Спорт | 08:56 / 13.01.2020
34686
3 дақиқада ўқилади

«Пенальтини Жасурга берсам бўларкан…» –футболчилар Хитойга қарши ўйиндан кейин нималар дейишди?

12 январь куни Ўзбекистон U23 жамоаси Таиландда ўтаётган Осиё чемпионати гуруҳ босқичининг 2-турида Хитой U23 билан тўқнаш келиб, Ислом Қобилов ва Нурилло Тўхтасиновнинг голлари эвазига ғалаба қозонди ҳамда гуруҳда 2-ўринга кўтарилиб олди. 

Ушбу баҳсдан сўнг Ўзбекистон миллий олимпия жамоасининг айрим футболчилари ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

Азиз Ғаниев: «Ўтган ўйин қийин бўлганди. 50% кучимизни кўрсата олгандик, бугун 100% кучимизни кўрсатишга эришдик. Жанубий Корея билан ўтадиган навбатдаги баҳсда ҳам мухлисларни хурсанд қилишга, олдимизга қўйилган вазифани бажаришга ҳаракат қиламиз».

Ҳусниддин Алиқулов: «Ўйин яхши бўлди. Мухлисларни хурсанд қилганимиздан мамнунмиз. Насиб бўлса, кейинги баҳсда ҳам ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз».

Ойбек Бозоров: «Ҳаммаси ўйлаганимиздек бўлди. Ҳужумкор ўйин кўрсатдик. Ниятимизга етдик».

Бобур Абдухолиқов: «Бизни қўллаб турган мухлисларга каттакон раҳмат. Халқимиз дуо қилиб туришсин, уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз. 

Жанубий Кореяни аввалги Осиё чемпионатида енгган бўлсак ҳам (4:1), бу сафаргиси умуман бошқача ўйин бўлади. Улар гуруҳдан чиқиб бўлишди, лекин бизни муҳим баҳс кутиб турибди».

Санжар Қодирқулов: «Аввало, ўтган ўйиндан сўнг йигитлар билан гаплашиб олдик. Дастлабки баҳсда ўйинимиз қовушмаганди. Бугун ғалаба қозониб, юзимиз ёруғ бўлди. 

Бошқа бундай имконият бўлмайди. Жаҳон чемпионати учун имкониятлар кўп бўлиши мумкин, лекин олимпиада учун бундай эмас. Ҳар бир ўйинда бор кучимизни ишга солиб, жонимизни бериб ҳаракат қиламиз».

Абдувоҳид Неъматов: «Дастлабки баҳсда Эрон билан дуранг ўйнаганимиздан сўнг бугун ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди. Ўз даражамизни кўрсата олдик. Бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга алоҳида раҳмат. Улар чиндан ҳам 12-ўйинчи бўлишди».

Ислом Қобилов: «Биринчи ўйиндан сўнг тегишли хулосаларни чиқардик, видеотасмаларни кўриб чиқдик. Жаҳон чемпионатларининг илк ўйинларида кучли жамоалар ва футболчилар ҳам қийналишади. Албатта, ҳаяжон бўлади. 

Биринчи пенальтини тепаётганимда ишончим бор эди. Иккинчи пенальтида бироз иккиланиш бўлди. Иккинчи пенальтини Жасур Яхшибоев сўраган эди, берсам бўлар экан. Пенальтидан фойдалана олмаганимдан кейин тушкунликка тушмадим. Азиз Ғаниев ва бошқа жамоадошларим далда беришди». 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий олимпия жамоаси 1-турда Эрон билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаганди. Любинко Друлович шогирдлари 3-турни 15 январь куни гуруҳ пешқадами Жанубий Корея миллий олимпия жамоасига қарши ўтказишади.

Мавзуга оид