Жамият | 10:23 / 11.01.2020
52240
3 дақиқада ўқилади

Нишонда қўйларнинг сўйилиши воқеаси. Прокуратура айбдорлар жазолангани ҳақида баёнот берди

Қашқадарё вилоятида далани пайҳон қилган қўйлар сўйиб ташлангани ҳақида хабар берилганди. Ижтимоий тармоқларда мазкур воқеа бўйича тарқалган видеода вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Ариповлиги айтилган масъул шахс ҳоким Зойир Мирзаевга кўрилган чора тўғрисида ҳисобот бераётганини кўриш мумкин.

Кейинроқ Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати қўйларни сўйиш буйруғи вилоят ҳокими томонидан берилмагани ва бу иш юзасидан вилоят прокуратураси шуғулланаётганини маълум қилди.

Қашқадарё вилоят прокуратураси ана шу воқеа бўйича баёнот берди.

«Аниқланишича, видеолавҳада Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг вилоят бошқармаси бошлиғи А.Арипов, Нишон тумани бўлим бошлиғи А.Раҳматов, туман ИИБ бошлиғи Д.Умаров, «Отамурод ота» фермер хўжалиги иш юритувчиси Ш.Бобоназаров, ғалла майдонини пайҳон қилган 21 бош чорва моллари эгаси А.Азаматовлар иштирокида вилоят ҳокими топшириғига кўра, ғалла майдонини пайҳон қилингани учун фермер хўжалиги раҳбари ва пайҳон қилган қўй эгасига тегишли 1тадан (жами 2 бош) қўйни сўйиб, кам таъминланган оилаларга тарқатилиши ҳолати акс эттирилган», - дейилади баёнотда.

Ўтказилган текширув натижасига кўра, ғалла экинларини пайҳон қилинганлиги ҳолати юзасидан Нишон тумани маъмурий судининг қарорига асосан, А.Азаматов МЖтКнинг 104-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга огоҳлантириш эълон қилиниб, пайҳон натижасида етказилган зарар қопланиши таъминланган.

Шунингдек, А.Арипов ва А.Раҳматовлар МЖтКнинг 200-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Нишон тумани маъмурий судига юборилган.

Суднинг 2020 йил 9 январдаги қарорига кўра, А.Арипов ва А.Раҳматовларга нисбатан жарима жазоси тайинланган ва маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарар тўлиқ бартараф қилиниши таъминланган.

Бундан ташқари, Нишон тумани ИИБ бошлиғи Д.Умаровнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, унинг ҳаракатлари интизомий кенгашда кўриб чиқилиши белгиланган, дейилади вилоят прокуратураси баёнотида.

Мавзуга оид