Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Коронавирус тарқалиши халқаро фавқулодда ҳолат деб эълон қилинди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2019-nCoV коронавирусининг тарқалишини халқаро даражадаги тиббий фавқулодда ҳолат деб эълон қилди.
«Мен коронавирус кенг миқёсда тарқалиши туфайли соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро фавқулодда ҳолат эълон қиламан. Ушбу коронавирус соғлиқни сақлаш тизими кучсиз бўлган мамлакатда тарқалса, қандай зарар етказиши мумкинлигини билмаймиз. Биз мамлакатларнинг мана шундай эҳтимолий вазиятларга тайёр туришларига ёрдам бериш учун ҳозирдан ҳаракат қилишимиз керак», деди ЖССТ директори Тедрос Адханом Гебрейесус ташкилотнинг Женевадаги фавқулодда йиғилишидан кейин.
У Хитой томонидан вируснинг тарқалишини тўхтатиш учун амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолаган ва уларни «бундай вазиятлардаги ҳаракатларнинг янги стандарти» деб атаган. Гебрейесуснинг таъкидлашича, Хитой ҳукумати коронавирус билан курашиш учун барча зарур воситаларга эга, бироқ у вируснинг соғлиқни сақлаш тизими камроқ ривожланган давлатда тарқалиши қандай оқибатларга олиб келишини айта олмайди.
Шу билан бирга, халқаро сафарлар ва савдога чекловлар киритиш учун ҳозирча асос йўқлигини айтилган.
ЖССТ баёнотида қайд этилишича, коронавирус тарқалишини тўхтатиш учун жаҳондаги барча мамлакатлар вирусни эрта босқичда аниқлаш чораларини кўриб, вирусни юқтирганларни изоляция қилиш чораларини кўриши керак.
Бир ҳафта аввалроқ ЖССТ вирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятни фавқулодда вазият деб эълон қилишга ҳали эҳтиёж йўқлигини айтганди. 27 январда эса ташкилот вирус тарқалиши хавфи даражасини «ўртача»дан «юқори»га оширганди.
Охирги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирусдан вафот этганлар сони бир кун ичида 43 нафарга ошиб, 213 нафарга етди. Касалланганлар сони 9776 нафарни, даволанганлар сони 187 кишини ташкил қилмоқда.

Бир кун аввал вафот этганлар сони 170 нафарни, касалланганлар сони эса 7711 нафарни ташкил қилаётгани маълум қилинганди.
Шунингдек, 15238 киши коронавирус юқтирганликка гумон қилинмоқда, касалланганлар билан яқин мулоқотда бўлган 102 минг 427 киши кузатув остида қолмоқда.
Пайшанба куни АҚШ ҳудудида коронавирус инсондан инсонга юқиши билан боғлиқ илк ҳолат тасдиқланди. Бунгача бундай ҳолатлар Германия ва Японияда ҳам қайд этилганди.
Бу бемор мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган Ухань шаҳридан қайтган 60 ёшли америкалик аёл бўлди. Коронавирус аломатлари унинг Хитойга бормаган турмуш ўртоғида ҳам кузатилган, уларнинг иккиси ҳам касалхонага ётқизилган.
АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатда вазият назорат остида эканлигини айтган.
Ўзбекистон ҳудудида ҳозирча коронавирус юқиши ҳолати қайд этилмаган. Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга Хитойга бормасликни тавсия қилмоқда, Соғлиқни сақлаш вазири Хитой фуқароларининг Ўзбекистонга кириб келишини вақтинчалик чеклашни таклиф қилган.
Тавсиялар
ЖССТ Хитой ҳукуматига, бошқа давлатларга ва халқаро жаҳон ҳамжамиятига тавсиялар берди
Хитойга тавсия қилинади:
- Фуқароларни коронавирус ёйилиши билан боғлиқ маълумотлар ва қўлланган янги чоралар бўйича мунтазам тарзда огоҳлантириш;
- Мамлакатда вирусга чалинишнинг янги ҳолатларини аниқлаш бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш;
- Шифокорларни вирусдан ҳимоя қилиш чораларини қўллаш;
- ЖССТ билан вирус тарқалиши сабаблари бўйича текширувлар ўтказиш;
- Барча зарарланганлар ҳақида тўлиқ маълумот бериш;
- Халқаро аэропортлар ва денгиз портларида доимий равишда мониторинг ўтказиш.
ЖССТ вирус дунёнинг исталган мамлакатида тарқалиши мумкинлигини истисно этмаган ва барча давлатларни шундай эҳтимолга тайёр туришга чақирган.
Ташкилот халқаро сафарлар ва мамлакатлар ўртасида савдони чеклашни тавсия қилмаган бўлсада, баёнотда «айрим ҳолатларда» чеклов чоралари самарали бўлиши мумкинлиги ҳақида қўшимча бор. Биринчи навбатда, бундай чоралар соғлиқни сақлаш тизими аҳволи қониқарли бўлмаган мамлакатларга тааллуқли бўлади.
Халқаро ҳамжамият коронавирусга қарши курашда «ўрта ва кам даромадли давлатлар»га кўмак кўрсатишга чақирилмоқда.

Янги вирус ҳақида нималар маълум?
- 2019-nCoV вируси - коронавируснинг шу вақтга қадар одамзодга юқмаган вариантидир.
- Коронавируслар - вируслар оиласи бўлиб, 38 турдаги вирусларни ичига олади, фақат 6таси (янги вирус билан - етти) инсонга юқади.
- Тадқиқотчиларнинг ҳисоблашича, вирус одамга ҳайвондан юққан, аммо у одамдан одамга ҳам юқиши мумкин.
- Зарарланиш симптомлари: ҳарорат кўтарилиши, йўтал, нафас олиш қийинлашиши.
Одамларга жониворларга яқинлашмаслик, яхши қайнатилмаган ёки яхши қовурилмаган гўштларни ёки тухумларни истеъмол қилмаслик, шунингдек, шамоллаш ёки грипп касалликлари белгилари мавжуд бўлган одамлар билан алоқа қилмаслик тавсия этилмоқда.
Мавзуга оид
19:43 / 27.05.2025
Хитойдаги кимёвий заводда портлаш содир бўлди
18:42 / 26.05.2025
Хитойда роботлар илк бор рингда бир-бири билан олишди
17:57 / 26.05.2025
Хитой «исталган вақтда» Тайванга ҳужум қилишга қодир — FT
13:15 / 26.05.2025