Фан-техника | 18:18 / 02.02.2020
28363
4 дақиқада ўқилади

«Секинроқ шамолда ҳам ток ишлаб чиқара олади» — Тадқиқотчи ўз ихтироси ҳақида сўзлаб берди

Ихтирочи Эркин Атажанов ўзи ишлаб чиққан янги кўриниш ва функцияларга эга шамол генераторининг хусусиятлари ҳақида сўзлаб берди.

Ҳозирда кенг фойдаланилаётган муқобил энергия турларидан бири шамол энергетикаси ҳисобланади. Бунинг учун замонавий шамол энергетик қурилмалари яратилган бўлиб, улар қувватига кўра мини ва катта шамол энергетик қурилмаларига ажратилади.

Ўзбекистонда доимий равишда шамол эсиб турадиган ҳудудлар мавжуд. Бундай географик ҳудудларда «Шамол генераторлари»ни барпо этиш ва улардан энергия манбаи сифатида фойдаланиш анча самарали ва қулай ҳисобланади.

Бундан бир неча кун аввал Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти Инновация маркази ходимлари томонидан Эркин Атажановнинг «Шамол ҳаракатини механик харакатга айлантирадиган клапанли қурилма»нинг (шамол генератори) лойиҳавий-тажрибавий намунаси лаборатория синовидан ўтказилган эди.

Унда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев, институт раҳбарияти ва илмий ходимлари иштирок этишганди.

Синов методикасига кўра, лойиҳанинг тажрибавий намунаси лаборатория шароитида турли тезликдаги сунъий шамол таъсири остида синалган. Махсус ўлчов асбоблари ёрдамида қурилма тажрибавий намунаси ўқидаги куч моменти, ўқнинг бурчак тезлиги ва берилаётган сунъий шамол тезлиги ўлчаниб натижалар қайд этилган.

Биз ушбу ихтиро муаллифи Эркин Атажанов ва Ёджу техника институти билан боғланиб, лойиҳанинг қиммати, аҳамияти ва келажаги борасида фикрларини сўрадик.

«Янгиликка интилиш, ихтиролар қилиш ёшлигимдан ҳоббим бўлган. Болалигимда мактаб даврида бир икки марта кичик ихтироларим билан конкурсларда қатнашардим», дейди ихтирочи.

ихтиро муаллифи Эркин Атажанов

У янги кўриниш ва функциядаги шамол генераторининг хусусиятлари ҳақида айтиб берди.

«Ҳозиргача мавжуд шамол генераторлари аэродинамик шаклга эга бўлар эди. Бунинг янгилик жиҳати тўғри тўртбурчак шаклга эга бўлган қанотлар орқали ҳаракатланади, шунингдек, ўзини ҳимоя қилиш тизимига ҳам эга. Бизнинг маҳаллий иқлим шароитимизга мослашган, яъни аввалгилардан фарқли 10-12 эмас, балки 7-8 м/с шамолда ҳам ишлайди ва ток ишлаб чиқара олади», дейди у.

Ушбу янгича кўринишдаги шамол генераторини тест синовидан ўтказган Ёджу техника институти Муқобил энергия лабораторияси мудири Улуғбек Бозоров ҳам аппаратнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида маълумот берди.

«Бу аппарат шамол энергиясини электр энергиясига айлантириб берувчи қурилманинг бир кўриниши. Албатта, бу янги ишланма ҳисобланади. Ўзининг аналогларидан фарқли жиҳатлари шамол тўғридан-тўғри таъсир қилган лопус-парраклари ёпилади, шамол эсиши тўхтаганда эса яна ушбу парраклар очиқ ҳолатга қайтади.

Биз лабораториямизда тест синовидан ўтказдик, натижалар ёмон эмас, лекин ихтиро устида ҳали анча ишланиши керак. Шунда келажакда фойдали иш коэффициентига эга шамол генератори ишлаб чиқариш мумкин.

Бу дастлабки маълумотлар шуни тасдиқлайдики, у такомиллаштирилгандан кейин халқимиз ўзлари учун арзон ток ишлаб чиқарадиган қурилма пайдо бўлади», дейди Улуғбек Бозоров.

Улуғбек Бозоров

Ушбу лойиҳани янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Эркин Атажановнинг лойиҳаси «Хоразм» инновацион технопаркига йўналтирилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид