Ўзбекистон | 18:30 / 19.12.2019
97194
5 дақиқада ўқилади

Юнусобод фожиаси қурбонларининг яқинларига яна қандай тўловлар тўланиши керак?

18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида юз берган ер ўпирилиши оқибатида 6 нафар ишчи ҳалок бўлди. Қурбонларнинг ҳар бири учун уларнинг оиласига 100 млн сўмдан компенсация тайинлангани ҳақида маълум қилинди.

Мазкур компенсация маблағлари ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ҳамда бартараф қилиш бўйича тузилган Ҳукумат комиссияси топшириғига биноан ажратилган ва жабрланганларнинг яқинларига етказилган.

Хўш, ушбу компенсация тўловлари ҳақида қонун ҳужжатларида бирор нарса айтилганми, у нимага асосан тайинланди, жабрланганларнинг яқинларига яна қандай тўловлар тўланиши лозим? Қуйида шулар ҳақида қисқача тўхталамиз.

Маълумки, ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки вафот этишига сабаб бўлган бахтсиз ҳодисалар махсус текширишдан ўтказилиши лозим. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳудудида ва унинг ташқарисида меҳнат вазифаларини бажараётганда юз берган жароҳатланиш, заҳарланиш, портлаш, фалокатлар, иморатлар, иншоотлар ва конструкциялар бузилиши, куйиш, музлаш, электр токи ва яшин уриши, шунингдек табиий офатлар (шу жумладан, ўпирилишлар) туфайли саломатликнинг бошқа хил шикастланишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар текширилади ва ҳисобга олинади.

Ушбу низом талабига кўра, беш ва ундан зиёд кишининг ўлимига сабаб бўлган бахтсиз ҳодисалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида тузилган комиссия томонидан текширилади.

Махсус текшириш комиссияси 15 кун мобайнида бахтсиз ҳодисани текшириб чиқади, корхонадаги меҳнатни муҳофаза қилиш аҳволини, агар зарур бўлса, тармоқнинг бошқа корхоналарида ҳам текширишни ташкил этади, махсус текшириш далолатномасини тузади.

Комиссия аъзолари жабрланувчилар ёки уларнинг оила аъзолари билан учрашувлар ташкил этади, зарур бўлса тегишли органларга таклифлар киритишади ёки ижтимоий тусдаги ёрдам масалаларини жойида ҳал қилишади, жабрланувчига ёки вафот этганнинг оила аъзоларига уларнинг ҳуқуқларини тушунтиради.

Ушбу қоидадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Юнусобод фожиасида жабрланганларнинг оила аъзоларига ажратилган компенсация тўловлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва Ҳукумат комиссияси тасдиқлаган миқдорларда амалга оширилган.

Шу ўринда савол туғилади: марҳумларнинг яқинлари учун ажратилган 100 млн сўмдан бошқа тўловлар ва моддий таъминот ҳам бериладими?

Албатта. Юқорида таъкидланганидек, махсус текшириш комиссияси 15 кун мобайнида бахтсиз ҳодисани текшириб чиқади ва унинг натижалари бўйича тегишли далолатнома расмийлаштиради. Мазкур далолатномага асосан марҳумларнинг ўлими уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда юз бергани тасдиқланса, ана ундан сўнг дастлаб берилган 100 млн сўмдан ташқари, қонунларда белгиланган тартибда ва миқдорларда бошқа тўловлар ҳам амалга оширилади.

Жумладан, Меҳнат кодексининг 192-моддасига биноан ходим меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт.

Мазкур кодекснинг 193-моддасида эса зарар миқдори кўрсатилган бўлиб, вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга тўланадиган зарар миқдори марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида белгиланган.

Қуйидагилар марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз шахслар ҳисобланади:

  • 16 ёшдан ошган шахслар, агар улар шу ёшга етгунга қадар ногирон бўлиб қолган бўлса;
  • 60 ёшга тўлган эркаклар ҳамда 55 ёшга тўлган аёллар;
  • белгиланган тартибда ногирон деб эътироф этилган шахслар.

16 ва ундан катта ёшдаги ўқувчилар ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқишни тугатгунларига қадар, аммо кўпи билан 18 ёшгача зарар тўловини олиш ҳуқуқига эгадир.

Бундан ташқари, кодекснинг 194-моддасига биноан ходимнинг вафоти муносабати билан иш берувчи марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда бир йўла бериладиган нафақа ҳам тўланиши керак бўлади.

Дилшод Абдуқодиров

ҳуқуқшунос

Мавзуга оид