Ўзбекистон | 00:35 / 20.02.2020
12987
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Туркияни ишончли ва муҳим шерик сифатида алоҳида эътироф этаман»

«Азиз дўстим жаноб президент билан бўлган суҳбатларимиз тарихий аҳамиятга эга бўлди, десак ҳақиқатни айтган бўламиз», деди Ўзбекистон етакчиси.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги олий даражали делегациянинг Анқарага ташрифи илк куни якунида икки давлат раҳбарлари иштирокида брифинг ташкил этилди.

Kun.uz мухбирининг Анқарадан хабар беришича, Мирзиёев ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўған билан бўлган музокараларни «жуда батафсил, очиқ ва самимий» дея таърифлаган.

«Аввало, Ўзбекистон Республикаси делегациясига қардош Туркия заминида кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром, самимий меҳмондўстлик учун Туркия президенти, қадрдон дўстим Ражаб Тоййиб Эрдўған жаноби олийларига ҳамда биродар турк халқига чин қалбимдан ташаккур изҳор этаман», деди Мирзиёев сўзи аввалида.

Давлат раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатларида тарихий ва ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини таъкидлади.

«Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши дўстона алоқаларимиз тарихида янги саҳифа очади», деди Ўзбекистон президенти.

Шавкат Мирзиёев қардош халқ расмийлари билан бўлиб ўтган музокаралар «жуда батафсил, очиқ, самимий ва ишонч руҳида» ўтганини қайд этди.

«Ўртамизда жуда сермазмун суҳбат бўлди. Ўзбек-турк муносабатларининг ҳолатига баҳо бердик. Ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларини ривожлантиришга қаратилган вазифаларни белгилаб олдик», деди президент.

Унинг сўзларига кўра, музокаралар аксарият долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар, шунингдек БМТ, ИҲТ ва Туркий тилли давлатлар кенгаши доирасидаги ёндашувлар ҳам муштарак эканини кўрсатган.

Шунингдек, муҳокамаларда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни жадаллаштириш устувор вазифа экани яна бир бор таъкидланган. Охирги йилларда ўзаро савдо ҳажми 2 баробарга ошгани, мингга яқин қўшма ширкатлар ташкил этилгани мамнуният билан қайд этилган.

«Товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш учун барча имконият ва салоҳият мавжудлигини эътироф этдик ва ҳамма соҳалар бўйича батафсил келишиб олдик. Ўйлайманки, бу беш миллиард ҳам ҳали биз учун чегара эмас. Нимага десангиз, ниятларимиз жуда катта», дея урғу берди Ўзбекистон президенти.

Мирзиёевнинг айтишича, бугунги йиғилиш ҳали ишга солинмаган катта резерв имкониятлар борлигини кўрсатган.

«Туркиянинг етакчи компаниялари билан қўшимча 1 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бу жараёнларни ҳам икки томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олдик», деди давлат раҳбари.

Музокараларда замонавий таҳдидларга қарши курашишдаги ҳамкорликни кучайтириш кераклиги ҳам таъкидланган.

«Биз Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш ҳақида ҳар томонлама фикрлашиб олдик. Бу давлатда муҳим инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш мамлакатларимизнинг умумий манфаатларига тўла мос келади», деб қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчисига кўра, музокараларда ижтимоий-маданий соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги ҳақида ҳам сўз борган.

«Эртага очиладиган Туркия президент девонининг Халқ кутубхонаси ва Ўзбекистондаги кутубхона-ахборот марказлари ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатиш долзарб аҳамиятга эга», деди у.

Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилиши якунлари бўйича қўшма баёнот имзоланди.

Мирзиёев Туркия Республикасини «халқаро майдонда обрў-эътибори ва нуфузи тобора ошиб бораётган мамлакат» деб таърифлаб, уни «ишончли ва муҳим шерик сифатида» алоҳида эътироф этди.

«Қардош халқларимиз тараққиётида, тинч ва фаровон ҳаёт қуриш йўлида анъанавий дўстлик, истиқболли ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтариш учун барча имкониятларимизни сафарбар этишга тайёрмиз.

Айнан шу тамойиллар мулоқотимиз якунида имзоланган қўшма баёнот ва «йўл харитаси»да ўз ифодасини топди.

Мухтасар айтганда, азиз дўстим жаноб президент билан бўлган суҳбатларимиз тарихий аҳамиятга эга бўлди, десак ҳақиқатни айтган бўламиз», деди Шавкат Мирзиёев.

У сўзи якунида Туркия президентини стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш мақсадида Ўзбекистонга таклиф этди.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Расмий тадбирлар якунлангач, Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироат Мирзиёева шарафига Ражаб Тоййиб Эрдўған ва унинг рафиқаси Эмина хоним томонидан қабул маросими ташкил этилди.

Тадбирда икки мамлакат расмий делегацияси аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этди.

Мавзуга оид