Жаҳон | 15:35 / 02.01.2020
45244
7 дақиқада ўқилади

«АвтоВАЗ»дан Nissan’гача. «Харажатлар қотили» номи билан машҳур бўлган Карлос Гон ким ўзи?

Фото: Takaaki Iwabu/Bloomberg

Куни кеча Renault-Nissan-Mitsubishi альянсининг собиқ раҳбари, Токиода уй қамоғида бўлган Карлос Гон Японияни рухсатсиз тарк этиб, Ливанга қочиб кетгани тўғрисидаги хабар жаҳон оммавий ахборот воситаларида энг кўп тилга олинган воқеалардан бири бўлди. Унинг Японияни қай тарзда тарк этгани тўғрисидаги тахминлар эса алоҳида мавзуга айланди.

Хўш, бунчалик шов-шувларга сабабчи бўлган Карлос Гон ким ўзи?

 Келиб чиқиши ливанлик бўлган Карлос Гон 1954 йил мартда Бразилиянинг Порту-Велью шаҳрида туғилган.

1974 йилда Париждаги политехника мактабининг кимё факультетини, 1978 йилда эса олий кончилик мактабини битирган.

У 1978 йилдан Michelin компаниясида ишлай бошлаган. Гон компаниянинг Бразилия ва Шимолий Америкадаги бўлинмаларига раҳбарлик қилган. 1996 йилдан эса Renault компаниясининг ижрочи вице-президенти бўлган. 1999 йилда Nissan компаниясининг ишлаб чиқариш бўйича директори этиб тайинланган Карлос Гон 2000 йилда компания президенти, орадан бир йил ўтиб эса бош директори бўлган. 2005 йилдан Renault компаниясининг президенти ва бош директори вазифасини ҳам бажарган.

Директорми ёки губернатор?

2015 йилда Франция иқтисодиёт вазири бўлган Эммануэль Макрон Renault компаниясидаги давлат акциялари пакети улушини 15,01 фоиздан 19,74 фоизга етказиб компания активларини назорат остига олишга уринди. Renault-Nissan директорлар кенгаши раиси бўлган Гон бу ҳужумга қаршилик кўрсатди ва 2017 йилда давлат пакетларининг улушини илгариги ҳолатига қайтарди.

Карлос Гон 2013 йилдан 2016 йилгача АвтоВАЗ» директорлар кенгаши раиси бўлган вақтда ҳам давлат билан келишмовчилик юз берди. Компания бош директори Бу Андерсон ишлаб чиқаришни буткул ўзгартирди ва бутловчи қисмлар етказиб берувчиларни ҳам алмаштирди. Бу Россия автомобиль эҳтиёт қисмлари бозорини ўзиники деб билган манфаатдор тузилмаларнинг ғазабига сабаб бўлди. Карлос Гон Тольяттидаги заводда оммавий ишдан бўшатишлар ва ортиқча харажатга олиб келаётган ишлаб чиқаришларни ёпа бошлагач, Россиянинг сиёсий ҳукумати ҳам ташвишга тушди. Россияда директор шунчаки капиталист эмас, балки губернаторча фикрлай оладиган ҳам бўлиши, яъни ишдан бўшатилаётган одамлар тақдирини ҳам ўйлаши лозим. Аммо у бундай хусусиятга эга эмасди. Шу боис Бу Андерсон ортидан Карлос Гон ҳам Тольяттидан кетишга мажбур бўлди.

«Қотил»нинг пайдо бўлиши

Карлос Гон машҳур «Харажатлар қотили» (Le cost killer) лақабини Япония Nissan компаниясини қутқарганидан сўнг олганди. У 1999 йилда компанияни бошқаришга келгач, автоконцерн муаммосининг асл илдизи компания маҳсулотлари эмас, балки саноқсиз штатлар ва улкан бюрократия эканлигини англади. 2000 йилда инқироздан чиқиш режаси тасдиқланди. Япониядаги бешта завод ёпилди.  20 минг киши ишсиз қолди. Бошқарувчи раҳбарларнинг тенг ярми кўчага ҳайдалди. Гон етказиб берувчи компанияларнинг деярли барча акцияларини сотди ва Nissan модель қаторини янгилади. Натижада Nissan инқироздан қутулди ва даромадга эриша бошлади, Карлос Гон эса «Харажатлар қотили» лақабини олди.  

2004 йилда Renault президенти Луи Швейцер Карлос Гонга Францияга қайтишни таклиф қилди. Бу вақтга келиб Renault Япония компаниясининг 44,4 фоиз акциясини сотиб олган ва японларни бемалол назорат қилиши мумкин эди. Аммо Гон бошқа таклиф билан чиқди. У 2005 йилда ҳозирда Renault Nissan Alliance номи билан танилган молиявий ва техник альянс тузди.

Айнан ўшанда Карлос Гон бугунги кунда кенг оммалашган кроссоверларни дунёга тақдим этди. Nissan Qashqai автомобили ишлаб чиқилаётганда японияликлар унинг сотилишига ишонишмаган, Гон эса фикрида қатъий туриб олганди. Журналистлар лойиҳани танқид қилишди. Сўровларда харидорлар уни сотиб олиш ниятида эмаслиги маълум бўлди. Автобозор таҳлилчилари эса хэтчбекнинг йўлтанламас билан бирлашиши энг ёмон қарор эканлигини таъкидлашди. Бироқ лойиҳа охирига етказилди ва Nissan Qashqai жаҳон бозоридаги энг харидоргир автомобилга айланди.

Renault-Nissan-Mitsubishi альянси 2017 йилда 10,61 млн дона автомобиль сотиб Toyota ва Volkswagen компанияларини қувиб ўтди ҳамда дунёдаги энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи бўлди.

Интиҳо

Аммо Nissan’нинг муваффақиятлари фақат рақобатчиларнигина ташвишга солмади. Mitsubishi’нинг ютиб юборилиши ва унинг Renault бошқаруви остига ўтиши хавфи японларни ҳам чўчитиб юборди. Япониянинг саноат доиралари ичидаги таъсирли гуруҳлар миллий автосаноат устидан назорат йўқотилмоқда деб ҳисоблашди. Япония автоишлабчиқарувчилар ассоциацияси компаниялар бирлашишини кескин танқид қилди.

2017 йилга келиб, Карлос Гон Nissan бош директорлигини Япония автоишлабчиқарувчилар ассоциацияси раҳбари Хирото Саикавага топширди. Гон Nissan ва Renault директорлар кенгаши раиси лавозимини сақлаб қолган бўлса-да, унинг фаолияти якунига етиб қолганди.

Янги раҳбарият ички текширув ўтказишни бошлади, Nissan хавфсизлик хизмати аввалги раҳбариятнинг фаолиятини элакдан ўтказди. Карлос Гон Япония ҳукуматини барча даромадлари тўғрисида хабардор қилмагани маълум бўлди. У йилига 10-12 млн евро даромад олгани ва даромадларини пасайтириб кўрсатгани аниқланди. Япония қонунларига кўра эса бошқа мамлакатларда олинган даромад ҳам декларацияга киритилиши ва солиққа тортилиши лозим. Бундан ташқари, аввалги раҳбарият компания активларидан шахсий мақсадларда фойдаланиб келгани маълум бўлди. 

Нима бўлмасин, Карлос Гон прокуратурага келиб айбига иқрор бўлди ва ҳибсга олинди. Nissan бош директори Хирото Саикава Карлос Гонни директорлар кенгаши раислигидан ва у қўйган раҳбарларни лавозимларидан бўшатишни таклиф қилди. Японлар Nissan устидан назоратни тиклашди. Воқеаларнинг давоми эса ҳаммага маълум: Карлос Гон гаров эвазига озодликка чиқди, сўнгра яна ҳибсга олинди, уй қамоғига ўтказилди ва охир-оқибат Япониядан Ливанга қочиб кетди.

«Мен одил судловдан эмас, балки адолатсизлик ва сиёсий таъқибдан қочмоқдаман», деди у Ливанда журналистларга берган интервьюсида.

Мавзуга оид