Жаҳон | 08:07 / 27.12.2019
174196
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда йўловчи самолёти ҳалокатга учради. Бортда 100 киши бўлган

Қозоғистонда Bek Air авиакомпаниясига тегишли йўловчи самолёт ҳалокатга учраши натижасида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди. Олмаота аэропортидан маълум қилишларича, самолёт ҳалокатидан 60 киши омон қолган.

Қозоғистон ҳукумати берган маълумотга кўра, авария Олмаота аэропортидан кўтарилишда рўй берган: пойтахт Нур-Султонга йўл олган Fokker русумли самолёти ҳавога кўтарилиш вақтида баландликни йўқотиб, бетон тўсиқни бузиб ўтган ва икки қаватли иморатга бориб урилган, шундан сўнг аҳоли турар жойлари ҳудудига қулаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, бортда 95 йўловчи ва экипажнинг 5 аъзоси бўлган.

Қозоғистон ИИВ маълумотига кўра, ҳалокат жойидаги қутқарув ишларига 976 киши ва 70та техника, шунингдек 33та тез тиббий ёрдам бригадаси жалб қилинган.

Жароҳатланган 66 киши шифохонага олиб борилган, шундан 50 киши шифохонага ётқизилган. Айни вақтда уларнинг 12 нафари оғир аҳволда қолмоқда.

Хабар қилинишича, самолётда ҳалокатдан кейин ёнғин чиқмаган, лекин Рейтер агентлиги мухбири ҳодиса жойи қуюқ туман пайдо бўлганини хабар қилган.

Қозоғистон бош вазирининг топшириғига кўра, бош вазир ўринбосари бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳалокат қурбонларининг яқинларига ҳамдардлик билдирган ва барча айбдорлар қатъий жазоланишини маълум қилган.

Bek Air авиакомпанияси паркидаги Fokker 100 русумли самолётлар Нидерландияда ишлаб чиқарилган. Ҳалокатдан кейин Қозоғистон ҳукумати бу типдаги лайнерлар парвози тўхтатилганини эълон қилди. Шунингдек, Bek Air авиакомпанияси фаолияти ҳам тўхтатилди.

Fokker 100 самолёти 107 нафаргача йўловчи сиғдира олади, у Fokker F28 самолёти асосида қурилган. Fokker 100 самолёти илк бор 1986 йилнинг 30 ноябрида парвозга чиққан.

Бу русумли самолётдан жами 283та ишлаб чиқарилган, самолёт ишлаб чиқарувчиси 1996 йилда банкротга учраган.

Бу типдаги самолётлардан кўплаб йирик авиакомпаниялар, жумладан Alitalia, Lufthansa, KLM, Swiss ва бошқалар ҳам фойдаланади.

Бугун қулаб тушган самолётнинг биринчи парвози 1996 йилнинг апрелида амалга оширилганди, у 23,5 йил олдин ишлаб чиқарилган.

  

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид