Спорт | 21:53 / 17.01.2020
24141
5 дақиқада ўқилади

Боксчилар ҳам Олимпиада саралаши арафасида: таркиб, тайёргарлик ва формат ҳақида

Олимпиада йили саналмиш 2020 йилни футболчилардан кейин, боксчилар ҳам муҳим мусобақа билан бошлашади. Бугун, 17 январь куни бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Олимпиадага йўлланма берувчи лицензияларни қўлга киритиш мақсадида Хитойга жўнаб кетди.

Kun.uz ҳар тўрт йилликнинг энг нуфузли турниридаги асосий умидимиз бўлган чарм қўлқоп усталаримизнинг лицензион турнирдаги тайёргарлиги, таркибимиз, Хитойдаги мусобақа ва унда ўйналадиган Олимпиада йўлланмалари ҳақида сўз юритади.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Тайёргарлик, 1,1 миллиард сўм маблағ ва Хитой сафари

Ўзбекистон миллий жамоаси Хитойдаги Осиё-Океания минтақавий нуфузли мусобақасида иштирок этиш учун икки ҳафта олдин етиб боради. Сабаби, боксчиларимиз 17-31 январь кунлари мусобақа ўтадиган мезбон Ухань шаҳрида ўқув-машғулот йиғини ўтказишни мақсад қилишган. Тайёргарлик жараёнида ўзимизнинг боксчилар билан спарринг жанглар ўтказиш учун миллий жамоамиз учта таркиб билан йўл олмоқда.

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмоновнинг тегишли буйруғига кўра, боксчиларимизнинг ўқув-машғулот йиғини ҳамда турнирда иштирок этиб қайтишлари учун МОҚ томонидан Ўзбекистон бокс федерацияси ҳисоб рақамига 1 миллиард 103 миллион сўм миқдоридаги маблағ ажратилган.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Хитойга йўл олаётган делегациядан боксчи, мураббий ва персоналдан иборат жами 32 нафар делегат ўрин олган:

Саралаш босқичи қандай ўтказилади?

Маълумки, 25 июлдан 9 августга қадар давом этадиган Токио-2020 Олимпиадасининг бокс бўйича турнирида 186 нафар эркак ва 100 нафар аёл боксчи иштирок этади. 2019 йилда Екатеринбург шаҳрида ўтган жаҳон чемпионати Ўзбекистон бокс миллий жамоасининг умумжамоа ҳисобидаги ғолиблиги билан якунланган бўлса-да, унда Олимпиада йўлланмалари ўйналмаган эди.

Бокс терма жамоаси Ўзбекистонда 2019 йилнинг энг яхши терма жамоаси деб топилган.
​​​​Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Халқаро Олимпия Қўмитасининг бокс бўйича ишчи гуруҳи қарорига кўра, Олимпиадага йўлланма берувчи минтақавий саралаш турнирларининг дастлабкиси 3-14 февраль кунлари Хитойда ўтказилиб, Осиё ва Океания саралаш босқичида Токио-2020 лицензиялари ўйналади.

Африка минтақаси учун саралаш февралда, Европа саралаш босқичи мартда, Америка саралаш турнири апрелда ўтказилади. 13-24 май кунлари эса Франция пойтахти Парижда якуний жаҳон саралаш босқичи ўтказилиб, унда Олимпиада ўйинларига ҳали йўлланма олмаган боксчилар ҳал қилувчи жангларга киришишади.

2019 йилги Жаҳон чемпионатида совриндор бўлган боксчилар давлат мукофотлари билан тақдирланиб, уларга автомобиллар совға қилинди.

Хитойда нечта Олимпиада йўлланмаси ўйналади?

Чин мамлакатидаги Осиё-Океания турнирида эркак боксчилар орасида 41та йўлланма, аёллар ўртасидаги жангларда эса 22та Олимпиада лицензияси ўйналади.

Жумладан, 52, 57, 63 килолик вазнлар учун 6тадан ўрин ажратилган бўлса, 69, 75, 81 кг.лик тоифада 5тадан ўрин, оғир вазн саналмиш -91 ва 91+ кг.дан ортиқ вазн категориясида 4тадан йўлланма ўйналади.

65 ёшли тажрибали мутахассис Марат Қурбонов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий жамоаси 8 вазндан 7таси бўйича иштирок этишини инобатга олсак, максимал вазифани уддалаш учун боксчиларимиз Хитойдан 7та Олимпиада йўлланмаси билан қайтишлари лозим.

Баҳодир Жалолов - ЖЧ-2019нинг энг яхши спортчиси

Таркибимиз қандай кўриниш олган?

Ўзбекистон миллий жамоаси мураббийлар штаби Уҳандаги ўқув-машғулот йиғини олдидан юртимизда олиб борган тайёргарлик босқичининг якунида Олимпиадага йўлланмаси учун курашадиган боксчиларимиз рўйхатини аниқлаб олишган.

Жумладан, энг енгил вазн саналмиш 52 кг вазнда Шаҳобиддин Зоиров курашга киришса, 57 кг.лик вазнда Миразиз Мирзахалилов, 63 кглик вазнда Элнур Абдураимов, 69 кг.лик вазнда эса Бобо Усмон Батуров танланган. 81 кг.лик вазнда Дилшод Рўзметов, 91 кг.да Санжар Турсунов, 91 кг.дан ортиқ вазн тоифасида эса кутилганидек жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Шаҳобиддин Зоиров ЖЧ-2019 финалида индистонлик Амит устидан ғалабага эришганди.

Ажабланарлиси, 75 кг категорияли саралаш турнирида Ўзбекистондан ҳеч ким иштирок этмайдиган бўлди. Аслида режа бўйича Бектемир Мелиқўзиев қатнашиши керак бўлган, аммо «безори» тахаллусли боксчи АҚШда эканлиги боис, у май ойида Париждаги жаҳон саралаш босқичида иштирок этиши кўзланган.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, сўнгги Олимпиада ва жаҳон чемпионатида бокс бўйича дунёнинг тенгсиз жамоаси бўлган Ўзбекистон миллий жамоасининг Хитойга жанговар таркиб билан бормоқда, дейишга асосларимиз етарли. Шундай экан, ўзбекистонлик мухлислар чармқўлқоп усталаримизнинг Хитойдан улкан ғалаба ва 7та Олимпиада йўлланмаси билан қайтишларига ишониб қолишади.

Усмон Ибодов

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид