Ўзбекистон | 21:00 / 15.01.2020
34279
2 дақиқада ўқилади

Пенсия жамғармаси Hyatt Regency пенсия пулига қурилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Пенсия жамғармаси Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси пенсия пулига қурилгани ҳақида интернетда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

«Шу кунларда ижтимоий тармоқларда «Пенсия пулига қурилган Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси хусусийлаштирилади» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда «Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси пенсия олувчиларнинг пулига бунёд этилган» мазмунидаги маълумотлар берилиб, бу эса ижтимоий тармоқларда нотўғри маълумотлар тарқалишига ва аҳоли орасида тушунмовчилик пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.

Шу ўринда, аввало Пенсия жамғармасига юклатилган асосий вазифаларга тўхталиб ўтиш лозим. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 30 декабрдаги «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Пенсия жамғармаси:

  • фуқароларнинг давлат пенсия таъминотини ташкил қилади, фуқароларга пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация ва бошқа тўловларни тайинлайди;
  • пенсиялар ҳамда бошқа тўловларни тўлиқ ҳажмда молиялаштиради ва тўланишини ташкил қилиб, улар бўйича ҳисоб ва ҳисоботни юритади;
  • пенсиялар тайинланиши ва қайта ҳисоблаб чиқилишини тизимли асосда доимий таҳлил қилиб, мониторингини олиб бориш, пенсия таъминотига йўналтириладиган маблағлардан қатъиян мақсадли фойдаланилишини таъминлайди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Пенсия жамғармаси маблағлари ҳеч бир кўринишдаги лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланмайди. Хусусан, мақоладаги «Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси пенсия олувчиларнинг пулига бунёд этилган»лиги кўрсатилган маълумот нотўғри келтирилган. Ушбу лойиҳага Пенсия жамғармаси томонидан ҳеч қандай маблағ ажратилмаган. Жамғарма маблағларидан фақат пенсиялар тўловини молиялаштириш учун фойдаланилади.

Амалдаги қонунчилик талабларига биноан, жамғарманинг вақтинча бўш маблағлари мавжуд бўлган ҳолда қисқа муддатли тижорат банкларидаги депозитларга ва бошқа молиявий воситаларга жойлаштирилади», дейилади Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид