Ўзбекистон | 09:40 / 24.01.2020
39059
2 дақиқада ўқилади

Humo Air авиакомпаниясини ташкил этишга киришилди. Компанияга «Ан-2» русумли самолётлар ўтказиб берилади

Янги авиакомпания «Махсус авиация ишлари авиакомпанияси» ДУК негизида ташкил этилмоқда.

Ўзбекистонда янги Humo Air авиакомпаниясини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори тасдиқланган.

2018 йилнинг ноябрида президент Шавкат Мирзиёев авиация соҳасини ислоҳ этишни кўзда тутувчи фармонни имзолаганди. Унга кўра, «Махсус авиация ишлари авиакомпанияси» давлат унитар корхонаси негизида Uzbekistan Helicopters компанияси ташкил этилган.

«Махсус авиация ишлари авиакомпанияси» ДУК балансида «Ан-2» русумли самолётлар, авиация мулки ва бошқа мол-мулклар мавжуд.

Янги қарор билан, Humo Air МЧЖ «Махсус авиация ишлари авиакомпанияси» ДУК мулки негизида Давлат активларини бошқариш агентлиги муассислигида қайта ташкил этилади. Янги ташкил этиладиган авиакомпанияга «Ан-2» русумли 43та енгил самолёт ва бошқа мулклар ўтказиб берилади.

«Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда, зарурат бўлганда, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда «Humo Air» МЧЖнинг рентабеллигини таъминлайдиган мақбул тузилмани инобатга олган ҳолда бизнес-модел ишлаб чиқилишини таъминласин.

Уч ой муддатда янги ҳаво кемаларини сотиб олиш, шунингдек, лизинг шартлари асосида ижарага олиш йўли билан самолёт-мотор паркини босқичма-босқич янгилашни назарда тутган ҳолда «Humo Air» МЧЖни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилсин ва тасдиқлансин», дейилади ҳужжатда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда «Humo Air» МЧЖ фаолиятини ривожлантириш учун инвестицияларни, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга қаратилган амалий чораларни кўради.

Ҳужжатда компания иш фаолияти бўйича аниқ муддат белгиланмаган.

Эслатиб ўтамиз, 18 январь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов жорий йилда янги Humo Air авиакомпанияси ташкил этилишини эълон қилганди.
 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид