Токио сари йўл. Таиландга чемпионлик учун бораётган жамоа ҳақида
8 январь куни Таиландда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати бошланади. Любинко Друлович мураббийлигидаги Ўзбекистон U23 жамоаси мусобақани 9 январь куни Эронга қарши ўйин билан мусобақани бошлайди. Гуруҳдан чиқиш учун Хитой ва Жанубий Кореяга қарши ўйинлар ҳам бор. Мусобақага амалдаги ғолиб сифатида бораётган Ўзбекистон яна чемпионликни ва бу гал асосий мақсад бўлган олимпиада йўлланмасини қўлга кирита оладими?
Очиғини айтиш керак, 2018 йилги Равшан Ҳайдаров бошқарган жамоадан яхши натижа кутилгани рост, лекин уларни чемпион бўлиб келади деб ўйлаганлар кўп эмасди. Бир томондан таркибда Достон Ҳамдамов, Одил Ҳамробеков, Жавоҳир Сиддиқов, Азиз Ғаниев, Рустам Ашурматов, Акром Комилов каби йигитлар бор, бошқа томондан жанубий-шарқий Осиёда бу ёшдаги футболчилар аллақачон Европада ўйнай бошлашади.
Айниқса, биринчи турда Феликс Санчес бошқарувидаги Қатар (эсингизда бўлса, кейинчалик Санчес ўша жамоасидаги кўплаб футболчилар билан Осиё Кубогида ғолиб бўлди) бизнинг йигитларни мағлуб этгач, Равшан Ҳайдаров жамоасининг имкониятлари кескин пасайиб кетганди. Аммо кейинги ўйинларда ирода кўрсатган футболчиларимиз бош соврин билан ортга қайтишди.
Биз юқорида номларини санаган Ҳамробеков, Ҳамдамов, Сиддиқов ва Ғаниев каби футболчилар айнан ўша мусобақада ўйиндан-ўйинга катта футболчига айланиб боришганди. Улар ўз қаршиларидан чиққан Япония ва Жанубий Корея каби қитъа футболи етакчиларини мағлуб этишди. Финалда жамоанинг янги қирраси очилиб супер ирода кўрсатилди. Бонусига футболимиз Андрей Сидоров исмли қутқарувчини кашф қилди. Ҳозирги жамоа ниманинг эвазига чемпион бўлиши мумкин?
Остонсиз таркиб
Агар сиз ўзбек футболи деганда миллий жамоанинг йил давомида ўтказган бир нечта ўйинини тушунсангиз, Таиландга борадиган жамоани танимаслигингиз табиий, аммо ички чемпионат ўйинларини кузатиб юрган бўлсангиз, бу жамоанинг кучига тўғри баҳо бера оласиз. Келинг, таркибнинг нақадар кучли эканини чизиқлар бўйича кўриб чиқамиз.
Мураббийлар катта эҳтимол билан асосий дарвозабон сифатида «Насаф» посбони Абдувоҳид Неъматовни танласа керак. Маълумот учун, Абдувоҳид чемпионатда йил рамзий жамоасига киритилди.
Марказий ҳимоячи Ислом Қобилов ҳам охирги вақтларда тез-тез тилга олиняпти. «Бунёдкор»даги ишончли ҳаракатлари билан миллий жамоага ҳам номзодлар қаторига кирган бу футболчи U23 жамоаси сардори. У нафақат ҳимояни, балки бутун жамоани яхши бошқара олишини ўйинларда кўрганмиз.
Ўнг қанот ҳимоясида Ҳожиакбар Алижонов. Шота Арвеладзенинг «Пахтакор»даги асосий кашфиёти айнан Алижонов бўлди. Тўғри, у олдин ҳам яхши футболчи эди, аммо грузиялик мутахассис уни ёш, умидли футболчидан мамлакатнинг энг зўр қанот ҳимоячиларидан бирига айлантирди. У шунчаки ёш лимити туфайли эмас, чиндан ўз қанотида тенгсиз бўлгани учун «Пахтакор» асосий таркибида ўйнади. Алижонов бу йил Ўзбекистоннинг энг зўр футболчиларидан бўлди.
