Ўзбекистон | 09:15 / 28.01.2020
8133
2 дақиқада ўқилади

Толимаржон ИЭСни хусусийлаштириш бўйича битим имзоланди

Абу-Дабидаги Mubadala инвестиция компанияси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва «Иссиқлик электр станциялари» АЖ билан Толимаржон иссиқлик электр станциясини хусусийлаштириш ва ривожлантириш бўйича битим имзолади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Келишув Толимаржон энергетика комплексини хусусийлаштириш, ривожлантириш, молиялаштириш ва эксплуатация қилишнинг механизмлари ва шартларини белгилайди.

Амирлик томонидан объектнинг акцияларини сотиб олиш ва хусусийлаштириш жараёни 2020 йилнинг учинчи чорагида режа қилинган. Инвестициялар ва ташқи савдо вазири буни тарихий ҳамкорлик деб атади.

Маълумот учун, Mubadala Бирлашган Араб Амирликларининг давлат инвестиция компаниясидир. Компаниянинг инвестиция портфели 200 миллиард долларга тенг бўлиб, унинг таркиби ёқилғи-энергетика тармоғи, ахборот-коммуникация технологиялари, металлургия, аэрокосмик секторлари, тоғ-кон саноати ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларидаги активлардан иборат.

Masdar — Mubadala инвестиция холдингининг шўъба компанияси бўлиб, дунёда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича етакчи халқаро компаниялардан бири.

Мавзуга оид