Жамият | 11:20 / 12.02.2020
118294
8 дақиқада ўқилади

Саид Абдуллахон тахтдан воз кечганига 100 йил бўлди. Унинг қисмати қандай кечганди?

Бундан роппа-роса 100 йил олдин Хиванинг сўнгги хони Саид Абдуллахон советлар ҳукумати босими остида тахтдан расман воз кечганди. У ва оиласининг кейинги қисмати фожиали бўлди.

Саид Абдулла Ғозий – Хиванинг сўнгги хони

Саид Абдуллахон қадимий Хоразмнинг пойтахти Хива шаҳрида XVIII асрдан бошлаб ҳукмронлик қилган ўзбекларнинг қўнғирот қавмига мансубдир. У 1871 йилда туғилган. Отаси Муҳаммад Раҳимхон II Ферузхон тахаллуси остида ижод қилган машҳур шоир, Россия генерали ва давлат арбоби бўлган. Муҳаммад Раҳимхон II 1910 йилда вафот этгач, тахтга тўнғич ўғил Асфандиёрхон ўтиради.

XIX аср охирида Хоразм давлати Россия протекторатига айланган ва Хива хонлиги деб атала бошлаганди. Россия империяси қулаганидан сўнг, мустақил Хоразм давлатини ташкил қилишга уринишлар бошланади. 1918 йил баҳорида хонликдаги парокандаликдан фойдаланган туркман-ёвмут қабиласи сардори Жунаидхон ҳарбий тўнтариш қилиб, Асфандиёрхонни ўлдирди ва тахтга унинг укаси Саид Абдуллани ўтқазди. Лекин амалда бош вазир сифатида хонликни Жунаидхон бошқарди. Саид Абдуллахон эса «қўғирчоқ хон»га айланади. Балки мана шу ҳолат кейинчалик унинг ҳаётини сақлаб қолган бўлиши ҳам мумкин.

ХХ аср бошида Хива

1919 йилнинг кузида Москвада советлар ҳукумати томонидан Хива хонини ағдариш ҳақида қарор қабул қилинган ва Хоразмга Қизил Армия қисмлари юборилган. 1920 йил январь ойида Жунаидхон лашкарлари советлар томонидан яксон қилинади. Унинг ўзи эса Афғонистонга қочиб кетди. Хива хони Саид Абдуллахон ва унинг оиласи Бутунроссия фавқулодда комиссияси (Всероссийская чрезвичайная комиссия - ВЧК) томонидан ҳибсга олинади. 2 февраль куни совет ҳукумати босими остида у расман тахтдан воз кечган.

Хон ва унинг оиласи устидан қисқа суд жараёни 1920 йил ёзида бўлиб ўтади. Ҳукмга кўра, Саид Абдуллахон ва унинг тахтига ворислик қилиш ҳуқуқига эга бўлган эркак қариндошлари Хоразм Халқ Совет Республикасидан бадарға қилинади. Барча мол мулки – пуллари, қимматбаҳо буюмлари, уйлари, ерлари мусодара қилинади. Саид Абдуллахон билан унинг уч ўғли (кенжа Саид Абдулла, Раҳматулла, Ёқуб Юсуф), акаси Муҳаммадёр ва 4 жияни (Абдурасул, Мадёр, Носир, Ибодулла) ҳам Хоразмдан бадарға қилинган.

Хон ва яқин қариндошларининг кейинги ҳаёти ҳақидаги тарихий маълумотлар жуда кам. Бироқ, 2019 йил декабрь ойида Киевдаги «Ярославов Вал» нашриёти ёзувчи Григорий Гусейновнинг «Шарқдан эсган шамол» (украин тилида - «Вiтер зi сходу») номли китобини нашрдан чиқаради. Унда Хиванинг сўнгги хони Саид Абдуллахон ва унинг оиласи ҳақидаги шу пайтгача номаълум бўлган маълумотлар тўпланган.

Григорий Гусейновнинг «Шарқдан эсган шамол» китоби муқоваси

Григорий Гусейнов келиб чиқиши озарбойжонлик бўлган ёзувчи ва журналист, «Курьер Кривбасса» адабий журнали бош муҳаррири. Қирқдан ортиқ китоблар муаллифи ва адабиёт соҳасидаги 20дан ортиқ мукофотлар, шу жумладан, Украина маданияти, адабиёти ва санъати соҳасидаги энг олий – Тарас Шевченко номли миллий мукофот лауреати ҳисобланади.

Гусейнов 1980-йиллар бошида, Кривой Рог шаҳрида Хиванинг сўнгги хони Саид Абдуллахоннинг жияни Абдурасул билан тасодифан танишиб қолган. Шундан сўнг, уч йил давомида у билан мулоқотда бўлиб, ўтмиш хотираларини ёзиб олган.

Абдурасул Мадиёров – Саид Абдуллахоннинг акаси Муҳаммадёрнинг ўғли. Унинг қисмати ҳам оғир бўлган. Бадарға қилинганидан сўнг, ўз кучи билан кичик кулба қуриб, Украинада яшайди ва оддий отбоқар бўлиб ишлайди. Уруш пайтида немислар томонидан катта қизи билан бирга Германияга ишга олиб кетилади. Озод бўлиб қайтиб келганидан сўнг, темир рудаси конида оддий ишчи бўлиб ишлайди. Украинада 91 ёшида вафот этади.

Саид Абдуллахон ва қариндошларининг бадарға қилингандан кейинги ҳаётини Абдурасул Мадиёров сўзлари асосида Григорий Гусейнов ўз китобида батафсил ёритиб берган.

Бадарға қилинганлар дастлаб Хивадан Тошкентга олиб кетилади. Кейин Россиянинг Самара шаҳрига, у ердан эса Москва областидаги тутқунлар лагерига ўтказилади. 1922 йил 12 февраль куни Саид Абдуллахон ва унинг қариндошлари кутилмаганда озод қилинади. Улар Украинанинг Днепропетровск вилоятидаги Верховцево қишлоғидан қўним топишади. Маҳаллий совхозда ишлаб, отбоқарлик қилишади. 1924 йили Абдурасул Мадиёров милиция мактабига ўқишга киради. Қолганлар эса Кривой Рог шаҳридаги темир рудаси конига жўнатилади. Қўлида на бир ҳунар бўлган, маҳаллий тилни билмаган хиваликлар энг оддий ишларга қўйилади. Хусусан, Саид Абдуллахон қоровул бўлиб ишга киради, қолганлар отбоқарлик қилишади.

Кривой Рог шаҳридаги темир рудаси конларидан бири

1925 йили Хоразмдан собиқ хон оиласининг қолган аъзолари қашшоқликда, тиламчилик қилиб яшаётгани ҳақида нохуш хабарлар келади. Шундан сўнг, бадарға қилинганлар Хивага қайтишни сўраб, Давлат сиёсий бошқармасига (ГПУ) мурожаат қилишади. Аммо совет ҳукумати «аҳоли қатламларига таъсир қилиши мумкин» деган сабабни кўрсатиб, хон оиласининг ватанига қайтишига рухсат бермайди.

1926 йили Абдурасул Мадиёров милиция мактабини ташлаб, қариндошлари олдига қайтиб келади.

1930-йилларда собиқ иттифоқнинг барча ҳудудларида, жумладан Украинада ҳам мисли кўрилмаган қаҳатчилик ва оммавий очарчилик бўлиб ўтади. Бундай оғир синовларни кўтара олмаган кекса Саид Абдуллахон дизентерия билан касалланиб, кончилар шифохонасига ётқизилади ва бир ойдан сўнг ҳаётдан кўз юмган. Хоразмнинг собиқ ҳукмдори 62 ёшида кончиларнинг қабристонида кўмилади. Унинг қабри вақт ўтиши билан йўқолиб кетган ва ҳозирда ҳам қаердалиги номаълум бўлиб қолмоқда.

Хоннинг оила аъзолари қисмати ҳам фожиалардан холи бўлмади. Акаси Муҳаммадёр бадарға қилинган пайтда 70 ёшли кекса эди. Меҳнатга яроқсизлиги туфайли очарчилик йилларида тиламчилик билан кун кўрган. Жияни Ибодулла ёшлигидан қулоғи кар бўлган ва бутун умри давомида деярли ишламаган. Кончилар дўкони яқинида тиламчилик қилиб юрганида тасодифан юк машинаси тагида қолиб, ҳалок бўлган.

Хоннинг ўлимидан кейин, 1933 йили унинг қариндошларига Ўзбекистонга қайтишга рухсат берилади. Саид Абдуллахоннинг ўғиллари Раҳматулла ва Юсуф Ёқуб Тошкентга, қариндошлари олдига кўчиб боришади. Акаси Муҳаммадёр ҳам Тошкентга бориб, 1936 йилда ўша ерда вафот этади.

Хоннинг яна бир ўғли, кенжа Саид Абдулла украиналик хотини билан Ўзбекистонга қайтади. Бир неча йиллар давомида таржимон, кейинчалик Ўш шаҳрида геолог-разведкачи бўлиб ишлайди. 1941 йилда машинасида одам уриб юборади ва 5 йилга қамалиб чиқади. 1960-йилларнинг бошида вафот этади.

Қайд этиш жоизки, хоннинг авлодига совет иттифоқининг исталган жойида яшашга рухсат берилган, аммо Хивага қайтиш тақиқланган эди. Хоннинг Украинада оилали, бола-чақали бўлиб олган бошқа қариндошлари Кривой Рог шаҳрида қолиб кетишган.

Григорий Гусейновнинг ёзишича, Абдурасул Мадиёров умрининг охирида, 1990 йили қисқа муддатга Хивага саёҳат қилиб, машҳур аждодларининг қабрларини зиёрат қилади. У 70 йил давомида ватанида бўлмаган эди... Абдурасул Мадиёровнинг авлодлари ҳозирги вақтда ҳам Украинада яшамоқдалар.

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади

Мавзуга оид