Жаҳон | 17:50 / 23.02.2020
54042
12 дақиқада ўқилади

Музокаралар наф бермаяпти. Сурияда Россия ва Туркия ўртасида тўқнашув рўй берадими?

Россия ва Туркия дипломатлари олиб бораётган музокараларга қарамасдан Сурия шимолидаги вазият кескинлашишда давом этмоқда. Би-би-си вазият назоратдан чиқиши ва кенг кўламли можаро келиб чиқиши эҳтимолини таҳлил қилди.

Фото: AFP

Туркиядаги юқори мартабали амалдорлардан бирининг Блумберг агентлигига маълум қилишича, Анқара АҚШга мамлакат жанубига иккита Patriot батареяси - ҳаво ҳужумига қарши зенит-ракета мажмуасини жойлаштириш бўйича илтимос билан чиққан. АҚШнинг Туркиядаги элчихонаси бу хабар бўйича ҳеч қандай изоҳ бермади.

Patriot мажмуалари Туркияга Суриянинг Идлиб вилоятида кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаш учун керак. Бу ҳудуддаги ҳарбий ҳаракатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, бу ерда авиация ёрдамисиз уруш олиб бориш ҳалокатга етаклайди. Демак, агар Туркия Идлибдаги Асад мухолифатини қўллаб-қувватлаб амалиёт бошласа, қуруқликдаги қўшинларга ёрдам учун F-16 қирувчи самолётларини ҳавога кўтаришга тўғри келади.

Агар F-16 самолётлари Сурия осмонига кирса, уларни нафақат Асад армияси қирувчи самолётлари, балки россияликларнинг ҳарбий самолётлари ҳам қарши олади.

Демак, урушми?
Блумбергда чиққан маълумот тасдиқланган тақдирда ҳам, Patriot мажмуалари Туркияга берилиши осон бўлмайди. Анқара 2019 йилда Россиядан С-400 зенит-ракета мажмуалари сотиб олгач, Вашингтон турк ҳарбийлари билан ҳамкорликни камайтира бошлаган.

Ҳалаб ғарбидаги Атариб шаҳридаги турк ҳарбийлари, 2020 йил 19 февраль
Aref Tammawi / AFP / Scanpix / LETA

Туркия ҳудудида айни вақтда бир неча Patriot мажмуалари бор, аммо улар Америка ҳарбий базасига жойлаштирилган. Би-би-сининг Туркиядаги хизмати маълумотларига кўра, ҳозирда Эрдўған эришиши мумкин бўлган максимум натижа - АҚШ Инжирликдаги Patriot мажмуаларини америкалик ҳарбийлар назоратида Туркиянинг Сурия билан чегара яқинидаги Хатай шаҳри ҳудудига жойлаштириши бўлади. Бу ҳолатда зенит-ракета мажмуалари россияликларнинг ҳарбий самолётларини нишонга олар даражада масофада бўлади.

2019 йил декабрида Сурия ҳукумати армияси Идлибни тўлиқ эгаллаш учун юриш бошлаган, бу амалиётда Асад кучларига россияликлар авиацияси ва Эрон таъсиридаги ҳарбий гуруҳлар кўмаклашмоқда. 2020 йил январь ойининг иккинчи ярмида ҳарбий ҳаракатлар кўлами ортди ва можаро иштирокчиларининг барча томонлари ҳарбий йўқотишларга учрай бошлади, айниқса турк ҳарбийлари кўп қурбон бермоқда.

20 февраль куни ҳам Туркия Идлибда икки нафар ҳарбийси ҳалок бўлганини маълум қилди ва бу билан туркларнинг Сурияда шу ойдаги қурбонлари сони 15 нафарга етди. Бундан бироз аввалроқ Россиянинг Суриядаги душман томонларни яраштириш маркази Су-24 бомбардимончилари гуруҳи Идлибдаги айирмачи кучлар позицияларига зарба бергани ҳақида маълумот тарқатганди. Хабарда мухолифат кучлари турк артиллерияси кўмагида Сурия армиясининг Идлибдаги марраларини ёриб ўтишга ҳаракат қилгани айтилади. Туркиядаги нашрларда айтилишича, турк ҳарбийлари Идлибдаги мухолифат кучларини нафақат артиллерия орқали, балки махсус топшириқли жангчилар бўлинмалари ва танклар ёрдамида ҳам қўллаб-қувватламоқда. 

Бу хабарлар Туркиядаги сиёсатчилар ва ҳарбий қўмондонларни қаттиқ асабийлаштирмоқда.

Идлиб қай даражада муҳим?
Идлиб 2011 йилдан буён Башар Асадга қарши курашиб келаётган Сурия мухолифатининг сўнгги таянчидир.

Идлибдаги кучлар жойлашуви

Идлибга юриш муваффақиятли тугаши Сурия ҳукуматига ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан манфаатлидир. Асад армияси узил-кесил ғалабага эришса, мамлакат транспорт тизимининг қонтомири бўлган М4 ва М5 автомобил трассаларида тўлиқ назорат ўрнатади.

Туркия учун ҳам Идлиб жуда муҳим. Анқара бу ҳудудни ўз таъсиридаги ҳудуд деб ҳисоблайди. 2016 йилдан буён турк ҳарбийлари ва уларнинг Суриядаги айирмачилардан иборат иттифоқдошлари мамлакат шимолида уч марта ҳарбий амалиёт ўтказди, аммо шу вақтгача бу амалиётларнинг ҳеч бири тўғридан-тўғри Асад кучларига қарши қаратилмаганди.

Аммо ҳозирда Идлибда Асад мухолифати бўлинмалари жойлашган, Туркия уларни йиллар мобайнида моддий таъминлаб, ўқитиб, қуроллантириб келмоқда. Агар Эрдўған ҳозир ўз вақтида курд отрядларига қарши курашда ёрдам берган иттифоқчиларини ёлғиз қолдирса, Туркия ичида унинг рейтинги қулаши тайин.

Ички зиддият
Кўплаб экспертларнинг фикрича, Эрдўған ички сиёсатдаги сабабларга кўра Идлибдаги ҳаракатларни кенг кўламли амалиётга айлантириб юбориши мумкин. Туркия иқтисодиётида кичик инқироз юзага келган, ишлаб чиқариш соҳасида пасайиш кузатилмоқда. Инфляция 2018 йилги инқироз вақтидагига нисбатан секинлашган бўлсада, юқорилигича қолмоқда.

Уруш Эрдўғаннинг рейтингини кўтариши мумкин / AFP

Шу билан биргаликда, Эрдўған армия таъминотига ва янги қуроллар сотиб олиш учун катта маблағлар сарфламоқда. Бу харажатларни эса қандайдир йўл билан оқлаш керак бўлади. 

Буларнинг барчаси мамлакат ичкарисида норозилик бошланишига замин ҳозирламоқда. Эрдўғаннинг партияси эса 2019 йилги сайловларда Истанбулда ҳам, Анқарада ҳам мағлуб бўлганди.

Бу фонда ҳарбий амалиёт Эрдўған учун миллатни бирлаштириш ва ҳукуматдаги партия рейтингини ошириш учун яхши имконият бўлади.

Туркия президенти «Идлиб масаласида ечим топиш ва Сурия ҳукумати қўшини чекинтирилиши учун саноқли кунлар қолгани» ҳақида гапирди.

19 февраль куни Эрдўған турк армиясининг Сурия ҳукуматига қарши амалиёти «муқаррар» эканини айтди.

«Идлибда ҳарбий амалиёт бошланиши - вақт масаласи», - деди Эрдўған ва Сурия ҳукуматига сўнгги огоҳлантириш берилаётганини таъкидлади.

Шу билан бир вақтда, Анқара Москва билан муносабатларда ўзини тийиб турибди. Туркия Мудофаа вазирлиги Идлибдаги вазият бўйича Россияга эътироз йўқлигини билдирди. Вазирлик Туркиянинг бу масаладаги барча эътирози Башар Асад режимига қаратилганини маълум қилди.

Россия суриялик ҳарбийларни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

«Йўқотишлар улкан бўлади»
ИШИД батамом мағлуб этилгач, асосий эътиборини ўз ҳудудини тиклашга қаратган Сурия ҳукумати армияси шимолдаги ерларни эгаллай бошлади ва катта муваффақиятларга эришди. 

2018 йил сентябрида Сочидаги келишувга кўра Сурия шимолидаги мухолиф кучлар ва бошқа гуруҳлар учун фақат Идлибдаги қуролли ҳаракатлардан холи ҳудуд қолдирилди. Келишувга кўра Туркия бу ҳудуддаги кучлар фронт чизиғидан ўтмаслиги, шунингдек, магистрал йўллар тўлиғича Асад кучлари назоратига ўтишини таъминлаши, Россия эса Сурия ҳукумати Идлибга бостириб кирмаслигини таъминлаши керак эди. Аммо томонлар бу шартларга амал қилишмади.

Идлибда айни вақтда мухолиф кучлар отрядлари, бошқа жангари гуруҳлардан ташқари мамлакатнинг турли қисмларидан келган, Асад ҳукуматига бўйсуниб яшашни истамаган қочқинлар тўпланган - уларнинг сони 3,5 миллион киши атрофида.

Идлибдаги Дейр-Ҳассан қочқинлар лагери, 5 февраль кунги ҳолат
16 февраль кунги ҳолатда лагерда палаткалар тиғизлашгани яққол кўринади

БМТ маълумотларига кўра, Идлибда ҳарбий ҳаракатлар қайта бошлангач бу ердаги маҳаллий аҳоли вакилларининг 900 мингга яқини ўз бошпаналарини тарк этиб, шимолга, Туркия билан чегаралар яқинига кўчган, уларнинг орасида ярим миллионга яқин болалар бор.

Лагерларга жойлаштирилган қочқинлар қор, кучли шамол, ёмғир ва қишки бўронларга рўбару келишган / Reuters

1 январь кунидан буён гуманитар ташкилотлар қуролли ҳаракатлар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 299 нафари ҳалок бўлганини қайд этган. Кимдир авиазарбалар қурбонига айланган, кимдир саҳро ҳудудида ёки тўлиб-тошган қочқинлар лагерида бошпана тополмасдан совуқдан музлаб ҳалок бўлган. Муаммо шундаки, ҳозирда ҳарбий ҳаракатлар Идлибда аҳоли зич яшайдиган ҳудудлар томон яқинлашиб келмоқда.

БМТ бош котиби ўринбосари Марк Лоукок ҳарбий ҳаракатлар бу ҳудудларга етиб келса, қочқинлар орасидаги қурбонлар сони ҳаддан зиёд кўп бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

«Оилалар Суриянинг у бурчагидан бу бурчагига қочиб яшашга мажбур бўлмоқда. Лекин кўпчилик одам барибир бомбалар остида ҳалок бўлиши мумкин», - деган журналистларга БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Башелет.

Мухолифат назоратида бўлган Атариб шаҳри Асад армияси авиацияси томонидан мунтазам бомбардимон қилинмоқда / AFP

Мухолифат қўлида бўлган, масалан, Атариб шаҳрида бомбардимон қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Сўнгги кунларда авиазарбалар оқибатида 10та шифохона ва 19та мактаб, шунингдек, қочқинлар лагерлари зарар кўрган.

«Шифохоналарга, бошқа тиббиёт муассасаларига ва мактабларга қилинаётган кўп сонли ҳужумлар тасодифий эмаслиги аниқ», - дея қайд этган Башелет.

Ўтган ҳафта давомида Саракибдан шимоли-ғарбда жойлашган Сармин шаҳри ҳам бомбардимон қилинди / AFP

Эрдўған Россия ва Асад армиясини тинч аҳолига ҳужум қилишда айбламоқда. Россия Мудофаа вазирлиги бундай айбловларни рад этган.

Буёғига нима бўлади?
Ҳозирда воқеалар ривожи қандай кечишини тахмин қилиш қийин. Москва ва Анқаранинг инқироздан чиқиш бўйича музокаралари ҳозирча муваффақият келтирмаяпти, музокараларнинг уч раундидан кейин ҳам деярли келишувга эришилмади.

«Аммо бу ҳали томонлар зиддиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилмоқчи, дегани эмас. Бундан аввал вазият кескинлашган вақтларда масалани Путин ва Эрдўған ўзаро учрашувда қўл режими орқали ҳал қилишни афзал кўришган эди… Афтидан, бу сафар ҳам сўнгги сўзни шу икки президент айтади» - дея қайд этган Москвадаги Карнеги маркази эксперти Алексей Хлебников.

Туркия ТИВ ҳам шундай вариантга ишора қилмоқда. У ердагилар, агар яқин кунларда дипломатлар Идлиб инқирози масаласида якуний келишувга эриша олишмаса, Путин ва Эрдўған яна бир марта учрашиши мумкинлигини истисно этмаган.

2018 йил, Сочи келишуви / AFP

Эҳтимол, Москва ва Анқара Идлибда вақтинча ўт очишни тўхтатиш режими бўйича келишувга эришар, деб ҳисоблайди Би-би-сининг Туркия хизмати таҳлилчиси Ирем Кокер.

«Бу томонларга барчани қаноатлантирадиган шартлар бўйича келишиб олишга имкон ва вақт беради. Томонлар нафақат Суриядаги масала бўйича, балки Ливия, курдлар ҳамда иқтисодий лойиҳалар бўйича ҳам келишиб олиши мумкин», - дея қайд этган журналист.

Бундай сулҳга эришиш учун зарур шартлар мавжуд. Москва ва Дамашқ учун Идлиб шаҳри эмас, биринчи навбатда М4 ва М5 трассалари муҳим.

М5 трассаси бутун Сурия бўйлаб ўтади. У шимолда Ҳалаб шаҳрини Хама, Хомс ва Дамашқ шаҳарлари билан боғлайди ва жанубда Дера провинцияси ва Иордания чегарасигача боради. Йўл ҳарбийларга асбоб-ускуналар ва таъминотни тезда етказиб беришга имкон беради. 2012 йилдан бери автомагистрал қуролли мухолифат назорати остида қолмоқда.

Анқара эса назоратидаги ҳудудларнинг бир қисмини топшириб, эвазига Идлиб шаҳри яқинидаги ва Сурия-Туркия чегараси яқинидаги позицияларини кучайтириб олиши мумкин.

Ирем Кокернинг ҳисоблашича, буларнинг ҳеч бири келажакда Сурия шимолида Россия ва Туркиянинг ҳарбий тўқнашуви ва эҳтимолий эскалацияни истисно этолмайди. Лекин айни дамда воқеалар бундай тус олиши эҳтимоли юқори эмас.

Идлибдаги мухолифат гуруҳлари орасида энг кучлиси «Hayat Tahrir al-Sham» / AFP

Сўнгги хабарларга кўра, 5 март куни Истанбулда Идлибдаги вазиятни тартибга солиш бўйича 4 давлат етакчилари - Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Германия канцлери Ангела Меркель, РФ президенти Владимир Путин ва Франция раҳбари Эммануэль Макрон иштирокида саммит бўлиб ўтади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид