Талабалар билан қувноқ учрашув ва император саройидаги қабуллар — Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи қандай ўтмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 декабрдан Японияга давлат ташрифини бошлади. Ташрифни Нагоядан бошлаган президент 18 декабрь куни Токиода кўплаб учрашувлар ўтказди.
Шу ўринда Япония ва Ўзбекистоннинг алоқалари доим яхши бўлганини таъкидлаш керак. Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган кунчиқар юрт билан 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилган ва улар ҳамон давом этмоқда.
Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни тонгда расмий учрашувларни бошлади. Дастлабки учрашув Аичи префектураси губернатори Хидэки Омура билан ўтказилди. Япониянинг машҳур илм-фан маркази ҳисобланган Нагоя айнан Аичи префектураси маркази ҳисобланади. Учрашув давомида Тошкент вилояти Аичи префектурасининг шериги этиб белгиланди. Шунингдек, Хидэки Омура билан учрашувда Аичидан Тошкентга тўғридан-тўғри рейс йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқиш келишиб олинди.
Навбатдаги учрашув Нагоя шаҳри мэри Такаси Кавамура билан ўтказилди. Шавкат Мирзиёев жаноб Такаси Кавамурани бир ҳафтада иккинчи марта қабул қилди. Олдинги учрашув 12 декабрь куни Тошкентда ўтказилганди, бу галгиси эса Нагояда бўлиб ўтди. Бу учрашув давомида Тошкентда Нагоя юқори технологиялар паркини қуриш лойиҳаси муҳокама қилингани аҳамиятли. Учрашув сўнгида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Нагоя мэрияси ўртасида битим имзоланди.
«Сизларни Ўзбекистонда кутаман» — 6 нафар Нобель мукофоти совриндорини тарбиялаган олийгоҳдаги учрашув
Ташриф доирасидаги яна бир муҳим учрашув дунёга машҳур Нагоя университетида бўлиб ўтди. Дунё илм-фанига 6 нафар физика ва кимё бўйича Нобель мукофоти совриндорларини етказиб берган бу олийгоҳда айни дамда 16 минг талаба ўқийди. Улардан 2,6 минг нафари хорижлик, хусусан 30 нафари ўзбекистонлик. Ҳозирга қадар бу олийгоҳда 400дан ортиқ ўзбекистонлик талаба ва тадқиқотчилар таҳсил олган.
Шавкат Мирзиёев Нагоя университетида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар билан ҳам учрашди. Ижтимоий тармоқларда президентнинг талабалар билан учрашуви тасвирланган норасмий лавҳа тарқалди. Бу қувноқ лавҳада Шавкат Мирзиёев талабалар билан гаплашган: «Раҳмат, сизлар билан кўришганимдан хурсандман, Ўзбекистонда кутамиз сизларни. Яхши илм, Япония тажрибасини ўрганиб қайтсанглар, ҳозирги ислоҳотларни сизлар билан бирга амалга оширамиз»,— деган президент ўзбекистонлик талабаларга.
Шавкат Мирзиёев — Нагоя университетининг фахрий доктори
Нагоя университетидаги учрашув доирасида Шавкат Мирзиёевга бу олийгоҳнинг фахрий доктори унвонини бериш маросими ҳам ўтказилди. Университет раҳбарлари, Нобель мукофоти совриндорлари ва ўзбекистонлик талабалар иштирок этган тадбирда Шавкат Мирзиёевга Нагоя университети фахрий доктори унвони тантанали тарзда топширилди: «Бу унвонни, мен аввало Ўзбекистон халқига кўрсатилган эҳтиром ифодаси, деб қабул қиламан ва бунинг учун Нагоя университети раҳбариятига, унинг илмий жамоасига чуқур миннатдорчилик билдираман»,— деди президент мукофотни қабул қилар экан. Шунингдек Шавкат Мирзиёев мукофотни қабул қилиб олиш маросимида япон ва ўзбек халқларини ўхшаш миллий ва ахлоқий қадриятлар билан бирга илм-фан, тафаккурга, камолотга доимо интилиб яшаш каби эзгу фазилатлар бирлаштириб туришини айтди.
Нагоя университетининг бу фахрий унвони Шавкат Мирзиёевга илм-фан соҳасида қилган ишлари, мамлакатда иқтисодни либераллаштириш ва барқарор тараққиётга эришиш борасида қилган ишлари эътирофи сифатида топширилди.
Ўзбекистон-Япония қўшма фонди
Президент Шавкат Мирзиёев ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида илмий-академик алмашувлар ва технологиялар трансфери бўйича Ўзбекистон-Япония қўшма фондини ташкил этишни таклиф этди. Ушбу фонд илмий тадқиқотларни, икки мамлакат ёш олимларининг биргаликдаги илмий изланишларини молиялаштириш, талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашуви бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилиши айтилди.
Президент икки давлат азалий дўстлигининг рамзи сифатида Ўзбекистонда ўзбек ва япон тилларида чоп этилган бир қанча китоб ва альбомларни Нагоя университети кутубхонасига тақдим этди.
Шавкат Мирзиёев 18 декабрда Японияга давлат ташрифининг Нагоядаги қисмини якунлаб, куннинг иккинчи қисмида Токиога етиб келди. «Ханэда» халқаро аэропортида Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар, таълим тизимини тиклаш масалалари вазири Хагиуда Коичи кутиб олди. Илм-фанга тараққиётининг энг муҳим омили деб қарайдиган Япония учун таълим вазири жуда муҳим лавозим ҳисобланишини таъкидлаш керак.
Шавкат Мирзиёев Токиода Япония бош вазири ўринбосари молия вазири Таро Асони қабул қилди. Шу ўринда Таро Асо ҳақида икки оғиз. Эсингизда бўлса, Таро Асо 2008-09 йилларда Япония бош вазири бўлган. Олдинроқ икки йил давомида мамлакат ички ишлар вазири бўлиб ҳам ишлаган. 2012 йилда Синдзо Абэ иккинчи сайланишида Асо унга ўринбосарликка тайинланади. 2018 йил янгиланган ҳукумат таркибида ҳам Таро Асо ўз ўрнини сақлаб қолди.
Дарвоқе, Асо ёшлигида спорт билан ҳам шуғулланган. Овга иштиёқманд бўлган Асо ўқ отиш бўйича 1976 йилги Олимпиада ўйинларида ҳам қатнашган.
Шавкат Мирзиёевнинг Таро Асо билан учрашувида инвестициявий, технологик, молиявий ва молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги, энергетика ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ташриф давомида солиқ соҳаси ва божхона иши бўйича имзоланаётган икки томонлама битимлар аҳамияти қайд этилиб, бу узоқ муддатли ишбилармонлик алоқаларни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиши таъкидланди. Иқтисодиёт тармоқлари ва молия тизимини ислоҳ этишнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ушбу учрашув Акасака қароргоҳида ўтказилди. Бу машҳур бинонинг тарихи ҳақида эшитган бўлсангиз керак. 2009 йил расман Япония миллий хазинаси деб эълон қилинган. Акасака 1909 йилда император саройи сифатида қурилган. Айни дамда эса Японияда келадиган юқори мартабали меҳмонлар бу саройда учрашувлар ўтказишади.
Акасакада меҳмон бўлган илк хорижлик раҳбар АҚШнинг 38-президенти Жеральд Форд бўлган. 1974 йил Форд АҚШ президентлари орасида илк марта Японияга боради ва айнан Акасакада меҳмон бўлади. Бу бинода шунингдек «Катта еттилик» давлатлари раҳбарлари ўртасидаги учрашувлар ҳам ўтказилади.
Бу ажойиб саройда Ўзбекистон президенти яна иккита учрашув ўтказди. Улардан бирида президент Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси аъзоларини қабул қилди. Учрашувда лига раиси Таро Асо ҳам қатнашди. Ушбу лига 16 йил аввал тузилган. Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган Япония парламентида 1993 йилда Ўзбекистон билан дўстлик лигаси ташкил этилган.
Японча чиқиш қилган Лазиз Қудратов
Куннинг охирги учрашувида Шавкат Мирзиёев Япония ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда JETRO, JICA, JABIC, NEDO, JOGMEC, Mitsubishi, Itochu, Sumitomo, Marubeni, Isuzu каби корпорация ва компаниялар, молиявий тузилмалар раҳбарлари иштирок этди. Бу учрашувда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов япон тилида чиқиш қилиб маҳаллий тадбиркорларнинг ҳурматига сазовор бўлди. Ўз вақтида Японияда таълим олган Қудратов ҳукуматдаги ёш кадрлар мамлакат тараққиётига ижобий таъсир қила бошлаганини кўрсатди, десак муболаға бўлмайди.
Бу учрашувда 16 декабрь куни ўтказилган Ўзбекистон-Япония бизнес форуми натижалари муҳокама қилинди. Учрашувда қатнашган япониялик тадбиркорлар Ўзбекистондаги валюта тизимининг либераллашгани ва виза олиш тартибининг соддалаштирилганини олқишлади.
Тадбирда қатнашган Mitsubishi Corporation президенти ва ижрочи директори Такэхико Какиути биз билан суҳбатда Ўзбекистондаги ўзгаришлар у ерда ишлаш хоҳишини пайдо қилаётганини маълум қилди: «Президентнинг кўзида иштиёқни кўрдим. Ўзбекистондаги яхши ўзгаришлардан хабарим бор. Бу мамлакат билан боғлиқ режаларимиз бор. Менимча, Ўзбекистон билан ишлаш биз учун фойдали бўлади».
Шу тариқа Шавкат Мирзиёев Японияга уюштираётган ташрифининг 18 декабрдаги дастури якунланди. Ташриф 19 ва 20 декабрь кунлари давом эттирилади.
Ўткир Жалолхонов, Kun.uz мухбири. Токио
Мавзуга оид
17:06 / 25.11.2024
АҚШ Японияга HIMARS тизимларини жойлаштиради
00:06 / 25.11.2024
Япониялик олимлар денгиз сувида парчаланувчи пластик материални ихтиро қилди
18:17 / 23.11.2024
Японияда одамларни ювинтирадиган кир машинаси ихтиро қилинди
21:47 / 17.11.2024