Жамият | 10:19 / 17.01.2020
28139
1 дақиқада ўқилади

Саратов яқинидаги ЙТҲда уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди

Фото: Россия ФВВ

Россиянинг Саратов областидаги автомобил йўлида «Волга» автомобили ва Hyundai Starex минивэни ЙТҲга учради. Бахтсиз ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда РФ ИИВ Бош бошқармаси матбуот хизматининг минтақадаги расмий вакиллари.

Маълумотларга кўра, минивэн ҳайдовчиси қувиб ўтиш мақсадида қарама-қарши йўлга чиққан, лекин бошқарувни йўқотган ва ўз вақтида йўлига қайтишга улгурмаган, оқибатда рўпарадан ҳаракатланиб келаётган ГАЗ-3110 билан тўқнашган. Автоҳалокат натижасида ҳар икки ҳайдовчи ҳамда минивэннинг уч нафар йўловчиси ҳалок бўлди, Hyundai салонида бўлган яна тўрт киши жиддий жароҳат олди.

Жароҳат олганлар яқин орада жойлашган тез тиббий ёрдам бўлинмасига олиб кетилган.

Россия ОАВ маълумотларига кўра, минивэнда бўлганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эди. Ҳалок бўлганларнинг оилалари, шунингдек, жабрланган Ўзбекистон фуқаролари ўз мамлакатлари консуллигидан ёрдам оладилар, дея хабар тарқатган ОАВ.

Мавзуга оид