Ўзбекистон | 16:06 / 11.01.2020
69743
6 дақиқада ўқилади

Божхона тўловлари 30 фоизга ошгани ростми?

Давлат божхона қўмитаси Божхона тўловлари бошқармаси бош инспектори Илҳомжон Пардаев билан сўнгги кунларда муҳокамаларга сабаб бўлган божхона янгиликлари бўйича суҳбат қилдик.

– Илҳомжон, хуш келибсиз. Кўпчилик орасида “2020 йил 1 январдан божхона тўлови 30 фоизга ошар экан” деган умумий бир маълумот тарқалди. Бу хабарлар қанчалик асосли?

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” ПҚ-4508-сон қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб, республикамизга кириб келаётган жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб келинаётган нотижорат мақсадлардаги товарлари божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган ҳолатларда божхона тўловлари соддалаштирилган тартибда ундирилиши йўлга қўйилди. Яъни, божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси жорий қилинди.

Мазкур ставкалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда татбиқ қилинади.

Қарор билан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйхати ҳам тасдиқланди. Улар сирасига тиббиёт техникаси ва ускуналари, тиббиёт, хирургия, стоматология ёки ветеринария мебели, фотолабораториялар учун аппаратура ва ускуна, ўйин автоматлари каби қатор товарлар киради.

– Бу янгилик ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди, табиийки турли фикрлар билдирилмоқда. Бу баҳс мунозараларни кузатиб боряпсизми, муносабатингиз қандай?

– Албатта, фаолиятимизга оид ҳар қандай хабар диққат марказимизда бўлади. Лекин бу қарор моҳияти тўғри тушунилиши, нотўғри татбиқ қилинмаслиги керак. Мана оддий мисол билан тушунтирсам: 2020 йил 1 январга қадар божхона божи, акциз солиғи ҳамда ҚҚС ставкалари йиғиндиси озиқ-овқат товарлари учун ўртача 37% ва ноозиқ-оқат товарлари учун 45%ни ташкил этган. Эндиликда эса буларнинг бари учун 30% миқдорида ягона божхона тўлови жорий этилди.

Кўриниб турибдики, янги жорий этилган ягона божхона тўлови 2020 йил 1 январга қадар жисмоний шахслардан ундирилган тўловлардан пастроқ.

Шахсий эҳтиёжлар учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйхати тузилишига ҳам жиддий сабаб бор. Тижорат мақсади учун олиб кирилаётган товарларни “ўз эҳтиёжим учун” деган важ билан олиб кириш ҳолатлари кўпаймоқда. Ваҳоланки, юқорида санаб ўтилган товарлар асосан саноатда, тадбиркорликда фойдаланилади ҳамда улар сифат ва хавфсизлик бўйича мажбурий текширувлардан ўтказилиши лозим бўлган товарлар сирасига киради.

 – Жисмоний шахслар қанча миқдорда ёки ҳажмда товарлар олиб киришда божхона тўловлари тўламайдилар?

– Жисмоний шахслар автомобил ва пиёдалар ўтадиган пунктлардан ўтганларида 300 АҚШ доллари, поездда 1000, самолётда 2000 АҚШ долларигача қийматдаги товарларни божсиз олиб киришлари мумкин. Йирик маиший техникалар, масалан кондиционер, телевизор каби маҳсулотларни 6 ойда бир марта бож тўловисиз олиб киришга рухсат берилади.

 – Кўпинча назорат пунктларида катта миқдорда хорижий валюта олиб ўтилаётгани фош қилингани бўйича расмий маълумотлар берилади. Айтинг-чи, ўша пулларнинг кейинги тақдири нима бўлади?

– Ўзбекистонга чекланмаган миқдорда валюта олиб кириш, 100 млн. сўмгача қийматдаги нақд миллий ва хорижий валютани олиб чиқиб кетиш мумкин. Лекин шунча имкониятлар берилганига қарамасдан баъзи фуқаролар валютани яшириб олиб ўтишга ҳаракат қилишади.

Божхона органлари томонидан 2019 йил давомида 221 та ҳолатда 14,1 млрд. сўмлик хорижий ва миллий валюталарни божхона чегараларидан ноқонуний равишда олиб ўтиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, бу пуллар далилий ашё сифатида олинган. Ҳуқуқбузарлик холати бўйича ушлаб қолинган хорижий ва миллий валюталар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.07.2009 йилдаги 200-сонли қарорига асосан банк муассасасига вақтинчалик сақловга топширилади. Шундан сўнг суд қарорига кўра ушбу ҳуқуқбузарга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, валюта бойликлари давлат эгалигига ўтказилади.

 – Яқинда янги йил байрамини ўтказдик. Афсуски барибир пақилдоқлар овози эшитилиб турди. Айтинг-чи, бу борада нима ишлар қилинди-ю, келажакда нима ишлар қилиниши керак?

– Республикамиз божхоначилари томонидан пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши қаратилган тезкор-чора тадбирлар мунтазам амалга оширилиб келинмоқда.

Ҳамкасбларимиз ўтган 2019 йил давомида 311 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 4 млрд. 947 млн. сўмликни ташкил этувчи 4 млн. 386 минг донадан ортиқ пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйишди. Халқимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она” мазмунидаги мақол бор. Шундай экан пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан иш олиб борилиши, балки, ҳар бир ота-она, таълим муассасалари, маҳалла идоралари билан ҳамкорликда таъсирчан тарғибот ишлари олиб борилиши мақсадга мувофиқ.

 Аброр Зоҳидов суҳбатлашди,
тасвирчи Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид