Жаҳон | 10:22 / 28.12.2019
33200
2 дақиқада ўқилади

Financial Times ўн йилликнинг энг аҳамиятли кишиларини маълум қилди 

Фото: Financial Times

Британиянинг Financial Times (FT) нашри ўтиб бораётган ўн йилликнинг “қиёфасини” белгилаган 50 кишидан иборат рўйхатни тақдим қилди. “Ўн йилликнинг 50 кишиси” рўйхатига 19 нафар сиёсий шахс, 22 нафар тадбиркор ҳамда маданият, фан, шоу-бизнес ва спортдан 9 киши киритилган. 

FT танлаб олган сиёсатчилар орасида етакчи давлатлар раҳбарлари - Владимир Путин, Ражаб Тоййиб Эрдўған, Эмманюэль Макрон, Дональд Трамп, Ангела Меркель, Нарендра Моди, Си Цзиньпин ва Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд бор. Улар қаторидан АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден, покистонлик фаол ва Нобель мукофоти совриндори Малала Юсуфзой, Ҳонгконгдаги намойишлар етакчиси Жошуа Вонг, 2001 йилда ўз жонига қасд қилиши Тунисда “ясмин инқилоби” ва “араб баҳори”нинг бошланишига туртки бўлган мевалар сотувчиси Муҳаммад Буазизий жой олган.

Шунингдек, рўйхатга Москва аксилдопинг лабораториясининг собиқ директори ва 2016 йилда АҚШга кўчиб кетиб ВАДА информаторига айланган Григорий Родченков ҳам бор. 

Бизнес вакиллари орасида Apple раҳбари Тим Кук, Amazon асосчиси Жефф Безос, Европа марказий банки собиқ раҳбари Марио Драги, Netflix раҳбари Рид Хастингс, Uber асосчиларидан бири Трэвис Каланик, Tesla раҳбари Илон Маск ва Alibaba асосчиси Жек Ма рўйхатга киритилган. 

Шунингдек, ўн йилликнинг аҳамиятли кишилари сифатида америкалик теннисчи Серена Уильямс, CRISPR-cas9 геномини таҳрирлаш технологиясини ишлаб чиққан америкалик олима Женнифер Дудна, америкалик продюсер Харви Вайнштейнни зўрлашда айблаган ва жинсий зўрлашга қарши ҳаракат #MeToo’га сабабчи бўлган актриса Роуз Макгоун эътироф этилган.

Мавзуга оид