Ўзбекистон | 21:30 / 16.01.2020
25272
3 дақиқада ўқилади

«Рақобат муҳити бузилган». Газ ҳисоблагичларини тендерсиз ўрнатиш бўйича қарор лойиҳасига муносабат билдирилди

Аввалроқ Kun.uz сайтида «Ўзбекистонда янги корхонанинг газ ҳисоблагичларини тендерсиз ўрнатишмоқчи. Корхона кимники?» сарлавҳаси остида мақола нашр этилганди.

Унда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг Россиянинг «Газдевайс» АЖ билан ҳамкорликда амалга оширилиши кўзда тутилган табиий газни назорат қилиш ва ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор лойиҳаси тўғрисида сўз юритилганди. 

Лойиҳада айтилишича, «Навоий» эркин иқтисодий зонасида йилига 750 минг дона «Smart Metering» счётчикларини ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ишга туширилади.

Davletovuz’нинг билдиришича, қарор лойиҳаси билан янги корхонага яхшигина имкониятлар тақдим этилмоқда:

«Биринчидан, «Қишлоқ қурилиш инвест» ва «Шаҳар қурилиш инвест» АЖ ва бошқа қурилиш ташкилотларига мазкур счетчикларни ҳеч қанақа танлов, тендерсиз сотиб олиш ҳуқуқи берилаяпти. 

Иккинчидан, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ 2020—2021 йилларда «Газдевайс» МЧЖ ҚКнинг счетчикларини 3 млн 620 мингдан ортиқ истеъмолчига (ҳам юридик, ҳам жисмоний) ўрнатади. Бунда уларга Мажбурий ижро бюроси яқиндан ёрдам беради. Бу ҳам ҳеч қанақа тендерсиз, танловсиз амалга оширилади. 

Учинчидан, «Газдевайс» МЧЖ ҚК ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳани амалга ошираётгани учун унинг маҳсулотлари ҚҚС, божхона тўловларидан озод қилинади».

Монополияга қарши курашиш қўмитаси мазкур қарор лойиҳаси бўйича ўз хулосасини берди.

Хулосада айтилишича, бозорнинг барча иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиш мақсадида лойиҳада газ ҳисоблагичларни сотиб олиш тендер (конкурс) савдолари асосида амалга оширилиши кўзда тутилиши лозим.

Шунингдек, бозорнинг барча иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиш ҳамда ноҳалол рақобатга йўл қўймаслик мақсадида «Газдевайс» МЧЖга солиқ имтиёзлари берилиши тўғрисидаги бандни қарор лойиҳасидан чиқариб ташлаш тавсия этилмоқда.

Мавзуга оид