Ўзбекистон | 20:00 / 17.02.2020
34370
5 дақиқада ўқилади

«Сабаблар билан эмас, оқибат билан курашилмоқда» — Наримон Умаров Олтинсой воқеаси ҳақида

«Адолат» партияси раҳбари Наримон Умаров Олтинсойдаги воқеа юзасидан билдирган муносабатида бу каби муаммоларни ҳал қилишда ҳозирда сабаблар билан эмас, оқибат билан курашилаётгани, шу зайлда давом этилса, бундай ҳолатлар бошқа ҳудудда ҳам келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Фото: Kun.uz

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров ҳам Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида рўй берган можароли ҳолат бўйича муносабат билдирди.

«Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ушбу жараёнда адолат қарор топиши учун ҳар иккала томон ҳам тингланиши, вазият чуқур ўрганилиши лозим деб ҳисоблайди.

Суғориладиган ерларнинг ҳар бир қаричидан мақсадли фойдаланиш даркор, чунки аҳолимизни хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш ўта муҳим масаладир.

Аксарият ҳолларда ер эгалари бўлган фермерлар нопок йўлларга кириб, улар томонидан деҳқончиликка мўлжалланган ер майдонлари уй, бинолар қуришга ажратилаётганини ноқонуний ҳаракат деб баҳолаймиз.

Бундай ҳолларда энг аввало, ушбу ерларни ажратишга жавоб берганлар қонуний жавоб бериши керак. Шундагина адолат таъминланади. Шунинг учун фуқаролар уй қуриши учун шароит яратиб берган фермер ёки бошқа мутасаддиларнинг жавобгарлиги кун тартибига чиқарилиши зарур. Биз ҳозир сабаблар билан эмас, оқибат билан курашмоқдамиз. Бу зайлда кетадиган бўлса, бундай ҳолатлар эртага бошқа ҳудудда ҳам келиб чиқиши аниқ.

Шунинг учун бу жараёнда асосий эътиборни вазиятни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этишга қаратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Қаерда қонун устувор бўлса, ўша ерда адолат ҳукм суради, ривожланиш бўлади», дея унинг сўзларини келтирмоқда партия матбуот хизмати.

15 февраль куни ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари ва аҳоли ўртасида тўқнашув содир бўлгани ҳақидаги видео тарқалди.

Бу можароли ҳолат Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги «Халқобод» маҳалласида содир бўлган, ички ишлар органининг икки ходими ва бир фуқаро жароҳатланган.

Фото: Скриншот / You Tube

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Олтинсой тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов «Халқобод» маҳалласи фуқаролари вакиллари билан учрашиб, вазиятга ойдинлик киритган.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, «Халқобод» маҳалласида яшовчи айрим фуқаролар 2018-2019 йилларда ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар учун эълон қилинган «амнистия» муддати тугагандан кейин бу ҳудудда жойлашган фермер хўжалигига тегишли ер майдонига ноқонуний уй-жой қуриб олишгани аниқланган.

«Халқобод» маҳалласида яшовчи 6 нафар фуқаро томонидан ноқонуний равишда эгаллаб олинган «Оқ-олтин манзараси» фермер хўжалигига қарашли пахта ва ғаллага мўлжалланган экин ер майдонининг жами 0,39 гектари қайтарилиб, яшаш имконияти мавжуд бўлмаган  235,35 квадрат метр майдонида қуриб олинган уй-жой бинолари, албатта, бузилади. Аммо бу уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган захира майдонлардан ер ажратилиб, уй-жой қуриб олишларига амалий жиҳатдан кўмаклашилгандан кейин амалга оширилади», дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

16 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг бошқа бир ўринбосари — парламентдаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров фейсбукдаги саҳифасида Олтинсойдаги воқеа юзасидан муносабат билдириб, бу ҳолатни «бир гуруҳ фуқаролар томонидан амалга оширилган қўпол қонун бузилиши» деб атаган ва «ушбу жиноят... айбдорларига кескин жазо белгиланиши керак»лигини такидлаган эди.

Партия раҳбари шу пост остидаги муҳокамаларда ўзига билдирилган танқидларга бирма-бир жавоб берган, у фойдаланувчилардан бирининг: «Сиздан нима кутиш мумкин? Халқни айблаш осон. Ҳақиқий депутатлар сайланмагунча, шу аҳвол», деган комментига жавобан: «Мен сизни умидвор қилмаганман, мендан ҳеч нарса кутманг. Сиз мени сайламагансиз, бундан кейин ҳам сайламайсиз... сайламасангиз ҳам майли», мазмунида қолдирган жавоби ижтимоий тармоқда катта норозиликка сабаб бўлганди.


Скриншот: Алишер Кадиров / Facebook

Айни вақтда у постни ўчириб ташлаган.

Мавзуга оид