ЖССТ янги коронавируснинг халқаро миқёсда тарқалиш хавфи даражасини оширди. Трамп Хитойга ўз ёрдамини таклиф қилди
Хитойдаги янги коронавирус халқаро миқёсда тез суръатларда тарқалиш билан хавф солмоқда. Бундан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти огоҳлантирди.
Шу сабабли ЖССТ мутахассислари вируснинг тарқалиш хавфини “ўртамиёна”дан “юқори”гача оширишди. Бу ҳақда AFP ахборот агентлиги хабар берди.
Таъкидланишича, шу вақтгача вируснинг тарқалиш хавфи Хитой учун жуда юқори, минтақавий кўламда юқори ва халқаро даражада ўртамиёна деб ҳисоблаб келинаётганди.
Кун сайин коронавирус тобора кўпроқ давлатларга тарқалмоқда. Жумладан, вирус билан касалланиш ҳолатлари Камбожа, Ҳонгконг, Макао, Тайван, Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Вьетнам, Сингапур, Непал, Франция, Австралия ва Малайзияда қайд қилинган.
Охирги маълумотларга кўра, Хитойда вирусдан ҳалок бўлганлар сони 82 нафарни ташкил қилмоқда, касалланганлар сони эса 2,8 мингдан ошиб кетди. Шунингдек, Хитой пойтахти Пекинда вирусдан биринчи ўлим ҳолати қайд қилинди.
Бундан ташқари, Хитойда ёввойи ҳайвонларни сотиш тақиқлаб қўйилди. Ҳукумат бундай қадамга мутахассислар касаллик манбаси илонлар ва кўршапалаклар бўлиши мумкинлигини маълум қилгандан кейин борган.
Бу орада АҚШ президенти Дональд Трамп Хитойга коронавирусга қарши курашда ёрдам таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, Вашингтон Хитой етакчиси Си Цзиньпин ва хитой халқига ҳар қандай зарурий ёрдамни кўрсатишга тайёр.
Трамп АҚШда ҳам коронавирусдан касалланиш ҳолатлари қайд қилинганини эслаб ўтган, бироқ АҚШ тиббий хизматлари ходимларининг юқори малакали эканига ишонишини айтган.
“АҚШда вирусдан кам сонда касалланиш ҳолатлари ҳақида маълум қилинмоқда, бироқ биз вазиятни синчков кузатмоқдамиз. Биз Хитойга ва президент Сига исталган ёрдамни таклиф қилдик. Бизнинг мутахассислар энг аълоси”, деб ёзган Трамп твиттерда.
Мавзуга оид
19:15 / 15.11.2024
ЖССТ: 2018 йилдан бери дунёда тиббиёт муассасаларига 7,4 мингдан ортиқ ҳужум уюштирилди
18:19 / 13.11.2024
ЖССТ мактаб ўқувчиларига юклама ортиб бораётганидан хавотирда
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
17:48 / 01.11.2024