Жамият | 18:20 / 12.02.2020
26389
9 дақиқада ўқилади

Тойлоқда супермаркет қурилишига ўнлаб ташкилотлар розилик берган. Аммо 4,5 млрд сўмга қурилган бино бузилиши мумкин

Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос муаммоси бўлади. Аҳоли айнан ўша масала юзасидан қайта-қайта шикоят қилаверади, азият чекади. Жумладан, Тойлоқ тумани марказида бир неча ўн йиллардан бери тартибсиз бўлиб келган деҳқон бозори муаммоси бор.

Аммо, ҳозир айнан бозорнинг қулай-ноқулайлиги ҳақида эмас, бевосита унга алоқаси бўлган бошқа масала ҳақида гап бормоқда. Яъни, Тойлоқ деҳқон бозорини бошқа ҳудудга кўчириш, ўша жойда аллақачон қурилиши бошланган супермаркет, собиқ ва амалдаги ҳоким билан боғлиқ муаммолар хусусида.

Оғзаки гапнинг кучи

Президентнинг «2017-2019 йилларда деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2017 йил 27 мартда ПҚ-2853 қарори асосида Тойлоқ туманидаги деҳқон бозорни ҳам қайта қуриш бўйича Давлат дастурига киритилади. Туманнинг собиқ ҳокими Б.Саъдуллаев 2018 йил 16 февралда замонавий савдо мажмуаси қуриш учун Миллий банк ҳузуридаги бозор қурилиш дирекцияси «NBU BUNYODKOR INVEST» МЧЖга тумандаги деҳқон бозори ҳудудидан 2,15 гектар ер майдони ажратади.

Ушбу вазиятда эътибор қилиш керак бўлган қизиқ жиҳат бор:

Туман ҳокими қарорида айнан бозор ҳудуди кўрсатилмоқда. Бу табиийки, 200 минг аҳолиси бўлган туманни номаълум муддатга бозорсиз қолдириш деганидир. Агар янги бозор қурилиши шу ҳудудда бошланса, дўконлар бузилади, савдо тўхтайди. Бу юзлаб мулкдорлар билан ҳисоб-китоб қилиш кераклигини англатади.

Хўш, қулайроқ чора борми? Бор, масалан, бозор ҳудудидан тахминан бир километр масофада – Ургут ва Панжакентга олиб борадиган чорраҳа атрофи. Туман масъуллари ўша жойда икки қаватли супермаркет, 3та павильон қуриш, қисқаси, бозорни кўчиришни ният қилишади. Шунда эски бозордаги тадбиркорларга ҳам ўша жойдан дўкон берилиши мумкин.

Бугун адоғи кўринмай турган муаммонинг илдизи айнан шунда. Яъни, қарорда бошқа, амалда бошқа ҳудуд бозор учун танлангани.

Ўнлаб раҳбарлар шунчаки, муҳр босганмиди?

Шу ўринда бир қизиқ ҳолат. Туман ҳокимининг қарорида кўрсатилмаган ҳудудда бозор қурилиши бошланади. Бунинг учун геологик топосёмка, АПЗ, сув, электр энергияси ва газ техник шартлари, ДАҚНда рўйхатдан ўтиш, вилоят қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик кенгаши, лойиҳа смета ҳужжатлари, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» ДУК хулосаси, борингки ҳамма қоғозбозлик ишлари қарорда кўрсатилган жойдан эмас, бугун қурилиши тўхтаб қолган супермаркет ҳудудига мослаб тайёрланади.

Юқорида санаб ўтилган ташкилотлар шунчаки, муҳр уриб бермайди одатда. Бозорнинг қаердан қурилаётганини билишмаган, десак ҳам, демасак ҳам, уларни айбдор қилиб қўйган бўламиз...

«NBU BUNYODKOR INVEST» МЧЖ ҳамда «Шухрат А-DIGITAL» хусусий корхонаси ўртасида 2018 йил 16 февралдаги 3-сонли шартномага асосан супермаркет қурилиши бошланади. Ойма-ой туман ҳокимлиги ва «NBU BUNYODKOR INVEST» МЧЖ томонидан сўралган жойларга ҳисобот бериб борилади. Бир ўринда Тойлоқда супермаркет, бир ўринда бозор қурилаётганига оид маълумотномалар вилоят ва республика йиғилишларига тақдим қилинади.

Бу орада туман ҳокими ўзгаради.

4,5 миллиард сўм ҳавога совурилиши мумкин...

«Шухрат А-DIGITAL» хусусий корхонаси директори ўринбосари А.Маматқулов таҳририятга мурожаат йўллади.

«Янги ҳоким Б.Бобоназаров 2018 йилнинг 4 августида №1506-сонли қарори билан супермаркет учун ажратилган ер майдони ҳудудидан «Агрокимёсервис» дорихона биноси учун 0,20 гектар ерни ноқонуний қўшиб берди. Супермаркет ва деҳқон бозори қурилишини вақтинчалик тақиқлаб қўйди. Натижада, биз ишни давом эттиролмай қолдик. Вилоят ҳокимига ва прокурорга мурожаат қилганимиздан сўнг, «Агрокимёсервис» дорихона биноси учун чиқарилган қарор бекор қилинди. Туман ва вилоят прокуратурасидан қурилишни давом эттиришимиз тўғрисида хат олдик. Аммо ҳозирги вақтгача 0,20 гектар ҳудудимиз девор билан ўраб қўйилган ва ноқонуний олинган ер бўшатиб берилмагани сабабли қурилишни давом эттиришнинг имкони бўлмади.

