Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Керак бўлса ўша органни ҳам тартибга чақирамиз» – Русланбек Давлетов маълумот беришни рад этиш ҳолатларига муносабат билдирди
Адлия вазири Русланбек Давлетов қонун ҳужжатларидаги ҳаволаки нормаларни тартибга солиш вазирлик олдида турган энг муҳим вазифалардан бири эканини маълум қилди.
3 февраль куни ОАВ вакиллари учун ўтказилган медиа тадбирда Адлия вазири Русланбек Давлетов қонун ҳужжатларида тез-тез учрайдиган «давлат сири бўлган маълумотлар ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ошкор этиш» ҳақидаги норма бўйича изоҳ берди.
«Қонун ҳужжатида барча қонунлардаги нормаларни кўрсатиб ўтолмайсиз. Чунки кўп улар. Шу боис уларнинг фақат талқинига эътибор бериш керак. Кимдир ана шундай нормалар билан талабингизни рад қиладиган бўлса, бу қонун билан ҳимоя қилинишини исботлаб бериши керак.
Бунинг қандай турлари бор. Тижорат сири бор, у ҳақда алоҳида қонун бор. Нотариал сир бор, банк сири бор, божхона сири бор, солиқ сири бор. Яъни ҳаммаси бўйича қонун билан мустаҳкамланган сирлар бор.
Ўша сирларга ҳавола қилиб сўраган маълумотингизни рад этсаю ва буни исботлаб бера олса, фақат шундагина маълумот бериш ва олишни чеклаш мумкин.
Шунинг учун бу «давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш» деган норманинг ўзи тўғри ёзилган, фақат амалиётда сиз дадилроқ бўлишингиз керак. Сўраган маълумотингизни беришни рад этишса, бунинг давлат ёки бошқа сир ҳисобланишини кўрсатиб бериши керак. Акс ҳолда сўралган маълумотни бермаслик мумкинмас.
Кеча бир адвокат келди, мижозининг муаммоси билан келди, унга битта орган маълумот бермаяпти, сир деб. Мен айтдим, кўрсатсин, асослаб берсин сирлигини. Мумкинмас бусиз, ахир адвокат мижозини ҳимоя қилиши керак.
Яъни муаммо амалиёт билан боғлиқ бўляпти. Шунақа муаммо бўлса, бизга айтинг, бизнинг янги тузилмамиз тушунтиришлар беради. Керак бўлса, ўша органни ҳам тартибга чақирамиз», дея Русланбек Давлетовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир қонун ҳужжатларидаги шу каби нормаларни тартибга солиш вазирлик олдида турган энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлади.
«Бу масалада тиним билмаяпмиз, уйда ҳам шуни ўйлаб ўтирамиз. Жойларга чиқиб фермерлар билан гаплашсак ҳам шу ҳақда сўраймиз. Ҳаммадан қонунчилик ташаббусига таклиф беринглар, нима қийнаяпти халқни деб тинимсиз таклифлар сўраб келамиз.
Сизлар ҳам аниқ таклиф беринглар. Маҳалладан берилган 28 хил маълумотноманинг йўқолиши, психоневрологик ва наркология диспансерлари томонидан бериладиган маълумотларни бериш давлат хизматлари марказларига ўтказилиши – булар ҳаммаси қуйида, одамлар орасида юриб ўрганганларимиз натижасидир.
Давлат хизматлари бўйича хизмат кўрсатиш муддатлари икки баробар, талаб қилинадиган ҳужжатлари икки ярим марта камайди. Бунинг тагида тинимсиз таҳлилий фаолият ётибди. Бизга таклиф беринглар, биз кўтариб чиқайлик», дейди Русланбек Давлетов.
Мавзуга оид
13:53 / 07.05.2025
БАА дунёда биринчи бўлиб қонунларни ёзишда сунъий интеллектдан фойдаланмоқчи
17:14 / 19.04.2025
Депутатлар сунъий интеллектда яратилган ноқонуний контент учун жазога изоҳ берди
20:06 / 14.04.2025
Қонун лойиҳасига илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати кенгайтирилди
09:52 / 21.02.2025