Жаҳон | 14:56 / 04.02.2020
9750
1 дақиқада ўқилади

Россияда касалхонага ётқизилган уч нафар ўзбекистонликда коронавирус аниқланмади

Россиянинг Нижневартовск шаҳрида (Ханти-Мансийск автоном округи - Югра) касалхонага ётқизилган уч нафар ўзбекистонликда коронавирус борлиги тасдиқланмади. Бу ҳақда ТАСС Роспотребнадзорнинг ҳудудий бўлимига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Фото: REUTERS/Maxim Shemetov

Ҳозирги вақтда Россияда инфекциянинг тасдиқланган иккита ҳолати аниқланган - Байкалорти ўлкаси ва Тюмен областида Хитой фуқаролари орасида. Тюменга касалланган хитойлик талаба қиз билан бир самолётда келган ўзбекистонлик ишчилар коронавирус мавжудлигини текшириш мақсадида Нижневартовскдаги касалхонага ётқизилганди.

«Ҳа, Ўзбекистон фуқаролари ўртасида ўтказилган таҳлил натижалари келди. Бу коронавирус эмас - грипп ёки ЎРИ. Бизда бошқа маълумотлар йўқ», - деди агентлик суҳбатдоши.

Ўз навбатида, Роспотребнадзорнинг минтақавий бошқармасидан ТАСС’га хабар беришларича, Юграда коронавирус туфайли 31 киши тиббий назорат остида турибди. «Улардан таҳлиллар олинмоқда, тадқиқотлар ўтказилмоқда. Уларнинг соғлиғи яхши ҳолатда», - дея айтиб ўтган суҳбатдош.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид