Жаҳон | 12:20 / 07.02.2020
12243
4 дақиқада ўқилади

«Биз жаҳаннамни босиб ўтдик»: Трамп импичмент жараёни тугаганига изоҳ берди

АҚШ президенти Дональд Трамп унинг оқланиши билан якунланган импичмент жараёнига изоҳ берди. Трампнинг таъкидлашича, у ўзига қарши қаратилган “улкан коррупцияга” тўқнаш келди.

Фото: AP Photo/ Evan Vucci

5 февралда АҚШ сенаторлари импичмент доирасида Трампга ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва конгресс олиб борган терговга қаршилик кўрсатиш бўйича қўйилаётган айбловларни кўпчилик овоз билан рад этишди. 

“Биз жаҳаннамни босиб ўтдик. Бу менга нисбатан адолатсизлик бўлди, чунки мен ҳеч қандай ёмон иш қилмагандим. У ерда қонундан асар ҳам йўқ эди, бу сиёсий масала бўлган”, деб айтган Трамп Оқ уйда республикачи конгрессменлар, ҳуқуқшунослар, маслаҳатчилари ва журналистлар билан матбуот анжуманида.

Трамп, шунингдек, яқинларидан “улар бу вақт ичида бошдан кечиришларига тўғри келган ҳодисалар” учун узр сўради.

“Мен оиламдан улар баъзи касал, ёвуз одамларнинг чиркин тил бириктиришидан ўтишларига тўғри келгани учун узр сўрамоқчиман”, деб таъкидлаб ўтган АҚШ президенти. 
 
Трампнинг айтишича, унга қарши “ялмоғизлар ови” у 2016 йилда сайлов кампаниясига киришгандаёқ бошланган. 
 
“Охирги йилларда биз ялмоғизлар ови билан тўқнаш келдик. Бу ҳақиқий ёвузлик, коррупция, шармандалик, фалокат, ярамаслар эди... Ушбу ҳодиса ҳеч қачон бошқа президент билан юз бермаслиги лозим”, деб айтган АҚШ президенти. 

У, шунингдек, Демократлар партияси уни ҳокимиятдан четлатиш учун янги уринишни амалга ошириши мумкинлигини айтди.  

“Улар бузуқ одамлар. Улар бир-бирига суянади – бутун тарих давомида, нафақат ҳозир. Улар бир-бирига елимдек ёпишади. Улар айнан шундай йўл билан импичментни ҳам уюштиришди. Улардан ҳеч ким ажралиб чиқмаса, ҳар кимга қарши импичмент бошлай оладилар”, деб таъкидлаб ўтган Трамп.

АҚШ президенти йиғилганларга The Washington Post нашрининг “Трамп оқланди” сарлавҳали сонини намойиш қилган. 

“Бу мен The Washington Post’да ўқиган ягона яхши сарлавҳа”, деб киноя қилган Трамп.

АҚШ президентининг айтишича, унинг Оқ уйдаги чиқиши “матбуот анжумани, нутқ ёки бошқа бир нарса эмас, бу – тантанадир”.  

Трамп, шунингдек, ўз сайловолди штабининг Россия билан эҳтимолий алоқалари бўйича олиб борилган тергов ва бу масала бўйича махсус прокурор Роберт Мюллер тайёрлаган ҳисоботни ёдга олган.

“Бизга нисбатан ҳаддан зиёд адолатсизлик қилишди. Бошида Россия, Россия, Россия дейилди. Бунинг ҳаммаси уйдирма эди”, деб таъкидлаб ўтган Оқ уй раҳбари. 

Трампга нисбатан импичмент жараёни конгресснинг вакиллар палатасида демократлар томонидан 2019 йил 24 сентябрда АҚШ президентининг Украина президенти Владимир Зеленский билан 25 июлдаги илк телефон суҳбати билан боғлиқ ҳолда бошланган. Таъкидланишича, Трамп ўша суҳбат вақтида Зеленскийга босим ўтказиб, уни АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байден ва унинг ўғли Хантерга қарши тергов бошлашга чақирган.

Шу муносабат билан демократлар кўпчиликни ташкил қилувчи вакиллар палатаси Трампга ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва конгрессга қаршилик кўрсатиш бўйича иккита айблов билдирган.

Мавзуга оид