Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Томскдаги фожиа қурбонларининг жасадларини имкон қадар қисқа муддатларда Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсуновнинг айтишича, Россиянинг Томск вилоятидаги ёнғинда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадлари ДНК текширувидан сўнг Ўзбекистонга қайтарилади. У бу ҳақда 23 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
«Ҳозирги кунда Россиянинг Томск вилоятида рўй берган фожиа бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ишчи гуруҳ таркибида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ходими ҳам бор. Ишчи гуруҳ айни пайтда Томскда.
Ҳозирги кунда жасадлар идентификация қилинмоқда, яъни ДНК текшируви орқали вафот этганларнинг шахсига аниқлик киритилмоқда. Ўзбекистондан марҳумларнинг қариндошлари ДНКлари олиб борилиб, солиштириш ишлари олиб бориляпти. Генотипик экспертиза ўтказилгандан сўнг жасадларни ватанга юбориш мумкин бўлади. Айни пайтда Россиядаги ҳамкорларимиз билан биргаликда жасадларни имкон қадар қисқа муддатларда Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда», дея Бахтиёр Турсуновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда таъкидланишича, фожиа қурбонларининг дафн маросимлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
«Томскдаги фожиа қурбонларининг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш масаласиниям ўрганяпмиз. Агар фожиа иш берувчининг айби билан юз бергани тасдиғини топса, иш берувчидан ҳар бир марҳум учун компенсация ундириш имкони бор. Ҳали суриштирув ишлари тугамаган. Ёнғин сабабларини ҳали ҳеч ким аниқ айтиб беролмаяпти. Бу аниқ бўлгандан кейин шунга қараб ўрнатилган тартибда фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўрамиз», дейди Бахтиёр Турсунов.
Унинг айтишича, ёнаётган уйдан қочиб чиқиб, фожиадан омон қолган, айни пайтда шифохонада даволанаётган Ўзбекистон фуқаросининг даволаниш харажатлари ҳам Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилади.
Эслатиб ўтамиз, 21 январга ўтар кечаси Россиянинг Томск вилояти Асино туманидаги бир қаватли ёғоч уйда ёнғин рўй бериб, уйнинг 208 метр квадрат майдони ёниб кетган. Ёнғин оқибатида 11 киши ҳалок бўлган, улардан 10 нафари Ўзбекистон фуқаролари экани аниқланган. Икки киши ёнаётган уйдан қочиб чиқишга улгурган. Ёниб кетган уйда жами бўлиб 14 киши яшагани, улар «Гринвуд» ёғоч тайёрлаш компанияси ишчилари бўлган айтилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига асосан ҳодиса юзасидан ҳукумат комиссияси тузилган.
Мавзуга оид
13:10 / 18.10.2024
Томскда Сталин қатағонлари қурбонлари хотирасига ўрнатилган устунлар бузиб ташланди
14:35 / 29.12.2023
Прокурор Навалний штабининг собиқ бошлиғига 10,5 йил сўради
18:45 / 21.01.2022
Томск фожиасига 2 йил: даҳшатли туннинг сўнмаган олови
21:36 / 25.09.2021