2019 йилнинг 16 майида Тойлоқ туман ҳокимлиги томонидан расмий хат келди. Унга кўра қурилишни тўхтатишимиз сўралган бўлиб, супермаркет ҳудуди фермер хўжалигига қарар экан.

2019 йил 6 июнда вилоят ҳокимига мурожаат қилдик. Э.Турдимов бу ҳудудда деҳқон бозори қурилмаслиги ва туманнинг собиқ ҳокими Б.Саъдуллаевнинг 2018 йил 16 февралдаги қарори бекор қилинишини маълум қилди. Бизга 0,5 гектар супермаркет ва инфраструктура учун ер ажратиш тўғрисида масъулларга кўрсатма берди. Баённома тузилиб, вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши томонидан янги бош лойиҳа тасдиқланди.

Туман ҳокими Б.Бобоназаров янги лойиҳа учун ҳам қарор чиқариб бермагач, 12 июль куни Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида бошқа тадбиркорлар қатори вилоят ҳокимига мурожаат қилдим. Бу сафар Э.Турдимов Президентимизнинг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини асос қилиб, суғориладиган ерларни тадбиркорга ажратиб бериш мумкин эмаслигини айтди.

Ваҳоланки, биз супермаркет қурилишини бошлаганимизда бу қарор мавжуд эмасди. Демоқчиманки, сунъий тўсиқлар билан ишимиз ортга сурилди.

Бугун вилоят ва туман ҳокимлари чекка қишлоқларга чиқиб, ҳар бир фуқаронинг муаммосига ечим топишяпти. Шундай пайтда Тойлоқ туман ҳокими ўн ой раҳбар сифатида ишлаб, объект ёнидан ҳар кун ўтиб-қайтган бўлишига қарамай, муаммога ечим топмади.

Вақт ўтгандан сўнг, яъни қурилиш ишлари бошланганидан 1 йил-у 3 ой ўтиб, ноқонуний қарор чиқарилган, дея муаммони ўзидан соқит қилиши тўғрими? Ахир туман ва вилоят прокурорлари 2019 йил май ойигача олиб борилаётган қурилиш ишларига эътироз билдирмасдан, ишни давом эттириш тўғрисида расмий тарзда туман ҳокими ва тадбиркорга бир неча марта хат бериб келишган-ку?

Айни вақтда Тойлоқ иқтисодий суди супермаркетни бузиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Биз ўзимизча қурилиш бошламаганмиз, ўзимизча жой танламаганмиз. Қурилиш учун шу вақтга қадар 4,5 миллиард сўм маблағ сарфладик. Шунча маблағ ва меҳнатга куйиб қоляпмиз.  

Юқоридаги ҳолатларга асосан «NBU BUNYODKOR INVEST» МЧЖга қилган мурожаатимиз бирор натижа бермади. Ваҳоланки, ушбу ташкилот буюртмачи ҳисобланади», дейилади мурожаатда.

 

Амалдаги ҳокимнинг фикри қандай?

Вазият юзасидан Тойлоқ туман ҳокими Б.Бобоназаров билан суҳбатлашдик.

«Ҳақиқатан ҳам Тойлоқда бозор масаласи қатор ноқулайликларга сабаб бўлиб келаётгани сир эмас. Айни пайтдаги туман деҳқон бозорини йўл ёқасидан ичкарига олиш ва ўша ҳудудда замонавий бозор қуришни режалаштирганмиз. Аммо бундай объектларни асло сувли ерларни ўзлаштириш ҳисобига амалга оширмоқчи эмасмиз. Келгусида ҳам зарурат туғилса, сувли ерларда ноқонуний қуриб олинган объектлар аниқланса, кимгадир ёмон кўринсак-да бузишга мажбур бўламиз.

«NBU BUNYODKOR INVEST» МЧЖ ҳамда «Шухрат А-Digital» хусусий корхонаси билан боғлиқ муаммо эса суд тартибида ҳал этилса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблайман», дейди туман ҳокими.

Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун

Бу машҳур ибора айни вазиятга тўғри келмоқда.

Хулоса бериш фикридан йироқмиз. Аммо иккинчи тип супермаркет учун қарор чиқариб, бошқа ҳудуддан қурилишни бошлашга кўрсатма берган ҳоким ва туманнинг ўша пайтдаги масъулларидан бир қанчаси айни пайтда ўз ўрнида эмас. Шу билан бирга, «Шухрат А-Digital» хусусий корхонаси сувли жойдан қурилиш бошлаганини кўрган, тасдиқлаган, рухсат берган туман ва вилоят даражасидаги раҳбарлар айни пайтда ҳам ишлаб турибди. Буюртмачи – «NBU BUNYODKOR INVEST» МЧЖ ҳам бор.

Инсоф билан айтганда, бу ўринда фақатгина супермаркет қурмоқчи бўлган фирма эмас, бунга хайрихоҳ бўлган бошқа ташкилотлар ҳам товон тўлаши керак, бизнингча.

Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид