Ўзбекистон | 12:03 / 31.01.2020
32589
3 дақиқада ўқилади

Транспорт соҳаси раҳбарлари «в.б». бўлди, Uzbekistan Airways раҳбари лавозимидан озод этилиши мумкин

Ҳукумат қарори билан транспорт соҳаси раҳбарлари лавозимдан озод этилди ва вазифа бажарувчи бўлди. Uzbekistan Airways бошқарувчиси в. б. Бахтиёр Хакимовнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилади.

29 январь куни Ўзбекистон ҳукуматининг «Айрим раҳбарларнинг шахсий масъулиятини кўриб чиқиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қарорга мувофиқ, транспорт соҳасидаги ишлар етарли даражада ташкил қилинмаганлиги ва мутасадди раҳбарларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш мақсадида:

  • Илҳом Рустамович Маҳкамов транспорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, вазирнинг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб;
  • Даврон Тўлқинович Деҳқонов транспорт вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилиб, вазирнинг ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб;
  • Абдураҳмон Абдуллаевич Абдувалиев транспорт вазирининг ўринбосари – Автомобиль йўллари қўмитаси раиси лавозимидан озод этилиб, вазирнинг ўринбосари - Автомобиль йўллари қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи этиб;
  • Толиб Эгамбердиевич Улжаев Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигининг директори лавозимидан озод этилиб, ушбу агентлик директори вазифасини бажарувчи этиб;
  • Дониёр Бахтиёрович Аҳмедов Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг бошлиғи лавозимидан озод этилиб, мазкур инспекция бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб;
  • Фахриддин Муҳиддинович Салиҳов Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг бошлиғи лавозимидан озод этилиб, мазкур инспекция бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Uzbekistan Airways» АЖлар акциядорлари умумий йиғилишининг навбатдан ташқари мажлисида Хусниддин Нуриддинович Хасиловни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси лавозимидан озод этиб, ушбу жамият бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи этиб тасдиқлаш, «Uzbekistan Airways» АЖ бошқарувчиси вазифасини бажарувчи Бахтиёр Ибрагимович Хакимовнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масалалари кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 28 январь куни транспорт тизимини самарали ташкил этиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда ҳануз бирорта хорижий авиакомпания жалб қилинмаганига эътибор қаратган, туризмни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилишда самолёт чипталари нархи қимматлигини танқид қилганди.

Мавзуга оид