Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лицензияга эга ХБАлар сони 9та қолди. Хорижда иш ваъда қилувчи фирибгарлардан огоҳ бўлинг
Ўзбекистонда 4 йил ичида 71 та хусусий бандлик агентлигининг лицензияси бекор қилинди (аксарияти – ўз хоҳиши билан). Ҳозирда фаолият юритаётган агентликлар сони бор-йўғи 6та қолган. Меҳнат вазирлиги фуқароларни чет элда ишга юборишни ваъда қилиб пул олувчи қаллоблардан огоҳлантирди. Қонунга биноан, ХБА фуқародан унга чет элда иш топиб бергани учун пул олишга ҳаққи йўқ.
Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига рухсат берилган 2018 йилдан то ҳозиргача 71 та ХБАнинг лицензияси бекор қилинган. 59 та ҳолатда корхона ўзи ариза билан мурожаат қилган бўлса, 12 та агентликка нисбатан жиноят иши очилган.
Бу ҳақда 6 июл куни АОКАдаги матбуот анжуманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Зоҳид Асқаров маълум қилди.
Унга кўра, бугунги кунда 6 та хусусий бандлик агентлиги фаолият юритмоқда. Аслида, лицензияси бор ва хорижга ишга жойлаштириш ҳуқуқига эга ХБАлар сони 9 та, аммо 2 тасининг лицензияси БҲМнинг 800 баробари миқдоридаги пул маблағларини захира қилмаганлиги учун 6 ой муддатга вақтинчалик тўхтатилган, яна биттасининг устидан шикоят ва мурожаатлар келиб тушгани учун уларда қўшимча текширув ўтказилиб, лицензияси 10 кунга тўхтатилган.
Зоҳид Асадов ХБАларга оид актуал маълумотни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг веб-сайтидан олгандан кейингина хорижда ишлаш борасида бир қарорга келиш лозимлигини айтди.
Шунингдек, у агентликлар кўрсатган хизматлари учун қанча маблағ талаб қилиши мумкинлигига тўхталди.
“Хусусий бандлик агентликлари ўз хизматларини кўрсатганлиги учун ҳеч қандай маблағ ундиришга ҳаққи йўқ. Улар ҳар қандай молиявий муносабатни иш берувчи билан ҳал қилишлари керак. Фуқародан олиши мумкин бўлган маблағ консалтинг хизматлари учун БҲМнинг бир баробарини ташкил қилади, яъни энг катта сумма – 300 минг сўм.
Нафақат лицензиясиз, балки консалтинг фирма ниқоби остида ишлаётган ноқонуний компаниялар ҳам кўпаймоқда. Хорижда ишга жойлаштириш – қонун бўйича лицензия талаб қилинадиган соҳа. Шунинг учун фуқароларимиздан бевосита мана шу корхоналарнинг фаолиятини текширишни сўраймиз.
Ижтимоий тармоқларда “Буюк Британияда қишлоқ хўжалигида иш” каби эълонлар чиқади. Телефон қиласиз: “Келинг, сизга Британияда иш таклиф қиламиз”, дейди. Борасиз, 100-200 доллардан, ҳатто 1000 долларгача пул олишади. Лекин на хизматдан ва на пулдан дарак бор, фуқароларимиз алданиб қолишади”, – дейди у.
Унинг сўзларига кўра, вазирлик расмий саҳифалари орқали лицензиясиз компаниялар текширилиб, доимий равишда рўйхатни янгилаб туриш амалиёти жорий қилинмоқда.
Аввалроқ, Тошкент вилоятида фуқароларни хорижга ишга жўнатишни ваъда қилган фирибгарлар ушлангани маълум қилинганди.
Мавзуга оид
16:37 / 02.01.2025
Аёлларнинг ишламаслиги: маданий чекловми ёки иқтисодий?
08:58 / 12.12.2024
Kun.uz суриштирувидан сўнг: “Halal Auto Leasing” фирибгарлик схемасига нисбатан тергов бошланди
17:36 / 10.12.2024
ХМТ Марказий Осиёдаги ишсизлик даражаси бўйича маълумот берди
07:50 / 02.11.2024