Спорт | 18:10 / 22.01.2020
10368
2 дақиқада ўқилади

Любинко Друлович: «Бобур Абдухолиқовнинг ўзида 3та яхши вазият бўлди, рақиблар эса биргина вазиятдан гол уришди»

Фото: KUN.UZ

Бироз аввал якунига етган Саудия Арабистони ва Ўзбекистон Олимпия терма жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг матбуот-анжумани ўтказилди. Анжуманга дастлаб терма жамоамиз устози Любинко Друлович келди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Жуда қийин ўйин бўлди. Дам олиш учун кам кун бўлгани барибир ўз сўзини айтди. Лекин бугун ёмон ўйнамадик. Кўпроқ имкониятларга эга бўлдик. Биргина Бобур Абдухолиқовда 3 та яхши вазият бўлди. Афсуски, фойдалана олмадик. Ўйин охири рақиб учун омадли ўтди. Саудияликларни ғалаба билан табриклайман. Энди келгуси ўйинларга яхши тайёрланишга ҳаракат қиламан», – деди Любинко Друлович.

– 1 йилдан бери Ўзбекистон терма жамоасидасиз. Нима деб ўйлаймиз, нега Миллий терма жамоамиз ҳам, ёшларимиз ҳам ўйин охирида имкониятни бой бериб қўймоқда?
– Билмадим. Бунга изоҳ бериш қийин. Бугунги ўйиндагидек биргина хато вазиятни бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Футбол шуниси билан ҳам бошқа спортлардан фарқ қилади. Бугунги ўйин ўтиб бўлди. Энди буни унутган ҳолда бор эътиборимизни кейинги баҳсга қаратамиз.

– Бугун мағлубият бўлса-да, Олимпиада йўлланмаси учун имкон бор. Йигитларни тайёрлашга улгурасизми?
– Аввало, натижага эришиш учун ўзимизни ишонтира олишимиз керак. Энди кейинги ўйинга боримизни бериб тайёрланамиз. Ҳозир йигитларни ҳам руҳий жиҳатдан тайёрлаш керак. Олимпиадага йўлланма қўлга киритиш Ўзбекистон учун қандай муҳим аҳамият касб этишини тушуниб турибмиз. Насиб қилса, келаси учрашувда бу ишончни оқлаймиз.

Мавзуга оид