Трамп, Қодиров, мигрантлар ва президентлик давридаги энг мудҳиш воқеа – Путин матбуот анжуманида нималар тўғрисида гапирди?
Россия президенти Владимир Путин ўн бешинчи бор матбуот анжуманини ўтказди. Бу йилги матбуот анжуманига 1895 киши аккредитация олди, бу 2018 йилдагидан 200 нафар кишига кўпроқдир. Илк матбуот анжумани 2001 йил 18 июлда ўтказилган, ўшанда 400га яқин журналист иштирок этганди.
Матбуот анжумани 4 соат 18 дақиқа давом этди. Бу вақт ичида Россия президентига 70дан ортиқ савол берилди.
Бугунги матбуот анжуманида қайси мавзулар тилга олинди ва Путин томонидан қандай жавоблар янгради? Бу ҳақда батафсил Kun.uz шарҳида.
Украина билан газ уруши тўғрисида
Россия президенти уч миллиард долларлик евробондлар ҳақида эслатди. Лондон судининг қарорига кўра, Киев пулларни қайтариши керак, аммо бундай қилмаяпти. Россиядан эса Стокҳолм арбитражи қарори бўйича ўша уч миллиардни қайтаришни талаб қиляпти. Бу қарор «қандайдир сафсата», у Украинадаги оғир иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб қабул қилинган, деб таъкидлади у.
Трампнинг импичменти тўғрисида
«Трампнинг президентлиги якунлангунига қадар мулоқотимизни узайтиришга келадиган бўлсак, сиз гўёки унинг президентлиги тугаётгандек савол беряпсиз. Бунга ишончим комил эмас – ҳали сенатдан ҳам ўтиши керак, у ерда эса республикачилар кўпчиликни ташкил этади ва улар аллақандай ўйлаб топилган сабаблар билан ўз вакилларини ҳукуматдан четлаштиришни исташмаса керак», деди Путин журналистнинг «Трампнинг президентлиги якунлангунича» Россия-АҚШ муносабатлари қандай бўлиши тўғрисидаги саволига.
«Бу шунчаки ички сиёсий курашнинг давоми ва сайловларда ютқазган Демократик партия Трампга Россия билан келишиб олиш айбловини қўйди, кейин эса ҳеч қандай келишув йўқлиги маълум бўлгач, энди Украинага босимни ўйлаб топишди», деди Путин.
Рамзон Қодиров тўғрисида
Путин Чеченистоннинг аввалги президенти Аҳмат Қодиров террорчилар қўлидан ҳалок бўлганини эслатиб ўтди.
«Амалдаги президент, унинг ўғли ҳозиргача ҳар куни хавф остида», деди у.
Россия президенти Рамзон Қодиров Путин тақиқлаганига қарамасдан жанговар операцияларда шахсан иштирок этишини айтди.
«Қодировга меҳнат қаҳрамони унвонини бериш мумкин, аммо ҳали ёш, кутиб туради», деб ҳазил қилди Путин.
Миграция ва демография тўғрисида
Путин Канадада миграция масалалари билан шуғулланувчи вазирлик борлигини айтди. Улар қандай номзодлар мос келиш-келмаслигини кўриб чиқишади. Россияга ҳам ана шундай ёндашув керак, деди у.
Россияга кўчиб келишни хоҳловчилар биздаги каби маданий муҳитдан бўлиши зарур. Марказий Осиё аҳолисида мослашув қийинроқ кечади. Аммо у ерларда курслар, олий ўқув юртларимизнинг филиалларини очиш мумкин, деб таклиф қилди Россия президенти.
Путин бу нафақат Марказий Осиё, балки Шимолий Кавказга ҳам тааллуқли эканлигини айтди.
«Айрим мигрантлар бу ерда ўзларини ножоиз тушади. Аммо иқтисодиётга миграция керак. Шунинг учун миграцияни тақиқлаш эмас, ақл билан ёндашиш лозим", - деди у.
Иқлим ўзгаришлари тўғрисида
«Бизда ҳарорат кўтарилиши суръати ер юзидаги ўртача суръатдан 2,5 бараварга юқори. Биз шимолий мамлакатмиз, ҳудудимизнинг 70 фоизи шимолий кенгликларда жойлашган. Абадий музлик устида қурилган бутун бошли шаҳарларимиз бор. Агар музликлар эриса қандай оқибатлар келиб чиқишини тасаввур қиляпсизми? Жуда жиддий», - деди Путин.
БМТ маълумотларига кўра, чиқинди чиқариш бўйича биринчи ўринда АҚШ, сўнгра Хитой, ЕИ давлатлари ва тўртинчи ўринда Россия туради, деди у.
Путин иқлим ўзгариши сабабини ҳеч ким билмаслигини, инсоният иқлимга қанчалик таъсир кўрсатаётганини ҳисоблаб бўлмаслигини, аммо қўл қовуштириб ўтириш ҳам керакмаслигини қўшимча қилди.
Ливия тўғрисида
Туркиялик журналист Россия ҳукумати Сурия, Ливиянинг қонуний ҳукуматини қўллаб-қувватлашини, аммо Ғарб Россия Ҳафтарни қўллаб-қувватлаётганини айтаётганини, бу борада Путиннинг фикри қандай эканлигини сўради.
Путин турк журналистини Ғарб ОАВ ёзаётган ҳамма нарсага ишонмасликка, улар Анқара тўғрисида нима ёзишаётганини ўқиб чиқишга чақирди.
«Россия Сарраж билан ҳам, Ҳафтар билан ҳам мулоқотда. Ливияни бошбошдоқлик ва инқирозга ким олиб келганини биласиз. Ливияда ҳозир ким ҳақ, ким айбдор эканлигини аниқлаш мушкул. Энг тўғри йўл – жанговар ҳаракатларни тўхтата оладиган ечимни топиш», - деди Россия президенти.
Беларусь билан иттифоқ тўғрисида
Путин руслар ва беларуслар деярли бир халқ эканлигини қайд этди.
«Иттифоқ давлати тузиш тўғри қарор бўлган бўлар эди, аммо олдинга қўйилган аксарият вазифалар амалга ошмаган», - деди у.
Аммо ЕОИИ доирасида кўп ишлар қилинди ва бу ерда интеграция Иттифоқ давлатига нисбатан чуқурроқ, дея қайд этди у.
Владимир Путин Минскка етти миллиард доллар кредит ажратилганини таъкидлади. Россия Беларусни кўплаб йўналишларда қўллаб-қувватламоқда, деди у.
Хитой билан муносабатлар тўғрисида
Путин Россия-Хитой муносабатларида энг асосий нарса юқори даражадаги ишонч эканлигини айтди. Унинг фикрича, СССР парчаланганидан сўнг бир қутбли дунё пайдо бўлиши мумкин деган тасаввур уйғонган, аммо бу хато.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШнинг жаҳон ЯИМдаги улуши 50 фоизни ташкил этган, ҳозир эса Хитой АҚШни ортда қолдирди, деди Путин.
Дунё бир қутбли бўлиши мумкин эмас ва бунда Россия билан Хитойнинг ўрни катта, изоҳлади Россия президенти.
Президентлик давридаги энг мудҳиш воқеа тўғрисида
Унинг сўзларига кўра, булар Беслан ва «Норд-Ост»даги терактлардир. Россия президенти бу воқеаларни ҳеч қачон унутолмаслигини айтди.
У шунингдек, қашшоқлик муаммосини охиригача еча олмаганини қайд этди.
Мавзуга оид
12:57
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
07:55
WP: Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024