Ўнг қанотда Алижоновдан ташқари чемпионатнинг энг сермаҳсул ҳимоячиларидан бўлган Дилшод Саидов ҳам бор. «Насаф» сафида ёрқин ўйин кўрсатган Дилшод асосий таркибдаги ўрин учун Алижоновга рақобатчилик қилади.
Ярим ҳимоя ҳам ҳавас қиларли даражада кучли. Худди 2 йил олдин чемпион бўлган жамоада бўлгани каби. Улар орасида Азиз Ғаниевни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Оғир жароҳатидан тикланган бу футболчи яна юқори спорт формасига қайта олди. У мусобақада порлаши кутилаётган юлдузлар қаторида ҳам эътироф этилмоқда. Азиз Ғаниев аввалги турнирда ҳам ўйнаган ва узоқ масофадан урган голи билан ёдда қолганди.
Санжар Қодирқулов жамоанинг яна бир етакчиси. Миллий жамоадаги дебютидаёқ гол уриб, мухлислар қалбидан жой олганбу футболчи эндиликда мамлакатнинг энг яхши яримҳимоячиларидан бири. Абрамов бу йигитни чинакамига кашф қилди. Унинг тўпни жуда яхши назорат қилиши Абрамовнинг тўп назоратига асосланган ўйинига айниқса мос тушди. Мураббий Қодирқуловни қўрқмай Яманга қарши жуда муҳим ўйинда асосий таркибда ўйнатди ва хато қилмади. Санжар миллий жамоадаки ўзини бу қадар эркин тутди, ундан ёшлар ўртасидаги чемпионатда янада яхшироқ ўйнашини кутсак бўлади.
Яримҳимоядаги яна бир футболчи Аброр Исмоиловни кўпчилик Қирғизистонга қарши ўйиндан сўнг таниб олди. Ўша ўйинда миллий жамоа сафида дебют қилган Исмоилов «Сурхон»да анчадан буён ёрқин ўйин кўрсатиб келади. Ташқи кўриниши ҳам, ўйин услуби ҳам Одил Ҳамробековни эслатиб юборадиган бу футболчи таянч яримҳимоясининг янги етакчисига айланишини кутиш мумкин.
Сўнгги йилларда ўзбек футболининг келажаги сифатида қараб келинаётган Жасур Яхшибоев ҳам Таиланддаги мусобақада чинакамига порлаши мумкин. У 2018 йилда ҳам яхши ўйнаган, аммо бор имкониятини намойиш эта олмаганди. Кейинчалик «Пахтакор» ва ОКМКда ҳам унга доим нимадир етишмади. Таиландда катта эҳтимол билан асосий таркибда ўйнайдиган Жасур ниҳоят чинакамига порлаш учун жуда яхши имкониятга эга.
Миллий жамоа ҳавосидан нафас олган яна бир футболчи Достон Ибрагимов. Куперга ўйини маъқул келган «Пахтакор» тарбияланувчиси «Қизилқум»даги ёрқин ўйинлари сабаб миллий жамоага чақирилганди. Достонни ҳам жамоа етакчиларидан дейиш мумкин. Кўриб турганингиздек ярим ҳимоя яхшигина кучли.
Ҳужум чизиғида ҳам чемпионатда гол уриб юрган йигитлар ўйнайди. Жамоанинг асосий ҳужумчиси шубҳасиз Бобур Абдухолиқов. «Бунёдкор» футболчиси Миржаҳон Мираҳмадов ҳам ўз жамоасининг асосий ҳужумчиси. Бу чизиқда кўпроқ Бобурга умид қилиш мумкин, чунки у «Насаф»нинг камтарона таркибида ҳам тўпурарлик қобилиятини кўрсата олди. Бобур айниқса катта ўйинларда ўзини йўқотиб қўймади.
Кимлар қолиб кетди?
Бу жамоани Равшан Ҳайдаров бошқариши мантиқий эди, чунки у ўтган мусобақада чемпион бўлганди. Ғолиблар эса алмаштирилмаслиги керак. Друлович келганидан буён жамоага нимадир бера олди дейиш қийин. Жамоа шунчаки яхши футболчилар эвазига кучли рақибларни ҳам ўртоқлик ўйинларида мағлуб этди. Бир сўз билан айтганда, жамоа ўйинида мураббий имзоси сезилмаяпти. Ҳарҳолда ҳозирча шундай.
Друлович бу ёшдаги ўзбекистонлик барча футболчиларни танишига ҳам ишониш қийин. Чунки Азиз Омоновни доимий йиғинларга чақираётган мураббий «Андижон»нинг асосий футболчисига айланиб, ёрқин мавсум ўтказган Шаҳзод Убайдуллаевга ҳам имкон бериши керак эди. Чунки Азиз Омоновдан фарқли ўлароқ Шаҳзод «Андижон»да ёш бўлгани учун ва ўзига хос лимит сабаб эмас, муносиб бўлгани учун асосий таркибда ўйнади. Бу жамоага ёши тўғри келадиган футболчилар Про-Лигада кўп, аммо мураббий фақат Суперлигадаги саноқли футболчиларни кузатиш билан чекланди, холос. Айтайлик «Шўртан»да бир ўйинда бешталаб гол урадиган Жасур Холтўраев деган, худди шу жамоада иккинчи қаватда яхши ўйнайдиган Шерзод Темиров исмли ҳужумчи ҳам борлигини жаноб Друлович билмаса керак.
Ўзбекистонда яхши футболчи кам деб юрган билан ҳеч нима бўлмайди. Масалан, Равшан Ҳайдаров ҳеч ким танимайдиган Сидоровни биргина ўйинда майдонга тушириб қаҳрамонга айлантирганди. Мураббийнинг иши мамлакатдаги бор футболчилардан унумли фойдаланишдир.
Друлович таркибга Остон Ўруновни киритмагани эса катта хато бўлди. Ахир қандай қилиб ўз ёш тоифасида энг истеъдодли бўлган футболчини таркибга киритмаслик мумкин? Унинг характери оғирлиги ҳақида Канчельскис ҳам айтганди, аммо бу футболчини таркибга жалб қилмаслик учун баҳона бўла олмайди.
Кўпчилик мухлислар ҳам мураббийдан қандайдир феноменал қарорлар кутаётгани йўқ. Таркибдаги кучли футболчилар мухлисларни тинчлантираётган бўлиши мумкин. Мураббийлар штабида Равшан Ҳайдаров ҳам борлиги одамни хурсанд қилади.
Бу футболчиларга жуда яхши шароитлар яратиб берилди, кучли жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ташкиллаштирилди. Шу боис Осиё чемпионати йўлланмасини зўрға қўлга киритган жамоа барчаси тасодиф бўлганини исботлаб, Токио йўлланмасини қўлга киритиш орқали чинакам «олтин авлод» эканини исботлаши керак.
Вадим Абрамов айтганидек, коинотга ким иккинчи чиққанини ҳеч ким эсламайди, биринчи бўлиб чиққан Гагаринни эса бутун дунё билади. Йигитларга ўзбек футболи тарихида илк марта олимпиада йўлланмасини қўлга киритган жамоа бўлишни тилаб қоламиз.
Ўткир Жалолхонов
Мавзуга оид
18:34 / 03.07.2024
Ўзбекистон U23 жамоасининг Париж Олимпиадаси учун кенгайтирилган таркиби эълон қилинди
00:12 / 04.05.2024
Париж-2024. Ўзбекистон гуруҳ босқичини Испанияга қарши ўйин билан бошлайди
22:43 / 03.05.2024
Осиё кубоги U23. Ўзбекистон финалда Японияга мағлуб бўлиб, кетма-кет иккинчи марта қитъада иккинчи ўринни эгаллади
16:30 / 30.04.2024