Жаҳон | 18:34 / 01.05.2025
1424
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президенти вазифасини бажарувчи сайловлар олдидан истеъфога чиқди

Жанубий Кореяда 3 июн куни президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Истеъфога чиққан Хан Док Су давлат раҳбарлигига асосий номзодлардан ҳисобланади.

Фото: Yonhap

Жанубий Корея президенти вазифасини бажарувчи бош вазир Хан Док Су истеъфога чиқди, деб хабар беради Yonhap агентлиги. Бу Хан Док Суга 3 июн куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига номзодини қўйиш имкониятини беради.

Жанубий кореялик амалдор истеъфога оид қабул қилган қарори тўғрисида Сеулда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. «Ушбу оғир даврда зиммамга олган масъулият залворини ҳисобга олган ҳолда, бундай қадам тўғри ва муқаррар экани ҳақида узоқ ва яхшилаб ўйлаб кўриб, агар бу ягона ечим бўлса, ундан фойдаланишим кераклиги тўғрисида қарор қилдим», — дейди у.

4 апрел куни Жанубий Корея Конституциявий суди олдинги президент Юн Сок Ёлнинг импичментини маъқуллаган эди. 14 апрел куни у исён ташкиллаштириш айблови билан суд қаршисида жавоб берди. Бунга 2024 йил декабр ойида мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилиши сабаб бўлди.

Ҳеч бир партия аъзоси бўлмаган Хан Док Су мамлакат парламентида кўпчилик ўринга эга Демократик партиянинг потенциал рақиблари орасида фаворит ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, март охирларида 2024 йил декабрда Жанубий Корея парламенти томонидан импичмент эълон қилинган Хан Док Су мамлакат Конституциявий суди қарори билан ўз лавозимига тикланган эди.

 

Мавзуга оид