Ўзбекистон | 22:02 / 25.01.2020
10597
3 дақиқада ўқилади

Оҳангаронда болаларнинг ўлдирилиши ҳақида миш-миш тарқатган фуқаро судда жавоб беради

Сўнгги кунларда Оҳангарон ва Чирчиқ шаҳарларида ёш болаларнинг ўғирланиши ҳақида асоссиз миш-мишлар тарқалмоқда.

Оҳангарон шаҳар ИИБ бошлиғи Дилшод Мирзаҳмедов ҳолатга аниқлик киритди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Шу йилнинг январь ойи ўрталарида Оҳангарон шаҳрида Telegram мессенжерида Ж. исмли йигитнинг аудиоёзуви тарқалди. Унда 2 нафар бола шаҳарда ўлдирилгани, шунинг учун ота-оналар фарзандларига ҳушёр бўлишлари кераклиги айтилган.

Аудиоёзувни тарқатган фуқаро шахсини 22 январь куни аниқладик. Оҳангарон шаҳри фуқароси бўлган йигитдан нима учун аҳоли орасида бунақа ваҳима уйғотгани сабабини сўрадик.

У буни кўчада бир неча киши суҳбати орқали эшитганини, шахсан ўзи гувоҳ бўлмаганини тан олди. Қилган ишининг оқибатини ҳис қилиб, кечирим сўради.

Оҳангарон шаҳар ИИБ бошлиғи Дилшод Мирзаҳмедов

Ўша аудио хабар қариндошига юборилган ва бошқа гуруҳ, каналларга тарқатилган. Шу тариқа, бошқа фуқаролар ҳам Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида шунга ўхшаш ҳолатлар (ёш болаларга нисбатан тажовуз) бўлаётганлиги бўйича аудиоёзувлар тарқатишган. Улар ҳеч қандай асосга эга эмас. Мақсад – аҳолини ҳушёрликка чақиришдан кўра кўпроқ қўрқув ва саросима уйғотиш, холос», – деди Мирзаҳмедов 25 январь куни Ангрен шаҳри ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида.

Аудиохабарни тарқатиб, аҳоли орасида ваҳима уйғонишига сабаб бўлган Ж. исмли фуқарога нисбатан маъмурий кодекснинг тегишли моддалари бўйича иш қўзғатилган ва у суд тартибида кўриб чиқилади.

Дилшод Мирзаҳмедовнинг қўшимча қилишича, баъзилар Тошкент-Қўқон йўналишида қатновчи такси ҳайдовчисининг Ангрен шаҳрида қотиллик содир этганини юқоридаги ҳолат билан боғламоқда.

«Қотиллик ҳақиқатан содир бўлган, лекин айтилганидек, аудиоёзувдаги гаплар ҳақиқатга мос келмайди. Бу иккала ҳолат бир-бирига зид ва мутлақо тўғри келмайди.

Қотиллик бўйича ахборот берадиган бўлсак, Оҳангарон шаҳри, Янгиобод маҳалласи, Алпомиш кўчасида 2020 йил 6 январь куни содир бўлган. Давидова Гулзиё Обидовна (Фарғона вилояти Данғара туманида яшовчи фуқаро) туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилган. Аризада турмуш ўртоғи Йўлдошев ўз бошқарувида бўлган Cobalt русумли автомобиль билан Қўқон шаҳрига келиб, бедарак йўқолгани айтилган.

Автомобиль Оҳангарон шаҳрининг юқорида кўрсатилган манзилида топилган. 7 январь куни Йўлдошевнинг жасади Оҳангарон туманида аниқланди. Тошкент вилояти прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши кўзғатган, тергов ишлари олиб бориляпти. Натижаси бўйича қўшимча ахборот берилади», – деди Оҳангарон шаҳар ИИБ бошлиғи Дилшод Мирзаҳмедов.

Муҳаббат Маъмирова
Тайёрлаган Муҳаббат Маъмирова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид