Ўзбекистон | 08:50 / 19.01.2020
7610
2 дақиқада ўқилади

Туризм қадимий иморатлар дегани эмас, ҳар қандай жойдан туризм намойиш объектини яратса бўлади – Абдулазиз Аққулов

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Абдулазиз Аққуловнинг фикрича, туризм қадимий иморатлар дегани эмас, ҳар қандай жойдан туризм намойиш объектини яратса бўлади. У бу ҳақда 18 январь куни бўлиб ўтган ёшлар билан учрашувида айтиб ўтди.

“Ҳар бир ҳудуддан туризм маскани сифатида фойдаланишимиз керак. Сирдарё вилоятининг туризм салоҳияти йўқ дейишади доим. Менга алам қиладигани, вилоят мутасаддилариям шундай фикрда. Туризм қадимий иморатлар дегани эмас. Ҳар қандай жойдан алоҳида тематикани ўйлаб топиб, ўша ерда туризм намойиш объектини яратса бўлади. Шу жиҳатдан ёшларимиздан ғояларда, тасаввурда, фантазияда чекланмасликларини сўраган бўлардим.”, дея Абдулазиз Аққуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Учрашувда Ўзбекистондаги мавжуд турфирмаларга илғор фикрли ёшлар рақобатчилик қилиши кераклиги, бироқ онлайн тўлов тизимлари, онлайн сотувларнинг секин ривожланаётгани рақобатчилар етишиб чиқишини секинлаштираётгани таъкидланди.

“Онлайн тўлов тизимлари, онлайн сотувларнинг секин ривожланаётгани бугунги кунда мавжуд туроператорларимизга рақобатчилар етишиб чиқишини секинлаштирмоқда. Бир хилликдан қочишимиз керак. Шунинг устида ишлашингизни сўраган бўлардим”, дейди Абдулазиз Аққулов.

Аввалроқ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси туризм соҳасида тадбиркорлар камлиги, борлари ҳам бир хил йўналишга мослашиб қолганини танқид қилган эди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид