Ўзбекистон | 20:00 / 06.01.2020
32585
2 дақиқада ўқилади

Музлама туфайли Тахтақорача довонида транспорт ҳаракати яна чекланди

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ

6 январь куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманидан Қашқадарё вилоятига ўтувчи халқаро аҳамиятга эга М-39 «Олмаота–Тошкент–Термиз» автомобиль йўлининг Тахтақорача довонидан ўтган қисмида ҳаракат яна вақтинча тўхтатилди.

Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБнинг Kun.uz’га маълум қилишича, йўлнинг 1132–1135 км.ларида қорнинг қалинлиги 30 см.дан ошиб, қатнов қисмида музлама ҳосил бўлган, қор ёғаётгани натижасида кўриш масофаси чекланган.

«Шунингдек, йўлнинг Қашқадарё вилояти ҳудудидан ўтган қисмида ҳам қор қалин ёғиб, музлама ҳосил бўлгани сабабли Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 2020 йил 6 январдаги 1/26-сонли хатини инобатга олган ҳолда автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши соат 18.00да вақтинча тўхтатилди», – дейилади бошқарма ахборотида.

Йўлнинг Тахтақорача довонидан ўтган қисмида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш  мақсадида:
•    йўлни қордан тозалаш учун 2та автогрейдер;
•    йўлга қум сепиш учун 4 та«MAN» юк автомобиллари;
•    Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонасидан 16 нафар ишчи;
•    вилоят ИИБ ЙҲХБдан 8 нафар ходим ва 4та патруль автомашинаси;
•    вилоят ФВБдан 6 нафар ходим ва 2та автотранспорт воситаси жалб қилинган.

Ҳозирги вақтда барча транспорт воситаларининг ҳаракати А-378 «Самарқанд–Ғузор» автомобиль йўли орқали ташкил этилган.

Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳайдовчилардан транспорт воситасини бошқариш чоғида ҳушёр бўлишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, «Тахтақорача» довонидан ўтган йўл 4 январь куни ҳам ёпилиб, 5 январь тонгида қайта очилган эди.

Мавзуга оид