Жамият | 15:14 / 15.02.2020
56456
11 дақиқада ўқилади

Хонобод ҳокими олимпия чемпиони шуғулланган 50 йиллик оғир атлетика залини яна ёпди

Андижоннинг Хонобод шаҳрида ўз тарихига эга оғир атлетика мактаби борлигини кўпчилик билади. Мактаб ўтган асрнинг 70-йилларида шаклланган. Шу пайтгача вилоятнинг энг чекка ҳудудидан ўнлаб чемпионлар етишиб чиқмоқда.

Олимпия чемпиони ва рекордчиси Руслан Нуриддинов, қитъа ва жаҳон ареналарида совриндор бўлган оғир атлетикачиларимиз Шодилбек Эргашев, Гулмира Эргашевалар ҳам айнан Хонобод оғир атлетика мактаби тарбияланувчиларидир.

Хонобод шаҳри марказидаги ўша 50 йиллик тарихга эга оғир атлетика спорт зали ҳали ҳам муваффақиятли фаолият юритаётганди. Маданият уйи орқа томонига жойлашган спорт зали ҳар куни ёш спортчилар билан тўла эди.

Бироқ, 10 февраль куни мураббийлар бизга қўнғироқ қилиб, Хонобод шаҳар ҳокими Мусохон Мамадалиев 45 нафар ёш спортчи шуғулланаётган оғир атлетика залини бўшатиб қўйишга буйруқ берганини айтишди.

Қайд этиш керак, бу – оғир атлетика залининг ҳокимга ҳалақит бераётгани ҳақидаги биринчи мурожаат эмас. Бундан икки йил олдин ҳам мураббийлар бизга боғланиб, барча анжомлар билан кўчага чиқариб қўйишганини айтганларида, бориб туман ҳокими Мусахон Мамадалиев билан суҳбатлашгандик. Ўшанда ҳоким, «Бу ерни кутубхона қиламиз. Залга бошқа жой бераман», деган важни айтган. Мураббийлар Хонободнинг бошқа жойида оғир атлетика билан шуғуллангани жой йўқлиги учун ўз сўзларида туришган. Узоқ тортишувлардан сўнг машғулот зали жойида қолганди.

Ўшанда ҳоким Мусахон Мамадалиев бизга, «Сизларга шов-шув, сенсация керак. Шунинг учун келгансизлар-да...», деганди. Ўша куни ҳокимга жавобан ўзимиз муаммони «тушимизда кўриб келмаганимизни», сайтга мураббийлар мурожаат қилганини айтгандик. Муаммо ҳал бўлгач, мурожаат сабаб тайёрланган материал ҳам эълон қилинмаган эди.

Мураббийлар, «Бу сафар вазият ундан-да жиддий» деганидан сўнг Хонобод шаҳрига йўл олдик.

Етиб борганимизда аллақачон спорт залидаги барча анжомлар шаҳар ҳокими буйруғи билан ташқарига олиб чиқиб қўйилган экан. Штанга, тош кўтариш ускуналари, «помост»лар кўча бўйида бесаранжом ёйилган, атрофида эса ёш штангачилар турарди.

Маълумот ўрнида: мутахассиснинг билдиришича, оғир атлетика билан шуғулланиш учун мўлжалланган машғулот залларида штангани ерга ташлаганда кучли зарб юзага келади. Оддий ёғоч полли залларда пол ёғочлари синиб кетиши хавфи борлиги сабаб шуғулланишнинг иложи йўқ. Штангани кўтариб ташлайдиган махсус бетон пол ва унинг устида резина қоплама – «помост» бўлиши зарур.

Бундан ташқари, оғир атлетика билан шуғулланиш учун қурилган залларнинг шифти паст ва иссиқ бўлиши лозим. Совуқда, оғир юк билан ишлаётган ўқувчиларда жароҳат олиш эҳтимоли юқори бўлади.

Ҳоким, спорт мактаби директори, мураббий ва ўқувчилар нима дейди?

Тарихий спорт залини кўчириш ишларига шаҳар БЎСМ директори Фатидин Нажмиддинов шахсан ўзи бошчилик қилиб қилаётган экан.

Мутасадди, бу залдаги оғир атлетикачиларни кўчириш муаммоси кўп йиллардан бери бўлаётгани, Дастур бўйича 7 миллиард сўмлик спорт иншооти қурилиши учун пул ажратилгани, шаҳар ҳокими янги спорт зали битгунча оғир атлетикачиларни 5-типдаги янги реконструкциядан чиққан БЎСМга кўчиришни буюрганини айтди.

Унинг билдиришича, спорт зали маданият маркази биносига жойлашган ва бу йил «комплекс ремонт» қилинар экан.

Шогирдлари ўртасида турган мураббий Бахтиёржон Ҳамидов билан суҳбатлашдик.

«Ўн йилдан бери мана шу залда болалар билан шуғулланаман. 50 нафарга яқин тарбияланувчиларим бор. Спорт усталари чиққан. 10-15 нафари ОТМларда ўқишни давом эттиряпти.

Ўқувчиларим ичида вилоят, республика чемпионлари, қитъа миқёсидаги мусобақаларнинг совриндорлари бор. 20 нафарга яқин ўқувчим Андижон ва Тошкент спорт-интернатларида ўқиб шуғулланишни давом эттиришяпти. Насиб қилса, улар орасидан Руслан Нуриддинов сингари чемпионлар чиқади.

Бизни бошқа жойга кўчиришмоқчи. Тўғриси, айни пайтда Хонобод шаҳрида оғир атлетика билан шуғулланиш учун шароити бўлган жойнинг ўзи йўқ. Ҳозир биз янги таъмирдан чиққан 5-тип спорт мактаби залига бориб, ёғоч пол залга «помост» ўрнатишимиз керак. Унга 40-50 миллион сўм пул кетади. У ерда эркин курашчиларга халақит берамиз. Шароитнинг ўзи йўқ. Болаларим бир кун машғулотда қатнашмаса, 10 кунга ортда қолади.

Ҳозир шуғулланаётган залимиз – тарихий жой. Иш бошлаганига 50 йил бўлди. Фахримиз бўлган олимпия ўйинлари рекордчиси Руслан Нуриддинов, чемпионлар – Шодилбек Эргашев, Гулмира Эргашева, 50 нафарга яқин спорт усталари шу ерда шуғулланиб, вояга етган», дейди у.

Спортчи болалар фикри билан қизиқдик. Улар ўз ютуқлари ҳақида гапириб, залларидан кетаётганидан норози бўлишди.

Ичкарига кириб, спорт анжомларидан бўшаб қолган машғулот залини кўздан кечираётганимизда, шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев етиб келди.

«Айни пайтда мана шу биз ёш спортчиларни кўчираётган машғулот зали Маданият вазирлиги тасарруфидаги Маданият уйига қарашли. Шу пайтгача ёшларимиз шу ерда шуғулланиб келишди. Чунки бир пайтлар Маданият ва спорт ишлари вазирлиги битта эди. Ҳозир ажралиб кетган. Шунинг учун биз болаларга 2 миллиардга таъмирдан чиққан БЎСМда барча шароитларни қилиб қўйганмиз.

Тўғриси, бу залда болалар штангаларни ерга ташлаб шуғулланганида бинога зарар етяпти. Маданият уйида рассомчилик, драма тўгарагида сабоқ олаётганларга ҳалақит бермаслиги учун кўчиряпмиз.

Бундан ташқари, Руслан Нуриддиновнинг илтимосидан сўнг вилоят ҳокимининг ташаббуси билан шаҳримизга 7 миллиардлик спорт иншооти тушяпти. Сизга тушунмовчилик орқасидан мурожаат қилишибди. Биз бориб, барча шароитни қилиб берамиз», дейди шаҳар ҳокими.

Ҳокимнинг қатъий гапларидан сўнг БЎСМга бориб шароитларни кўрадиган бўлдик. Бу пайтга келиб, спорт анжомларини бошқа жойга ташиш учун автомашина етиб келди.

БЎСМдаги тушунарсиз ҳолат

Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби Хонтоғ массиви ёнида экан. У жойга Ф.Нажмиддинов ва Хонобод шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ҳамроҳлигида бордик. Фасад чиройли, спорт зал ҳам яхши ремонтдан чиқарилган.

Зал эркин кураш билан шуғулланаётган болаларга тўла.

«Бу залимиз волейбол, баскетбол, қўл тўпига учун мослашган. Ҳозир мана эркин курашчилар шуғулланяпти. Мана шу залнинг ярмини бўлиб, полдаги еттилик тахталарни 20 сантиметр очиб туриб, устига резиналарни қўямиз, «помост» бўлади.

Бошқа спорт турлари бўйича машғулотлар залнинг ярмида ўтилаверади», – дейди БЎСМ директори Фатидин Нажмиддинов.

Бироқ бизнинг нима мақсадда келганимизни билган бошқа спорт мураббийлари суҳбатга қўшилди. Улар залнинг ярмига оғир атлетика тўгараги келишидан умуман норозилигини билдиришди.

БЎСМ директори эса бор кучи билан оғир атлетика тўгараги залининг ёпилиши тўғри ва уларга янги залда шароит етарли эканини исботлашга интиларди. Бироқ, БЎСМдаги биз суҳбатлашган мураббийлар оғир атлетикачиларнинг ўз залида қолиши маъқул эканини ва янги залда уларга шароит йўқлигини айтишарди. Улар штангачиларни кўчиришдан мақсад нималигини била олмай, ҳайрон бўлишаётган эди.

«Билиб қўйинглар, бу – курашчилар зали. Бугун-эрта катта «гилам» келади. Мен эркин кураш бўйича мураббийман. Тошкентда ишлар эдим. Германияга шартномам бўлса-да, зал битяпти дейишгани учун ўз шаҳрим Хонободда ёшлар билан ишлаш учун қайтиб келдим.

Мутахассис сифатида айтай, мана бу залда оғир атлетика билан шуғулланиб бўлмайди.

Ҳозир раҳбарларимиз вазиятдан чиқиш учун «шуғулланса бўлади», дейишяпти. Мураббий Бахтиёрни ҳам ўз залидан мажбур чиқаришди», дейди мураббий Тоҳиржон Яқубов.

Бу орада БЎСМ директори Яқубовнинг гапини бўлиб, бу ишлар «положениедан чиқиш» учун бўлаётганини, шаҳар ҳокими «штангачилар 3-4 ой шу ерда шуғулланиб турса, подвали бўлмаган, яхши жой қилиб бераман», деганини айтди.

Бошқа мураббийлар ҳам, «оғир атлетикачилар ўз жойида қолгани маъқул», дея фикр билдиришди. Муассаса директори улар билан тортишиб ҳам кетди.

Оғир атлетика мураббийи Б.Ҳамидов зал совуқлиги, волейбол ва баскетбол учун тайёрланган залнинг янги полини бузиш нотўғри эканлигини айтди. «Ёғоч полга штанга ташласак, пол бир ҳафтада синиб кетади-ку?», дейди у.

Янги иншоотда, шаҳар ҳокими айтганидек, штангачиларга ҳамма шароит яратилган эмас экан. Санузел ҳали ишга тушмаган. Таъмирлаш ишлари кетяпти.

Хулоса

Шаҳар ҳокими нега икки йилдан буён оғир атлетика залини беркитишга уринаётганига ҳайронмиз. Мутасадди олдинги сафар зални кутубхона қилишга чоғланган эди. Бу сафар залда драма тўгараги очмоқчи.

Хонободда олимпия чемпиони ва рекордчиси, жаҳон ва қитъа миқёсида совриндор оғир атлетикачилар камол топган. Бу – катта натижа. У ерда шаклланиб улгурган оғир атлетика мактаби бор. Бироқ айнан ўша мактаб давомчилари энди шуғуллангани жойсиз қолишди.

50 йиллик тарихга эга оғир атлетика зали беркитиляпти. Ёш чемпионларга эса, «бор отангга, бор энангга» қабилида муносабат билдирилмоқда.

«Шу пайтгача Маданият уйи вакиллари бирор марта «сизлар бизга ҳалақит беряпсизлар», дейишмаган. Чунки маданият уйида машғулотлар соат 16да тугайди. Бизнинг машғулотлар эса ўша пайтда бошланади», дейди мураббий Бахтиёр Ҳамидов.

Хонобод – маҳаллий туризм ривожланаётган жой. Зални ёпиш ўрнига дунё таниган олимпия рекордчиси шуғулланган, унинг совринлари жой олган зални сайёҳлар келиб томоша қиладиган туризм объектига айлантириш имконияти бор.

«БЎСМнинг янги, чиройли, катта маблағ эвазига битказилган спорт зали полида штанга кўтариб, полга ташлаб бўлмайди. Зал совуқ. Тош билан ишлайдиган болалар танани қизита олмай жароҳат олишлари мумкин. Ҳозир машғулот ўтмаяпмиз», дейди мураббий.

Ҳа, чемпион бўлишни орзу қилаётган болалар сарсон.

Танқидий мақола чиққанидан сўнг туман ҳокимлиги ўша залда сурат чизаётган ёки драма тўгараги ўтилаётган жараённи суратга олиб, раддия ҳам берса керак. Санъат ва маданият таълими муҳимлигига шубҳа йўқ. Аммо биз Маданият уйида бунинг учун жой етарли эканига гувоҳ бўлдик.

«Зар қадрини заргар билади», дейишади. Чемпион қадрини эса чемпион тарбиялаган...

Вилоят раҳбарияти, Оғир атлетика федерацияси ва бошқа мутасаддилар зални ўз эгаларига қайтариб, керакли шароитлар яратиб беради, деб умид қиламиз.

Элмурод Эрматов,
Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзуга оид