туманда фаолият олиб боряпти ва йил охирида уларга берилган рухсатнома муддати тугагунча яна «пул ишлаб қолиш» илинжида бўляпти. Айнан «Давлат ёнғин хавфсизлиги» МЧЖнинг 2020 йил учун аҳолига берган шартномаларини кўриб, Ўроқов уларнинг рухсатномаси декабрь ойида тугашини айтди ва уларнинг Ургут туман аҳолиси билан 2020 йилнинг сентябрь ойигача шартнома тузганини кўриб ҳайрон қолди.

Ушбу МЧЖ ходимлари Ургут туманида «Табиий офатлар» йўналиши бўйича ишлашган ва кетма-кетликда 2019 йил 19 сентябрдан, 2020 йил 19 сентябргача бўлган бир йиллик муддатни тўрт кварталга бўлиб, «Ғиждувон» МФЙ фуқароларига жами тўртта шартнома қоғози беришган ва уларнинг ҳар бири учун 12 минг сўмдан, жами 48 минг сўм ундиришган.

Яна изоҳ олиш мақсадида шартнома қоғозида кўрсатилган корхонага тегишли рақамга қўнғироқ қилдик. Саволларимизга ушбу МЧЖ раҳбарининг ўринбосари жавоб берди.

Унинг айтишича, ушбу корхона Ургут туманида ёздан бери ишлаяпти. У корхонанинг мақсади ғирром йўл билан пул йиғиш эмас, балки аҳолининг оғирини енгил қилиш эканини таъкидлаб, ушбу корхона оёққа тургунча бўлган қийинчиликлар ҳақида гапириб берди.

Унга нега МЧЖ номи давлат ташкилоти номига ўхшаб қолгани, шунингдек Ургут туман «Ғиждувон» МФЙда МЧЖ ходимлари томонидан аҳолидан мажбурлаб пул йиғилгани ҳақида савол берганимизда, у «биз ном танлашдаги қонун-қоидаларни билмаганмиз. Ном танлаб борганимизда Ўзбекистон тумани ДХМ рўйхатга олаверган. Бу учун биз айбдормасмиз-ку?» дея жавоб қайтарди.

Ўзбекистон тумани ДХМнинг МЧЖ номига юборилган 2018 йил 28 декабрдаги номни ўзгартириш ҳақидаги сўров хати нега эътиборсиз қолдирилганини сўрадик. У сўров хатини олмаганини билдирди, шу билан биргаликда оғзаки сўров бўлганини тан олди ҳамда МЧЖ номини ўзгартиришга вақти бўлмаганини айтди.

Ургут туман «Ғиждувон» МФЙда бўлиб ўтган ишлар ҳақида эса «Мен ходимларимга ишонаман, улар ҳеч кимни мажбурлашмайди», дея жавоб берди. Қисқаси, ходимлари орасида бир-икки киши қайсидир маҳаллада ўз хизмат вазифасини бажараётганида хатога йўл қўйган бўлиши мумкинлигини, аммо бу дегани улар ҳамма жойда ҳам хатога йўл қўйиб ишламаслиги ва у ходимларига жуда ишониши, аммо, албатта бу иш юзасидан суриштирув олиб боришини ва айбдор ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилишини билдирди.

Шунингдек, у ўз ходимлари ёнғинга қарши хизмат кўрсатмаслиги, МЧЖнинг номи «Давлат ёнғин хавфсизлиги» деб аталгани билан ҳозирча табиий офатлар йўналишида ишлаётганини билдирди.

Шу ўринда бир жиҳат ҳеч «ёпишмаяпти»: ургутлик ёши 70дан ошган чол, унинг 5-6 нафар маҳалладоши, қўшнилари айнан бу фирма табиий офатлар билан бирга ёнғинга қарши ҳам шартнома тузганини таъкидлаяпти. МЧЖдагилар номи «Давлат ёнғин хавфсизлиги» МЧЖ бўлса ҳам ҳозирча фақат аҳоли билан табиий офатлар бўйича шартнома имзолаётганини айтаяпти. Берилган шартномаларда ҳам гап асосан «табиий офатлар»дан кетади ва табиий офат юз бериб кимнингдир хонадонига зарар етса корхона ЭКИҲнинг 4 (тўрт) баравари миқдорида товон пули тўлаши ҳақида ёзилган.

Маълум бўлишича, бу корхона вакиллари Ургут туманида сентябрь ойидан бери ҳар ой 4-5та маҳаллага бориб аҳолига шартнома тарқатишган ва шу пайтгача бирорта маҳалладан шикоят тушмаган.

Лекин, бир савол барибир очиқ қоляпти: бугун маҳаллаларга бориб «мен фалон хизмат кўрсатаман, тўлови фалон пул бўлади», дейилса одамлар «бош устига, мана, сизга 48 минг сўм, келинг шартнома тузамиз» дейдиган даражада аҳмоқ эмас. Боз устига, Ургут туманининг бир қисми тоғли ҳудуд бўлса ҳам ишлар тўғри ташкил этилгани учун бу ерда унча-бунчага табиий офатлар юз бермайди. Шундай экан, одамларнинг ихтиёрий тарзда 48 минг сўм пулни индамай бериб юбориши ҳам бироз шубҳали эмасми?

Яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш шарт. Бугун қишлоқ ҳудудларида одамларда ҳуқуқий саводхонлик паст. Уйига «мен фалон корхонаданман, фалон нарсага пул тўлашингиз керак», деб чақириб келган одамга «ҳужжатинг қани», «қандай асосга кўра мен мажбурий пул тўлашим лозим?» деб суриштиришмайди.

Шу саволни «Ғиждувон» МФЙ аҳолисига бердик. «Биз уларни ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари, деб ўйладик, қолаверса ҳар икки гапидан бирида «президентнинг фармони бор, ҳукуматнинг қарори бор», деб турибди. Янги фармон ва қарор чиқибди-да, деб ўйладик. Устига форма ҳам кийиб олган», деб жавоб беришди.

Сўзимиз охирида фуқароларимизга мурожаат қилиб айтамиз: уйингиз эшигини тақиллатиб бораётган ҳар қандай бегона шахснинг кимлиги билан албатта қизиқинг, исм-фамилиясини, корхонасининг номини эринмасдан ёзиб олинг. Ниманидир мажбурий тиқиштирса, албатта асос сўранг. Қолаверса, бугун ваколатли органларнинг барчасида ишонч телефонлари бор, уларга телефон қилинг. Лекин асло алданиб қолманг!

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири

Ғайрат Йўлдош, блогер.

Мавзуга оид