Жаҳон | 13:25 / 25.01.2020
91490
4 дақиқада ўқилади

«Хонада ўтирибмиз. Шаҳарга чиқишни тавсия қилишмаяпти». Ухандаги ўзбек талабалари вазият ҳақида нима дейишмоқда?

Шу кунларда Хитойнинг Ухань шаҳрида тарқала бошлаган коронавирус ҳақидаги ваҳимали хабарлар тарқалмоқда. Чин юртидаги бесаранжомлик бутун ер юзини ҳадикка солган.

Ўзбекистонлик кўплаб талабалар Ухань шаҳридаги институтларда таълим олади. Биз улар билан алоқага чиқиб, ҳудуддаги ҳолат билан қизиқдик.

«Шаҳар карантинда, кириш–чиқиш тўхтатилган. Талабаларга ҳам шаҳарга чиқиш тавсия қилинмаяпти. Хоналаримизда ўтирибмиз. Олти кун ичида короновирус билан касалланганларни чуқур ўрганувчи катта касалхона барпо қилиниши ҳақида айтиляпти. Ухань - Хубэй провинциясининг маъмурий маркази. Хабарларга кўра, ҳозирда провинция ичидаги 13та шаҳардан  фақат Ухань шаҳри карантинга олинган бўлиб, кейинчалик бутун провинция ёпилиши мумкин экан.

Ўзбекистондан 30 нафардан зиёд талаба бор. Улар ичида коронавирус билан зарарланганлари йўқ. Биз таниган хитойликларнинг ҳам вирусга чалинганини эшитмадик.

Вирус тарқалишига иккита тахмин бор. Булар – илон ва кўршапалакдан тайёрланган маҳаллий таомлардан вирус тарқалгани ҳақидаги фаразлар. Бироқ бу тахминлар аниқ эмас. Қайсидир давлатларнинг ўз фуқароларини олиб чиқиб кетгани ҳақида эшитдик. Лекин бунга ишониш қийин. Чунки, ҳозирда шаҳардан ташқарига чиқиш ва унга киришнинг иложиси йўқ», дейди Ухандаги Хуажон қишлоқ хўжалиги университетининг магистратура йўналишида ўқиётган Машҳурбек Икромов.

Ухандаги Huazhong Agricultural университетида докторантурадан кейинги фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонлик Фаррухбек Расулов ҳам ҳолат бўйича изоҳ берди.

«Айни пайтда Уханда бўлиб турган 30 нафардан зиёд талабалар билан Ўзбекистоннинг Шанхайдаги консуллиги вакиллари Хитойда оммабоп бўлган WeChat интернет тизимида гуруҳлар тузиб янгиликлардан мунтазам хабардор қилиб боряпти. Маслаҳатлар ҳам бериб борилмоқда. Уханда озиқ-овқат тақчиллиги йўқ. Дўконлар ишлаб турибди. Ваҳимали ҳолат кузатилмаяпти. Мен шу ерда фаолият олиб бораётган хитойлик иммунолог олим дўстларим билан суҳбатлашдим. Улар Уханда вазият барқарорлиги, вирусдан ҳимояланиш учун барча ҳолатлар назоратда эканлигини айтишди. Уханда ҳозир мамлакатнинг энг кучли иммунолог ва вируслар билан шуғулланувчи олимлари иш олиб бормоқда. Уларнинг билдиришича, Ухань кучли назоратда эканлиги боис хавфсиз ҳудудга айланган.

Ҳозир Хитойда Янги йил байрами нишонланмоқда. Одатда, байрам кунларида шаҳар кўчалари гавжум бўлмайди.

Қайсидир мамлакат ўз фуқароларини Ухандан олиб чиқиб кетганига ишониш қийин. Шаҳар каратинда. Аэропорт 23 январь куни соат 10:00да ёпилган ва барча рейслар бекор қилинган. Темир йўл ҳаракати ҳам тўхтаган. Жамоат транспорти ишламаяпти. Ўзбек талабалари билан доимий алоқадамиз. Иложи борича эҳтиёт чораларини кўряпмиз. Кўчага чиққанда махсус ниқоб тақилмоқда», дейди у.

Ухань шаҳридаги ҳар бир таълим муассасалари, мактаблар, кўчалар, кичик даҳаларнинг кириш-чиқиш жойларида махсус назорат гуруҳлари иш олиб бормоқда. Улар лазерли тана ҳароратини ўлчовчи ускуна билан ҳайдовчи ва йўловчиларни текшириб вирус симптоми бор-йўқлигини аниқламоқда.

Метро станциясидан чиқиб келаётган она ва бола.

Кўчадаги эслатма: Ўзингни ва бошқаларни соғлиги учун махсус ниқоб тақиб ол!

Уханнинг марказий кўчалари.

Махсус ниқобларни нафақат дорихоналарда балки барча дўконларда сотиб олиш мумкин.

Ухань кўчалари.

Шаҳар шифохоналарида «Тез ёрдам» машиналари шай ҳолатда турибди.

Беморларни биринчи навбатда ўпкасини текшириш учун рентген хоналари.

Эълон: Ухань соғлиқни сақлаш маъмурий бошқармасидан эслатма: Кимда тана ҳарорати 37,3 даражадан юқори бўлса, қуйида кўрсатилган шифохоналарга учраши зарур.

Элмурод Эрматов тайёрлади

Фаррухбек Расулов фотолари

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид