Ўзбекистон | 19:42 / 28.01.2020
10971
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қайси касбга талаб юқорилигини кўрсатувчи бирорта статистика йўқ – Баҳодир Умрзоқов

Архив фото: АОКА

«Бугун Ўзбекистон меҳнат бозорига қанча кадр керак, 5-10 йилдан кейин қанча ходим талаб қилинади? Бу каби саволларга ҳеч ким жавоб бера олмайди, ҳатто Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳам».

Бугун, 28 январь куни Тошкентда ўтган семинарда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов шундай деб таъкидлади, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ўзбекистонда таълим тизимини ривожлантириш истиқболлари: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги семинарда миллий квалификация рамкасини ишлаб чиқиш муҳокама қилинди, янги тизим юқоридаги каби камчиликларни тўлдиришга хизмат қилишиши айтилди.

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Лойиҳа юзасидан таклифлар берган Баҳодир Умрзоқовнинг айтишича, миллий квалификация рамкаси жорий этилиши билан республика, ҳудуд, тармоқлар ва ташкилотларда иш ўрнига талабни олдиндан прогноз қилиш имкони пайдо бўлади.

«Бирламчи талабни вазирлик эмас, бевосита ишлаб чиқариш соҳаси белгилаб бера бошлайди. Янги касблар яратила бошланади.
Масалан, АҚШда ҳар йили 700-750та янги касб пайдо бўлади.Ўзбекистонда эса ҳукумат томонидан 2014 йилда касблар рўйхати тасдиқланган. Лекин шундан бери 6 йил ўтган бўлишига қарамай, бирор янги касб тасдиқламадик.

Бундан ташқари, қайси касбларга талаб юқорилиги тўғрисида таҳлил, статистикалар ҳам йўқ. Миллий квалификация тизимини яратсак, бу бўйича тегишли таҳлиллар олиб бориш имкони пайдо бўлади», – дея таъкидлади вазир ўринбосари.

Унинг қайд этишича, ҳозир Ўзбекистонда ҳукумат томонидан тасдиқланган 18,5 мингта лавозим ва иш жойи мавжуд бўлиб, улардан бирортасининг паспорти йўқ.

«Ваҳоланки, ходимдан профессионаллик даражасини тасдиқловчи касб паспорти талаб қилинади, бироқ у ишламоқчи бўлган жойнинг паспорти йўқ. Бу ҳолда ходим эга бўлган малака ва у эгалламоқчи бўлган иш ўрнини бир-бирига таққослаб бўлмайди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир йил ичида республикадаги барча иш ўринлари паспортини ҳам ишлаб чиқишни зиммасига олмоқда», – деди Баҳодир Умрзоқов.

Мавзуга оид