Ўзбекистон | 13:23 / 09.04.2024
34637
2 дақиқада ўқилади

Депутатлар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига оид қонунни қабул қилди

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишни назарда тутувчи қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида учинчи ўқишда қабул қилинди. Сенат тасдиғига юбориладиган мазкур қонун қарийб 4 млн фуқароларга бевосита дахлдор экани айтилган.

Фото: Kun.uz

Бугун, 9 апрел куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Расмий релизда айтилишича, мазкур қонун фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган уй-жой, бошқа бино ва иншоот ёки кўчмас мулк объектларига нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштилиши учун ҳуқуқий асослар яратилишига хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан моддама-модда муҳокама қилинди ва учинчи ўқишда қабул қилинган.

Қонунчилик палатасининг аввалги мажлисида ахборот берган Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов бу қонун 3,8 миллиондан ортиқ фуқаронинг 493 минг гектарга тенг ер участкалари тақдирини белгилаб беришини айтганди.

Олий Мажлис Сенатининг шу йил 30 март куни бўлиб ўтган эллик биринчи ялпи мажлисида ушбу қонунни қабул қилиш зарурати ҳамда унинг қайси босқичда экани муҳокама қилинган, масъулларга жараённи тезлаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилганди.

 

Мавзуга оид