Спорт | 20:11 / 26.01.2020
10830
4 дақиқада ўқилади

Осиё чемпионати-U23. Жанубий Корея 113-дақиқада гол уриб чемпион бўлди

 Уч ҳафта давомида Таиландда ўтказилган (U23) Осиё чемпионатининг финал баҳсида Жанубий Корея олимпия жамоаси Саудия Арабистонига қарши майдонга тушиб, қўшимча бўлимлардаги ягона гол эвазига турнир ғолибига айланди.

Фото : Tribuna.uz

 Ўйиннинг 25-дақиқасида Кореянинг 7-рақамли футболчиси Жун Ву Ён ўнг қанотдан ажойиб юришни амалга оширди. У тўпни ҳимоячининг оёқлари орасидан ўтказиб дарвозабон билан ўткир бурчакдан яккама-якка чиқди, лекин Ву Ённинг зарбасини Саудия посбони қайтарди. 34-дақиқада Ўзбекистонга иккита гол урган О Се Хун жуда қулай имкониятдан фойдалана олмади. Унинг деярли қўриқланмаётган дарвозага берган зарбаси ноаниқ бўлди.

40-дақиқала Жун Ву Ён яна бир қулай имкониятдан фойдалана олмади. Ўнг қанотдан амалга оширилган ҳужумдан сўнг тўп дарвоза яқинидаги Жун Ву Ёнга келиб тушди, аммо у 4-5 метр масофадан гол ура олмади.

Иккинчи бўлим аввалида ўйиндан қониқмаган кореяликлар мураббийи икки ҳужумчи Ли Дон Ён ва Ли Дон Жунни майдонга туширди. Бу футболчиларнинг ўйинга қўшилгани Кореянинг ўйинини кучайтирди. 58-дақиқада Ли Дон Жун қанотдан олдинга борди ва ҳимоячини бир ҳаракати билан алдаб олис бурчакка аниқ зарба йўллади. Дарвозабон эса қийинчилик билан тўпни қайтариб юборди.

78-дақиқада корейслар яна бир қулай имкониятни голга айлантира олишмади. Чап қанотдан ривожланган ҳужум вақтида саудиялик ҳужумчи хатога йўл қўйди ва Ли Дон Жун дарвозабон билан яккама-якка чиқиб борди, лекин зарба беришда кечикиб, ҳимоячига тўпни қайтаришга имкон берди. Ҳужум давомида кореялик футболчилар яна икки марта зарба йўллашди, лекин ҳар сафар ҳимоячилар хавфни бартараф этишди.

 Учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмагач, жамоалар иккита қўшимча бўлимни ҳам ўтказишди.

Ниҳоят, ўйиннинг 113-дақиқасига келиб, ўйинда ҳисоб очилди. Жон Таэвук ўз голи билан финалда Жанубий Кореяга муҳим ғалаба билан бирга чемпионликни тақдим этди – 1:0.

 Шундай қилиб, гуруҳдошимиз ва бизни мағлуб этган уч жамоа - Жанубий Корея Осиё чемпиони, Саудия Арабистони вице-чемпион, Австралия эса бронза медали соҳиби сифатида Олимпиада-2020га йўлланма олишди. Ўзбекистон олимпия жамоаси эса Осиёнинг тўртинчи жамоаси сифатида аламли тарзда йўлланмадан қуруқ қолди…

 Осиё чемпионати-U23
Финал. 26 январь (якшанба)
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ — САУДИЯ АРАБИСТОНИ – 1:0

Бангкок. «Ражамангала» стадиони, 2 879 томошабин.

Гол: Жон Таэвук, 113.

Жанубий Корея: Сон Бум Кэун, Ли Ён Юн (Ким Даэ Вон, 76), Кан Юн Сун, Ли Сан Мин, Жон Таэвук, Ким Дон Хюн, Жун Ву Ён (Ли Дон Жун, 46), Ким Жинг Ю (Ли Дон Ён, 54), Ким Жин Я, О Се Хун, Вон Ду Жаэ.

 Саудия Арабистони: Абдулбосит Муҳаммад Ҳинди, Ҳассан ал Тамбакти, Абдулраҳмон Ғариб, Абдуллоҳ ал Ҳамдан (Фераз Тариқ ал Брикан, 67), Холид Дубайш, Али Содиқ ал Ҳассан, Ҳусайн ал Эсса, Ҳолид ал Ғаннам (Яҳё Аҳмад, 60), Мухтор Али Шейх, Муҳаммад ал Ями, Сауд Абдулҳамид.

Мавзуга оид