Жамият | 14:56 / 21.02.2020
18630
6 дақиқада ўқилади

Олий суд ўз муносабатида нега хато фактни ёзмоқда? Мурожаатчи Қаршидаги автобозор масаласида аниқ ва тиниқ жавоб кутмоқда

Kun.uz сайтида Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи тадбиркор Сафаровлар дуч келиб турган муаммолардан ҳикоя қилувчи «Қаршидаги собиқ «Эҳтиёт қисмлар бозори» ҳақиқий эгасига қайтарилмаяпти: 14 йиллик сарсонгарчилик қачон барҳам топади?» сарлавҳаси остида журналистик суриштирув эълон қилинган эди.

Кўп ўтмай Ўзбекистон Республикаси Олий суди муносабат билдирди.

Ушбу расмий муносабатда бир неча ноаниқликлар ва очиқ қолдириб кетилган саволлар бор.

Хусусан, Олий суд ўз муносабатида шундай деб ёзади:

«Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2007 йил 10 июлдаги ҳал қилув қарори билан қайд этилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилиб, Э.Сафаров «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖнинг таъсисчилар сафидан чиқарилган, қурилиш материаллари бозори номи ўзгартирилиб, «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖ деб қайтадан номлаш мажбурияти юклатилган».

Ҳолбуки, Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2007 йил 10 июлдаги ҳал қилув қарорида қуйидагича белгиланган:

1. Даъвогар — Қарши шаҳар ҳокимлигининг жавобгар Эркин Беғамович Сафаровни «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ таъсисчилари сафидан чиқариш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилган. (Изоҳ: Э.Сафаров МЧЖнинг 49 фоиз улушига эгалик қилган).

2. Эркин Сафаров ва Тўлқин Сафаров ўртасида Жайхун кўчасида жойлашган «Эҳтиёт қисмлар (қурилиш материаллари) бозори» юзасидан 2004 йил 15 апрелда тузилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас, деб топилган ва тарафлар дастлабки ҳолатга келтирилган (Изоҳ: яъни Т.Сафаровдан бозор эгалиги Э.Сафаровга қайтарилган).

3. Жавобгар — Қарши шаҳар Ер ва кўчмас мулк давлат кадастри бошқармаси ҳамда қўшимча жавобгар — Қашқадарё вилоят Ер ва кўчмас мулк давлат кадастри бошқармаси зиммасига «Эҳтиёт қисмлар (Қурилиш материллари) бозори» номини Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 июлдаги 330-сон қарори ҳамда «Ўзбекистон Республикасида бозорларда савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари»нинг 5-бандига мувофиқлаштириб, «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» деб номлаб давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурияти юкланган.

Яъни, юқорида ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, суд қарорида МЧЖ деб номлаш ҳақида банд бўлмаса ҳам, Олий суд 2007 йилги ҳал қилув қарорида шу сўз бор, дея кўрсатиб нотўғри ахборот бермоқда.

Иккинчидан, ўша барча нарсага асос бўлаётган ва ҳануз қонуний кучда бўлган 2007 йилги суднинг ҳал қилув қарорида бир марта эгаликка аниқлик киритилган. Т.Сафаров ва Э.Сафаров ўртасидаги олди-сотди шартномаси бекор қилиниб, томонлар дастлабки ҳолатга келтирилган. Яъни, бозор эгалиги Э.Сафаровга қайтган.

Э.Сафаровга эса чала қурилган бозорни укаси Ч.Сафаров ҳадя шартномаси орқали ҳадя қилган. У ҳадясини қайтариб олиш ҳуқуқига ҳам эга. Ҳозиргача!

Энди савол туғилади: нега бир жисмоний шахснинг номида бўлган кўчмас мулк ҳеч қандай тўловлар ёки компенсациясиз юридик манзили умуман бошқа жойда (Ўзбекистон овози кўчаси, 2-уй) бўлган, улушининг 51 фоизи Қарши шаҳар ҳокимлигига қарашли бўлган «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖга ўтказиб берилмоқда?

Тўғри, Олий суд муносабатида «Қарши шаҳар ҳокимининг 2014 йил 30 декабрдаги Х-1493/12-сонли қарори билан «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖ номига қурилиш материаллари бозори давлат рўйхатидан ўтган ва бу ҳақда гувоҳномалар берилган»лиги қайд этилмоқда. Бозор бугунги кунда ҳам ўша қарор асосида фаолият кўрсатиб келмоқда. Лекин ўша қарор тўғри чиқарилганми?

Ахир даъвогар Сафаровлар шаҳар ҳокимининг ана шу қарори нотўғри чиқарилгани, 2007 йилги суд қарори нотўғри талқин қилингани устидан мурожаат қилиб юришибди-ку? Чунки Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳам 2014 йилда қарор чиқаришда ФИБ Қарши туманлараро судининг 2007 йил 10 июлдаги қарорини асос қилиб олган.

Нега суд Қарши шаҳри, Ўзбекистон овози кўчаси 2-уй манзилида рўйхатга олинган «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ Жайхун кўчасида жойлашган, фуқаро Сафаровга тегишли бўлган «Эҳтиёт қисмлар (қурилиш материаллари) бозори» ҳудудида ижарада турганини инобатга олмаган.

Шунчаки, фуқаро Э.Сафаровни ҳам МЧЖ таркибидан чиқариб юбориб, ҳам унга тегишли бозор у сафидан чиқариб юборилган МЧЖга ҳеч қандай тўлов ва компенсацияларсиз олиб берилмоқда. Хусусий мулк дахлсизлиги қаерда қолди?

2017 йил 12 сентябрда Олий суднинг суд ҳал қилув қарори нотўғри талқин қилингани ҳақидаги ажрими нима бўлди? Нега Олий суд масаланинг моҳияти нималигига дастлаб эътибор бериб, кейин яна «тўнини тескари кийиб олди»? Бунга қандай ҳодиса сабаб бўлган бўлиши мумкин?

ФИБ Қашқадарё туманлараро судининг 2007 йил 10 июлдаги қарорини қандай тушуниш керак ўзи? Томонлар дастлабки ҳолатга келганда мулк Э.Сафаровга хатлаб берилиши керакми? Шу санагача ижарачи бўлган «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» МЧЖ қандай қилиб мулкнинг эгаси бўлиб қолмоқда?

Кўп гап керак эмас. Таҳририятга мурожаат қилган кишилар мана шу саволларга Олий суддан, шунингдек, Бош прокуратура ҳамда Олий Мажлис Сенатидан аниқ ва тиниқ жавоб кутишмоқда.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,

Kun.uz махсус мухбири

Мавзуга оид