Ўзбекистон | 15:21 / 20.12.2019
40029
3 дақиқада ўқилади

Илҳом Неъматов «Риштон-Сўх» йўли нега очилганидан икки кун ўтиб ёпиб қўйилганига изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг «Зарафшон» зали Media hall’ида «Янги Ўзбекистон - янги сайловлар» мунозара клубининг навбатдаги тадбири бўлиб ўтди.

«Янги Ўзбекистон - янги сайловлар» мавзусидаги тадбирда соҳадаги асосий ўзгаришлар, сайловолди ташвиқотини якунлаш, сайловга тайёргарлик, парламентаризмни ривожлантириш истиқболлари, парламент дипломатияси каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Риштон ва Сўх туманини боғлаб турувчи Қирғизистон орқали ўтган йўл нега яна ёпиб қўйилгани ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Сўх масаласи ҳақиқатдан ҳам жуда муҳим масала. Қирғизистон билан 1476 километрлик чегарага эгамиз. Шундан 2017 йил 5 сентябрда давлатимиз раҳбарининг ташрифи доирасида 1753 километрга имзоладик, ундан кейин қилган ишимизда 305 километри қолганди, ҳозир эса атиги 49 километр қолган, холос. Фақатгина уни тасдиқлашимиз керак. Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасида 21та чегара пункти бор, шундан 14таси тўлақонли ишлаяпти. Қирғизистоннинг биргина «Дўстлик» чегара пунктидан оддий кунлари бир суткада 31 минг одам ўтяпти, шанба-бозор кўпроқ. Олдин 100-200 киши ўтарди.

Иккинчидан, Сўх масаласи. Биз чегаранинг очилишидан бир кун олдин боргандик. Бориб аҳоли билан гаплашдик, кўриб чиқдик. Сўхда жуда катта иш қилинган, ўша ерда 80 мингдан ортиқ аҳоли яшайди, улар бизнинг фуқаролар, лекин тожик миллатига мансуб, этник тожиклар. Шароитлари ёмон эмас, жуда яхши. Фақатгина битта муаммо йўл эди. Биз Қирғизистон томони билан келишдик, йўллар ҳам очилди. Ўшанда жуда катта тантана билан очилди, нон-туз берилди, концертлар қўйилди, тантанали гаплар гапирилди, биз томондан Фарғонанинг ҳокими, улар томонидан Баткеннинг ҳокими бўлди, дипломатлар бўлишди. Аммо, икки кундан кейин ёпиб қўйилди. Бунинг сабаби нимадан иборат, улар нимани бизга рўкач қиляпти? Қирғизистон Евросиё иқтисодий иттифоқининг аъзоси, уларда савдо режими бизнинг чегарадаги режимлардан фарқ қилади. Шунинг учун ҳам биз чегарани шунга келишишимиз, мослашишимиз керак, шу савдо режимини бир-биримизга мослаштиришимиз лозим, деган баҳона билан беркитиб қўйилди. 

Биз ҳозирги кунда музокара олиб боряпмиз. Янги йилдан кейин, улар бизга таклиф қилди..., мана, 18-19 декабрь кунлари учрашув қилишимиз керак эди, лекин сайловлар билан бўлиб, биздаги тадбирлар билан бўлиб, биз учрашолмадик. Янги йилдан кейин учрашамиз, уларга ҳозир битимни берганмиз, нафақат Сўх, балки Шоҳимардон... Шоҳимардон ҳам бизнинг катта анклав, Шоҳимардонда бизнинг 6 минг аҳолимиз яшайди, унинг 41 километр чегараси бор, уни биз тўла расмийлаштирдик. Шунинг учун ҳозир улар билан фақат йўл масаласини келишишимиз керак. Битим имзоланса, келажакда ҳеч қандай муаммо бўлмайди», - дейди Илҳом Неъматов.

Мавзуга оид