Жамият | 22:37 / 20.02.2020
29414
4 дақиқада ўқилади

Яна бир ХБАга жиноий иш очилди, бошқа бир МЧЖ 250 кишини чув туширди

Тошкент шаҳрида фаолият юритган айрим хусусий бандлик агентликларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари юзасидан 20 феврал куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда учта МЧЖга нисбатан тергов ҳаракатлари кетаётгани маълум қилинди.

«INTERNATIONAL EXPERIENCE» – жабрланувчилар ҳозирча 21 нафар

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов қилинаётган «INTERNATIONAL EXPERIENCE» МЧЖ хусусий бандлик агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан яна бир жиноят иши қўзғатилган.

Аниқланишича, мазкур МЧЖ раҳбари Кимсанова Ойбарчин Нуриддин қизи 2019 йил 4 январ куни ўз фаолиятини бошлаган. 2018 йил декабр ойидан 2020 йил январ ойигача фуқаролар билан Германия, Чехия, Литва ва бошқа давлатларда ишга жойлаштириш ҳақида шартномалар тузиб, ҳар бир фуқародан 500 доллардан 4 500 долларгача ёки 4,5 млн сўмдан 37 млн сўмгача бўлган пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Ҳозирги кунда мазкур жиноят иши бўйича 21 нафар фуқаро сўроқ қилиниб, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб топилди.

«RECRUIT CONSULTING WORK»жабрланувчилар ҳозирча 210 нафар

Фото: Recruit consulting work

«RECRUIT CONSULTING WORK» МЧЖ бандлик агентлигига нисбатан 2019 йил 23 ноябрь куни жиноят иши қўзғатилган эди.

20 февралдаги матбуот анжуманида маълум қилинишича, агентлик раҳбари Аллабердиев Жаҳонгир Абдушукурович 2019 йил 4 январ куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан берилган 0015-рақамли лицензия асосида «RECRUIT CONSULTING WORK» МЧЖ тузиб, ўз фаолиятини бошлаган.

Шу даврдан, яъни 2019 йилнинг январ ойидан ноябр ойигача бўлган даврда фуқароларга Корея, Япония, Латвия, Литва, Чехия каби давлатларда иш топиб бериш ва ишга жойлаштиришни ваъда қилган ҳолда уларни алдаб, кўп миқдордаги пулларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилган.

Ҳозирги кунда мазкур жиноят иши бўйича 210 нафар фуқаро сўроқ қилиниб, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этилди.

«MON REVE» – жабрланувчилар ҳозирча 250 нафар

Тергов бошқармаси томонидан тергов қилинаётган яна бир жиноят иши «MON REVE» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган.

Мазкур МЧЖ раҳбари Тоштемиров Зохид ўзининг таниши Каримова Мунира билан бирга Сергели туманида бино ижарага олиб, 2019 йил 6 феврал куни тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган.

«MON REVE» МЧЖ 2019 йил апрел ойидан 2020 йил январ ойигача мода соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро брендини яратиш учун малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсади билан ўқув курсларини ташкиллаштирган. Ваҳоланки, мазкур МЧЖ ўз фаолиятини бошлаганда фуқароларга таълим бериш лицензиясига эга бўлмаган.

Фуқароларни янада ишонтириш мақсадида ўқув курси якуни бўйича фирма раҳбарияти ушбу фуқароларни ўзи иш билан таъминлаши ва ойлик маошини 12 млн.сўмдан 24 млн.сўмгача ваъда қилишган.

«MON REVE» МЧЖ раҳбарияти фуқаролар билан шартномалар тузиб, ҳар бир фуқародан 5 млн сўмдан 24 млн сўмгача бўлган пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Ҳозирги кунда мазкур жиноят иши бўйича 250 нафар фуқаро сўроқ қилиниб, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб топилган.

Мавзуга оид