Жамият | 10:38 / 12.02.2020
4974
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ вакили Ўзбекистонда коронавирусга қарши олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа бюроси минтақавий директори Ханс Клюгенинг Ўзбекитонга расмий ташриф билан келди. Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Ханс Клюге бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда соғлиқни сақлашни ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий устуворликларидан бири экани алоҳида қайд этилган. Жумладан, сўнгги йилларда ушбу йўналишда мамлакат салмоқли натижаларга эришди, бу жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. ЖССТ делегацияси раҳбари ушбу ютуқларни тасдиқлаб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлат ва жамият ҳаёти ҳамда фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади. Ўзбекистоннинг вакцинация соҳасидаги ютуқлари, жумладан, деярли бутун аҳоли эмлаш билан қамраб олингани эътироф этилди.

Қайд этилишича, глобал таҳдидлар ва хавфлар ҳақида сўз борганда, ЖССТ делегацияси раҳбари Ўзбекистонда коронавирусга қарши олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди. Мамлакатда вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича салмоқли профилактик ишлар олиб борилгани таъкидланди.

Шу билан бирга, безгак, полимиелит ва мамлакат миқёсидаги бошқа касалликларга тўлиқ барҳам бериш борасида Ўзбекистон эришган ютуқлар эътироф этилди.

Ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳақида сўз борганда, парламент билан яқин ҳамкорлик қилишга урғу берилди. Бу соғлиқни сақлаш соҳасида қабул қилинган халқаро стандартларни қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш имконини беради.

БМТ барқарор ривожланиш мақсадлари масалалари бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш нуқтаи назаридан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хусусан, ЖССТнинг «Хавфсиз оналик» лойиҳасини биргаликда амалга ошириш, жамиятда учрайдиган касалликлар профилактикасини давом эттириш соҳасида ҳамкорлик қилиш каби устувор йўналишлар ҳам муҳокама этилди.

Мавзуга оид