Жамият | 14:53 / 15.02.2020
72667
2 дақиқада ўқилади

Олтинсойда фуқаролар ва ички ишлар ходимлари ўртасида жанжал келиб чиқди. Икки ходим тан жароҳати олган

Kun.uz таҳририятига бир гуруҳ фуқаролар ва ўнлаб ички ишлар ходимлари ўртасида юз берган жанжал акс этган видео келиб тушди. 

Аниқланишича, видеода акс этган ҳолат жорий йил 14 феврал куни Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида юз берган. 

Вилоят ИИБдан олинган маълумотга кўра, 2020 йил 14 февраль куни соат 16:05ларда Ўзбекистон Республикаси президентининг “Қишлоқ хўжалиги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон фармони ҳамда Бош прокуратуранинг топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Олтинсой туманининг Ҳалқабод маҳалласида жойлашган фермер хўжалигига тегишли ер майдонига фуқаролар М.И., М.Д., Н.Ф., Т.А., М.С. ва С.А. ноқонуний равишда қурган уйларни бузиш вақтида аҳоли ҳокимият ва кадастр вакилларига фаол қаршилик кўрсатилиб, уларнинг қонуний буйруқ талабларига бўйсунмаслик ҳолати юз берган. 

Шундан сўнг, вазиятга ички ишлар органлари ходимлари аралашиб, ҳолатни юмшатмоқчи бўлган. Бироқ, вазият таранглашиб, ИИБ ходимлари ва фуқаролар ўртасида уруш-жанжал келиб чиққан. 

Уруш-жанжал вақтида фуқаролар томонида тош ва таёқлар билан ходимларга тан жароҳатлари етказилган. Натижада Олтинсой тумани ИИБ ЖТСГ Конвой хизмати гуруҳи сафдор-ходими Ш.Мустафоқулов ва бўлим ҲПБ ИИО таянч пунктлари профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси А.Жабборов турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Ш.Мустафоқуловнинг жароҳати жиддий эканлиги сабаб у касалхонага ётқизилган. 

Аҳоли вакиллари орасида тан жароҳати олганлар ҳақида маълумотлар берилмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Олтинсой туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид