Ўзбекистон | 19:50 / 27.12.2019
45977
2 дақиқада ўқилади

«Ёш раҳбарларга эҳтиёж ортмоқда» — Президент янги институт ташкил этиш бўйича топшириқ берди

Президент янги институт ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

Фото: KUN.UZ

Президент Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказилган учрашувда бугунги кунда барча соҳаларда билимли, сиёсий ва ижтимоий фаол, халқ манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўядиган, ҳалол ва жонкуяр ёш раҳбарларга эҳтиёж тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

«Бугун барча соҳаларда билимли, сиёсий ва ижтимоий фаол, халқ манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўядиган, ҳалол ва жонкуяр, ёш раҳбарларга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Биз дунёқараши кенг, креатив фикрлайдиган, муаммоли вазиятларда тўғри қарорлар қабул қила оладиган ёшларни масъулиятли вазифаларга тайинлаяпмиз. Аммо мамлакатимизда ёш раҳбарларни саралайдиган, уларнинг лаёқатига мос лавозимларни таклиф этадиган самарали механизм мавжуд эмас.

Раҳбарлик лавозимларига ҳар томонлама муносиб, ташаббускор, менга таянч ва суянч бўла оладиган ёшлардан «Ватан ифтихорлари» институтини жорий этсак, сизлар нима дейсизлар? Бу институтнинг асосий вазифаси ислоҳотларимиз ва катта режаларимизни ватанимиз ёшларига етказиш, жойлардаги муаммоларни олиб чиқиш ва уларни ҳал қилишдан иборат. Сизларнинг орангизда «Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!» деб кўзи ёниб турган, жасоратли, ифтихор қилса арзийдиган йигит-қизлар борлигига ишонаман!

Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштириш-нинг энг тўғри йўли – бу шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир. Шу нуқтайи назардан «Ватан ифтихорлари» мамлакатимизнинг барча ёшларига ибрат бўлиб, ислоҳотларни амалга оширишда ҳақиқий жонбозлик кўрсатишига ишонаман», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шу муносабат билан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (Ш.Қудбиев), Ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев) ушбу янги институтнинг фаолиятини ташкил этиш ва ваколатини белгилаш юзасидан бир ой муддатда аниқ таклиф киритиш топшириқ қилинган. 

Мавзуга оид