Ўзбекистон | 22:28 / 18.01.2020
9495
3 дақиқада ўқилади

Туризм соҳасида тадбиркорлар кам, борлари ҳам бир хил йўналишга мослашиб қолган – Абдулазиз Аққулов

Туризм соҳасида тадбиркорлар кам, борлари ҳам бир хил йўналишга мослашиб қолган, деди туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Абдулазиз Аққулов 18 январь куни ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда.

Абдулазиз Аққулов / Фото : KUN.UZ

“Германияга ITP ярмаркасига Ўзбекистондан 15та турфирма боради. Барчасида бир хил турпакет – Тошкент, Самарқанд, Бухорога саёҳат пакетлари сотилади. Биттасига Нурота, биттасига бошқа бир жой аралашиб қолиши мумкин. Бўлди, бошқа ҳеч нарса йўқ. Нимага буни диверсификация қилмаслигимиз керак? Нимага янги-янги жойларни кўрсатмаслигимиз керак? Ўша жиҳатдан янги тадбиркорлар гуруҳини шакллантиришга муҳтожмиз”, дея Абдулазиз Аққуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қўмита раисининг таъкидлашича, виза тизимининг енгиллашаётгани, фуқаро авиацияси соҳасида кутилаётган ислоҳотлар натижасида ёшлар келгусида турфирма очиб ўтириши шартмас. У ёшлар янги-янги стартаплар қилиб, электрон тўловлар орқали хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйишса, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси уларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

“Сурхондарё вилоятида Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи бор, буни кўпчилик билади. Бу жой биз учун эскитдан қадрли зиёратгоҳлардан ҳисобланади. Лекин бу жойдан уч километрча олдинроқда Муҳаммадзоҳид ҳазратларининг зиёратгоҳлари бор. Сўфи Оллоёр зиёратгоҳидан қайтишда йўл-йўлакай кирганимизда бу ерда “Силсилаи олия”га кирган аждодларимизнинг мақбараларини зиёрат қилиб юрган турк зиёратчиларини кўрдик. Энг қизиғи, зиёратгоҳда ўтирганлар Муҳаммадзоҳид ҳазратларининг “Силсилаи олия”га кириш-кирмаслиги ҳақида маълумотга эга эмас. Лекин айнан шу қадамжода келган-кетганларга қараб ўтиришибди, марҳумнинг ҳаққига тиловат қилиб одамларни жўнатворишяпти.

Одамларнинг оқими Сўфи Оллоёр зиёратгоҳига беш баробар кўп, Муҳаммадзоҳид ҳазратларининг зиёратларига айримлар йўл-йўлакай кириб ўтишяпти. Кейинчалик бу шахснинг қилган ишларини, динни тарқатишдаги ролини ўргандик, ушбу зиёратгоҳга келган туркларнинг қўлида Муҳаммадзоҳид ҳазратлари ҳақидаги китобларни кўргандик, уларни ҳозир ўзбек тилига таржима қилдиряпмиз. Ўз атрофимиздаги, ўзимиздаги бор нарсаларни тўлиқ ўрганмас эканмиз, ривожланиш бўлиши қийин”, деди Абдулазиз Аққулов.

Очиқ мулоқот давомида Абдулазиз Аққулов йиғилганларни қизиқтирган саволларга жавоб берди, ёшларнинг жўяли таклифларини амалга ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўткир Саидовнинг айтишича, бундай форматдаги учрашувлар ҳар ойда бир марта бўлиб ўтиши ва республиканинг барча ҳудудларини қамраб олиши режалаштирилган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид