Ўзбекистон | 19:08 / 06.01.2020
28704
11 дақиқада ўқилади

«Депутат ва сенаторларга нисбатан халқнинг ишончи тушиб бораётгани рост» — сенатор Абдуқодир Тошқулов билан суҳбат (1 - қисм)

Kun.uz’нинг турли давлат идоралари вакиллари билан суҳбатлари давом этади. Навбатдаги суҳбатдошимиз Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдуқодир Тошқулов бўлди.

Сенатор билан суҳбатимиз Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш масалалари, коррупцияга қарши курашиш  бўйича республика идоралараро комиссия фаолияти, жамият ҳаётида депутат ва сенаторларнинг ўрни, шунингдек, таълим муаммоларига бағишланди.

Ўзбек жамиятидаги коррупция иллатини икки-уч йилда бирданига тозалаб ташлашнинг иложи йўқ

Бир муддат аввал Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси фаолият бошлаган эди. Аммо бугунга келиб, бу комиссия қандай фаолият юритаётгани, нима иш қилаётгани бўйича ҳаракатларни деярли сезмаяпмиз.

Сенатордан ушбу комиссия ҳозирда айнан қандай фаолият билан шуғулланаётгани бўйича фикрларини сўрадик.

 Абдуқодир Тошқулов ўз жавобини қуйидагича ифодалади.

Абдуқодир Тошқулов

— Одатда парламент ва ҳукумат вакилларининг халқ олдида кам кўриниш бериши танқид қилинарди.

Шавкат Мирзиёев президентлик вазифасига киришиши билан давлат, жамият ва дунё ҳамжамиятига янги сиёсий моделни тавсия қилди. Ушбу янги модел ижроси бўйича барча тузилма ва идоралар ўз фаолиятларини қайта кўриб чиқишлари керак эди. Шу боисдан охирги йилларда коррупцияга қарши кескин кураш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Шунингдек, қурилиш ва Олий таълим соҳаси коррупциядан холи соҳалар, деб эълон қилинди.

Энди, сиз айтган идоралараро комиссия фаолияти ҳақида.

Бу идоралар фаолияти суст ишлаяпти, деёлмайман. Бизнинг жамиятда коррупция йиллар давомида йиғилиб келган шундай иллатки, уни икки-уч йилда бирданига тозалаб ташлаш иложсиз.

Иккинчидан, коррупция деганда фақат пора тушунилмайди. Бунда фирибгарлик, товламачилик, неопотизм (қариндош уруғчилик) ва бошқа тушунчалар ҳам бор. Бу иллатларнинг илдизини жамиятдан суғуриб ташлаш учун эса йиллар керак.

Назаримда, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясини фаолиятини тўғридан-тўғри чиқишларда деб билмаслик керак. Бу идора аъзолари бугунги кунда коррупция билан курашиш бўйича давлатга, ҳукуматга тавсиялар беряпти ва бу тавсиялар амалиётга жорий этиляпти. Масалан, Ўзбекистон президенти томонидан 2019 йил 3 октябрда «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон имзоланди.

Шунингдек, хужжат билан Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (ДХРА) ташкил этилди. Нега? Биз қачонки давлат хизматчиси танловини тўғри йўлга қўйсак, уларни етарли иш ҳақи билан таъминлашни тўғри йўлга қўйсак ва ходимлар фаолиятида рейтинг тизимини амалга оширсак, бу коррупцияга қарши курашда яна бир ишончли қадам бўлади. Бу ишлар албатта, комиссия тавсиялари асосида бўлмоқда.

Сенат таркибидаги Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши кураш қўмитасининг ўтган даврдаги фаолияти шахсан мени қониқтирмайди

Худди шу каби қўмита Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати таркибида ҳам фаолият юритмоқда. Бу қўмита қандай фаолият билан шуғулланмоқда ва унинг иш самараси нималарда кўринади?

Сенатордан бевосита ўзи аъзо ҳисобланган қўмита фаолияти ҳақида ҳам сўрадик.

— Одатда Парламент ҳақида мана шундай муносабатлар кўп билдирилади ва сизни гапингизда ҳам жон бор.

Балки, сизни бу қўмитанинг таълим, соғлиқни сақлаш, умуман, турли йўналишларда тадбирлар ўтказиш билан чекланиб қолаётгани қониқтирмаётгандир. Бунинг ўз сабаблари бор. Биринчидан, ушбу қўмиталар икки палатада ҳам қонунчилик ва суд ҳуқуқ қўмиталари негизида ташкил қилинди.

Бу эса ўша қўмиталарда фаолият юритиб келган депутат ва сенаторлардан иборат қилиб шакллантирилган.

Қўмиталарга коррупцияга қарши курашувчи шаклининг берилганига кўп бўлмади. Энг катта умидимиз эса янги чақириқдан.

Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши кураш қўмитасининг ўтган даврдаги фаолияти шахсан мени қониқтирмайди.

Шундай касалликлар борки, улар сурункали ҳисобланади ва биологик нуқтаи назардан уларни бирданига даволаб бўлмайди.

Ҳозир президентнинг сиёсий иродаси билан коррупцияга қарши муросасизлик муҳити яратилди.

Ўзини билган раҳбар ва ходимлар коррупциядан ўзини тортяпти. Бунга қўшимча стимул сифатида иш ҳақлари ошяпти, қонунчиликда турли ўзгаришлар бўляпти.

Коррупцияга қарши курашадиган ягона агентлик тузиш вақти келди

Ўзбекистонда Прокуратура, Ички ишлар ва Давлат хавфсизлик хизмати ташкилотлари тизимида коррупцияга қарши курашувчи бўлимлар фаолият юритади. Ҳуқуқ органларидаги бу бўлимлар коррупцияни юзага келтирадиган омиллар билан эмас, коррупция билан курашади. Бизга эса илм ва амалиёт ҳамкорлигида коррупцияни келтириб чиқараётган омилларни аниқлайдиган ва унинг олдини оладиган тизим керак. Хўш, илм ва амалиёт ҳамкорлигида коррупцияни келтириб чиқараётган омилларни аниқлайдиган, унинг олдини оладиган, шунингдек, коррупцияга қарши курашадиган ягона орган, агентлик тузиш вақти келмадими?

Сенатордан бу борада фикрларини сўрадик.

— Кўпгина ривожланган давлатлар тажрибасига эътибор берадиган бўлсак, коррупцияга қарши кураш, аввало, ҳуқуқ тартибот органларининг ўзидан бошланган.

Ўйлайманки, сизни фикрингизда жон бор ва ривожланишимизнинг кейинги демократик босқичларида кўпгина давлатларда учрагани каби коррупцияга қарши курашадиган ягона агентлик ёки қўмита тузиш вақти келди.

Бу агентлик билан эса ҳуқуқ тартибот органлари ҳам, таълим, соғлиқни сақлаш ва маҳаллий ҳокимликлар ҳам ҳисоблашиши керак.

Соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг ойлигини ошириш, балки, бюджетга оғир келаётгандир

Яқинда соғлиқни сақлаш вазирлиги, умуман, шу тизим коррупцияга ботиб кетганлиги ҳам сенат раиси, ҳам Бош прокурор томонидан жуда қаттиқ танқид қилинди.

Аммо соғлиқни сақлаш тизимидаги ходимларнинг ойлик маошларига эътибор қаратилса, бу уларнинг эхтиёжларини тўла қондирмаслигини кўрсатади. Хўш, шундай вазиятда бу танқидлар самара берадими?

— Саволга ўзингиз деярли тўла жавоб бериб бўлдингиз. Сенатда соғлиқни сақлаш тизими бўйича бўлиб ўтган йиғилиш ишидан ўзимиз ҳам қониқдик. Йиғилишда муҳокамалар жуда жиддий тус олди.

Биласизми, таёқнинг икки учи бор. Бир томони коррупция иллатидан бутун умр қутулолмайдиган инсофсиз шифокор ҳам бор, иккинчи томони ходимларнинг иш ҳақи кам.

Аммо иш ҳақини ошириш орқали коррупцияни буткул йўқотамиз, деб ҳам бўлмайди. Бу бир омил, лекин, яна бир жиҳат синовдан ўтдики, олий таълим тизимида иш ҳақларининг ошиши коррупцияни тенг ярмига камайтирди.

Ҳозир олий таълимдаги кўпчилик ўқитувчилар коррупцияга қарши муросасиз бўлиб бормоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимида эса ходимлар кўп ва бу давлат бюджетига балки оғир келаётгандир.

Энг ёмони шифохоналардаги кўпчилик ҳамширалар 0.25 штат бирлигида ишлайди. Уларнинг ойлиги эса 600 минг сўмга ҳам бормайди.

Бу муаммолар йиллар давомида йиғилиб келган. Кўп йиллар соҳада квоталар сони чекланган эди.

Коррупция борасида яна бир нарсага эътиборингизни қаратган бўлардим: олувчи қўл бўлмаса, берувчи қўл ҳам бўлмайди. Демакки, халқимиз ҳам бу иллатдан қутулиши керак, коррупцияга муросасиз бўлиши керак.

Шифокорнинг ойлигини оширмай туриб, уларни танқид қилиб бўлмайди.

Жамият муаммоларини гапиришда журналист ва блогерлар сенатор ва депутатлардан кўра илгарилаб кетди

Сўнгги вақтларда сенатор ва депутатларнинг обрўйи, халқнинг уларга ишончи тушиб бораётгандек. Абдуқодир Тошқулов бу мавзуда ҳам фикрларини билдирди.

— Сўзим аввалида айтганимдай, Ўзбекистонда янги сиёсий жараёнлар бошлангач давлат ва нодавлат ташкилоти вакиллари ҳаракатга тушишди.

Назаримда, сўнгги вақтларда журналист ва блогерлар жамиятдаги муаммоларни ёритишда сенатор ва депутатлардан кўра илгарилаб кетди.

Айтганингиздек, депутат ва сенаторлар ўз фаолияти билан бирга бу масалаларни ҳам олиб кетишда қийналишмоқда.

Яна бир жиҳатга эътибор бериш керак, қонунчилик палатасига бир лойиҳа кирса ўқишлар, фраккция ва қўмиталарда кўрилишларини ҳисоб китоб қилганимизда у қонун ҳолига келгунча 27 марта қайта кўрилар экан. Яъни, депутат ўтириб қонун ижодкорлиги билан шуғулланади, бу эса халққа кўринмайди.

Депутатнинг иккинчи вазифаси назорат таҳлил ва вакиллик вазифаси. У бир ойда 10 кун сайлов участкасига чиқади. Албатта, мана шу учрашувларда улар томонидан берилаётган ваъдаларнинг бажарилмаслиги ҳам сиз айтаётган ҳолатларга сабаб бўляпти.

Яна бир сабабни очиқ айтиш керак. Сенаторларнинг бу вазифадан ташқари ҳам давлат ташкилотидаги бошқа бир вазифаси бор. Шу сабабли ҳам айрим сенаторлар танқидий фикрлар билдиришдан, муаммоларни гапиришдан ўзини тийиб туради.

Сўнгги йилларда депутат ва сенаторларга халқ ишончи тушиб бораётгани бор гап. Расмийларнинг муаммолар ҳақида гапирмаслиги ҳали ҳам ўша эски қўрқувнинг сақланиб қолаётганидан.

Айрим раҳбарлар қуюшқондан чиқиб кетмоқда

Сўнги вақтларда ОАВ ва ижтимой тармоқларда қонунларнинг барча учун тенг ишламаётгани борасида билдирилаётган эътирозли фикрлар сони ортиб бормоқда. Бу эса хавфли ҳолат ҳисобланади.

Қайсидир вилоят, туман ҳокими, сенатор ёки бошқа амалдор қонунни бузса, у шунчаки, кечирим сўраб қутулади, оддий халқ вакили, журналист ёки блогер қонун бузилишига йўл қўйса, қамалади, ёки жарима тўлайди.

Хўш, нега бу каби ҳолатлар кўпайиб бормоқда? Сенатор саволга қуйидаги мазмунда жавоб берди.

— Қонун ҳаммага тенглиги конституциямизда белгиланган, буни барчамиз биламиз.

Сиз айтаётган масала оммавий эмас, аммо ижтимоий тармоқларда чиқаётган тўрт-беш раҳбарнинг айб қилиб, вазиятдан шунчаки кечирим сўраш билан қутулаётгани ҳолатлари ҳам бор гап. Менимча, уларга барибир чора кўрилади.

Бу оғир савол. Ўша раҳбарларнинг тажрибаси, бошқа соҳалардаги хизматлари, мутахассислиги инобатга олиниб, балки қандайдир кечирим институти ишлаётгандир, лекин бу нотўғри. Айрим раҳбарларнинг қуюшқондан чиқиб кетаётганини ижтимоий тармоқлар орқали кўряпмиз.

Қонун ҳаммага баробар бўлиши керак.

Мавзуга оид