Жаҳон | 22:20 / 11.02.2020
116120
8 дақиқада ўқилади

Коронавирусга янги ном берилди, Хитойда амалдорлар ишдан ҳайдалмоқда. Сўнгги маълумотлар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавирусга расман ном берди. У Covid-19 вируси деб аталади. Бу ҳақда ЖССТ раҳбари Тедрос Адханам Гебрейесус Женевадаги форум арафасида ўтказилган матбуот анжумани вақтида маълум қилди.

Хитойдаги ижтимоий тармоқларда ҳукумат эпидемияга қарши самарасиз курашаётганликда айбланмоқда

Бунгача ЖССТ пресс-релизларида Хитойнинг Ухан шаҳрида тарқала бошлаган эпидемия 2019-nCoV ёки «янги коронавирус» деб аталаётганди.

«Расмий ном ноаниқ ёки таҳқирловчи бошқа номлар қўлланиши олдини олиш учун талаб этилади. ЖССТ, ФАО ва Жаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти ўртасида мавжуд қоидаларга кўра, биз географик ном, ҳайвон, одам ёки одамлар гуруҳи билан боғлиқ бўлмаган, шу билан бирга касаллик билан боғланган ва талаффуз этилиши осон бўлган ном топишимиз керак эди», деди Гебрейесус Женевадаги матбуот анжуманида. 

ЖССТ раҳбарининг тушунтиришича, номдаги CO бирикмаси коронавирусни, VI - вирусни ва D касалликни англатади, яъни COVID «Corona Virus Disease» (коронавирус билан чақирилувчи касаллик) иборасининг қисқартмаси ҳисобланади. «19» сони эса у аниқланган йил – 2019 йилни англатади.

Мингдан ортиқ қурбон

11 февраль ҳолатига кўра қурбонлар ва зарарланганлар сони

Душанба куни Хубэй провинциясининг ўзида коронавирусдан 103 киши вафот этди. Эпидемия бошланганидан буён Хитой ҳудудида вирусдан ҳалок бўлганларнинг жами сони 1017 кишига етган. Аммо душанба куни коронавирус билан зарарланганлар сони аввалги куни зарарланганлар сонидан 20 фоизга камайди - 3062 нафардан 2478 нафарга.

Коронавирус юқтириш ҳолатлари сўнгги кунларда пасайди

Айни вақтда мамлакат ҳудудида 42 694 кишида касаллик ҳолати қайд этилган. 37 726 киши ҳозирда даволанишда бўлиб, улардан 7333 нафарининг аҳволи оғир. Жами 3996 киши касалликдан даволаниб, тиббиёт муассасасидан уйига жавоб бериб юборилган.

GETTY IMAGES

Хитой ҳукумати жойларда вирусга қарши курашдаги самарасиз фаолияти учун амалдорларни ишдан бўшатмоқда. Провинция раҳбари ва вилоят соғлиқни сақлаш комиссияси партия котиби ўз лавозимларини йўқотди. Шунингдек, Қизил хочнинг маҳаллий бўлими раҳбари ўринбосари ҳам «хайриялар билан ишлаш»даги камчиликлар учун ишдан кетган.

Хитойдаги ҳукумат нашрларига кўра, Хубэй провинцияси ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида юзлаб амалдорлар ҳамда партия функционерлари ўз постини йўқотган.

Қайд этилишича, бу барча ҳолатларда ҳам ишдан ҳайдалишни эмас, лавозими туширилишни англатади. Бундан ташқари, партия линиясида кўплаб амалдорлар жазоланган - улар қатъий ҳайфсан олишган, бу эса уларнинг келгуси фаолиятига таъсир қилмай қолмайди.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ҳукуматнинг эпидемияга реакцияси танқидларга сабаб бўлмоқда, лекин одатдагидан фарқли равишда цензорлар бундай танқидларни интернетдан ўчиришмаяпти.

Хитойдан сўнгги маълумотлар

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда вирусдан зарарланиш билан боғлиқ 42 694  ҳолат қайд этилди. Бу мамлакатда 2002-2003 йилдаги SARS вирусидан бери энг йирик эпидемия бўлмоқда.

Хубэй провинцияси соғлиқни сақлаш комиссияси маълумотига кўра, провинцияда вирусдан зарарланган беморлар сони 31 728 нафар, уларнинг 974 нафари ҳалок бўлган, ўлим даражаси 3 фоизга тенг.

Ўлим ҳолатларининг 60 фоизидан ортиғи Хубэй маркази Ухан шаҳрида рўй берган. 11 миллионлик шаҳар бир неча ҳафтадан буён карантин ҳолатида.

Ҳонгконгда кўп қаватли уйда яшовчилардан бирида коронавирус аниқлангач, ушбу уйдаги 23 оила эвакуация қилинди ва карантинга жойлаштирилди. Вирус сув қувури орқали тарқалгани айтилмоқда. Ўтган ҳафтада Ҳонгконг ҳукумати Хитойнинг материкдаги қисми билан чегарани деярли тўлиқ ёпди ва Хитойдан келганлар икки ҳафтага карантин ҳудудига жойлаштирилди.

Ўзбекистондаги ҳолат

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги январь ойидан бошлаб 10 февраль кунигача коронавирус инфекциясига текширилган 812 та намуналарда коронавирус инфекцияси топилмаганини хабар қилди. Коронавирусга қарши марказий штаб 10 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус касаллиги қайд этилмаганини маълум қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги республикадаги мактабгача таълим муассасалари раҳбариятига болаларни коронавирусдан сақлаш бўйича эслатма билан чиққан.

Ўзбекистонга ташриф билан келган ЖССТ Европа бюроси минтақавий директори Ханс Клюге Ўзбекистонда коронавирусга қарши олиб борилаётган ишга юқори баҳо берган.

Дунёнинг бошқа қисмларида нима бўлмоқда?

Хитойдан ташқарида коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари
  • Туркманистоннинг Лебоб вилоятида коронавирус касаллигидан бир киши вафот этди. У Хитойдан эвакуация қилинган Туркманистон фуқароларидан бири бўлган. Қайд этилишича, марҳум ҳақидаги маълумотлар қатъий сир сақланмоқда. Шунингдек, Лебоб вилоятидаги карантинда оғир аҳволда ўрта ёшли фуқаро сақланаётгани айтилмоқда.
  • Россияда 20 минг нафар одам ҳали ҳам коронавирус юқтириб олганлик гумони билан мутахассислар назоратида бўлиб турибди. Гап коронавирусдан зарарланганлар билан алоқада бўлгани гумонланган одамлар ҳақида кетмоқда - назоратдагиларнинг 6 минг нафари Хитой Халқ Республикаси фуқароси. Ҳозирча уларнинг ҳеч бирида коронавирус симптомлари аниқланмаган.
  • Буюк Британияда душанба куни вирусдан зарарланиш билан боғлиқ янги ҳолатлар қайд этилди. Бирлашган қиролликда вирус юқтирганлар сони 8 нафарга етган. Британия ҳукумати зарарланганларни ва вирус юқтиришда гумонланганларни мажбурий равишда карантинга юбориш бўйича қарор қабул қилган.
  • Япониянинг Йокогама порт шаҳри яқинида карантин ҳолатида турган «Даймонд принцесс» круиз лайнерида коронавирусдан зарарланган йўловчилар сони 135 нафарга етган. Бир кун ичида беморлар сони икки баробар ўсган.
  • Таиланд ҳукумати бошқа бир круиз лайнерга ўз портига киришга рухсат бермади, ҳолбуки кема бортидагиларнинг бирортаси ҳам коронавирусдан зарарлангани аниқланмаган. Бу кемага Японияга ва Гуамга киришга ҳам рухсат берилмаганди.
  • Хабарларга кўра, Шимолий Корея юзлаб кишиларни Хитой билан чегараларни қўриқлаш учун жўнатган. Хитой билан темир йўл қатновлари ва авиаалоқа тўхтатилган. Пхеньян мамлакат ҳудудида коронавирусдан зарарланиш ҳолати ҳақида расман маълум қилмаган, аммо Жанубий Корея матбуоти эпидемия КХДРга ҳам етиб келгани ҳақида ёзган.
  • 11-12 февраль кунлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Женевада янги 2019-nCoV коронавирусини ўрганиш бўйича халқаро форум ўтказмоқда. Женевага олимлар, соғлиқни сақлаш соҳасидаги кўзга кўринган бошқа мутахассислар ва халқаро ташкилотлар вакиллари етиб келишган. Форумда вирус бўйича ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш методлари, шунингдек, унга қарши вакцина ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинади.
  • Коронавирус билан боғлиқ хавф туфайли 70дан ортиқ компания Сингапурда ўтказилиши режалаштирилган Singapore Airshow 2020 кўргазмасида иштирок этишдан бош тортган, натижада кўргазма бекор қилиниши мумкин. Сингапур яна учта халқаро кўргазма - IT Show, Food & Beverage Fair ва Build Tech Asia/Cargonow кўргазмалари номаълум муддатга қолдирилган.
  • Sony ва Amazon компаниялари Барселонада ўтказилиши кўзда тутилган Mobile World Congress (MWC) мобил технологиялар кўргазмасида иштирок этмасликларини билдиришган. Ташкилотчилар қатор иштирокчилар келишдан воз кечганига қарамай кўргазма бекор қилинмаслигини билдирган.

Янги коронавирус белгилари

Пекиндаги шифохоналардан бирида ХХР раҳбари Си Цзиньпиннинг ҳароратини ўлчашмоқда

Инфекциянинг асосий симптомлари: юқори ҳарорат, кучли йўтал, нафас қисиши ва нафас олишдаги қийинчиликлар.

Инфекция юқтириш хавфини камайтириш учун қўлларни тез-тез ювиш, коронавирус юқтирган бўлиши мумкин одамлардан узоқроқ бўлиш, шунингдек, ювуқсиз қўл билан оғизга, бурунга ва кўзга тегмаслик.

Йўтал ва аксиришдан кейин рўмолча ишлатиш ва ишлатилган рўмолчани ташлаб юбориб, қўлни ювиш керак.

Мавзуга оид